Ҳузайфа розияллоҳу анҳу(р.а)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Чақимчи жаннатга кирмайди”. (имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Орангиздаги энг ёмон киши кимлигини биласизларми? Cаҳобалар Аллоҳ ва унинг Росули билгувчироқ деб жавоб беришди. Ул зот: Сизларнинг энг ёмонингиз иккиюзламачи кишидир. У бир жамоага бир юз билан ва бошқасига бошқа бир юз билан боради”. Муҳаддис олимлар хадисда иккиюзламачи дейилган кишини қуйидагича таърифлашади:
Масалан иккиюзламачи одам Умарнинг олдига бориб Усмоннинг номидан уни ёмонлайди, Усмоннинг олдига бориб Умарнинг номидан уни ёмонлайди. Бу мақолани ўқиётган ўқувчи аввало ўзининг кимлигига ва атрофидаги дўстларини қанақалигига бир аҳамият берсин!
Чақимчилик – бир инсоннинг гапини бошқа бир инсонга уларнинг ўртасида адоват ва ғазаб келтириб чиқариш учун айтиш. Чақимчилик бу муқаддас Ислом дийнимизда катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Чунки чақимчилик мусулмонлар орасига, жамиятга ва қариндош уруғчилик ришталарига раҳна солувчи иллатлардан биридир. Муқаддас китобимиз Қуръони Каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадиси Шарифларида ҳам чақимчилик катта гуноҳлардан бири экани зикр қилинади.
Яна бир хадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мендан эмас хасадгўй, чақимчи, коҳин. Ва мен ҳам улардан эмасман” деганлар (имом Табароний ривояти). Хадиси шарифнинг маъносига эътибор берсак юқоридаги уч тоифадан Аллоҳ Таолонинг энг суюкли Пайғамбари юз ўгирмоқда, қиёмат куни мусулмонларни шафоат қилувчи зот улардан қаттиқ ғазабланмоқда. Бу уч гуноҳкор тоифа Аллоҳнинг мағфиратидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатидан маҳрум бўлмоқда. Сиз мусулмон бўла туриб Аллоҳнинг ва Росулуллоҳнинг ғазабига дучор бўлишни хохлайсизми?!
Марҳамат Аллоҳ Таоло сизга ихтиёр бериб қўйган хасад қилишда, чақимчиликда ва коҳин(фолбин)лик қилишда давом этинг. Йўқ мен Аллоҳнинг мағфиратига муҳтожман, қиёмат кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатига эга бўлмоқчиман деса, ҳозироқ хасад, чақимчилик, коҳин(фолбин)лик қилиб дийнга ва жамиятга зарар беришни тўхтатсин. Аллоҳ Таоло барчамизни бу ёмон иллатлардан узоқ қилсин.
Ҳабибуллоҳ Абдураззоқов,
"Ҳазрати Имом" жоме масжиди имом ноиби
Шу йил 12 июль бош имом-хатиб Мусохон домла Аббосиддинов раислигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигида ҳудуддаги имом-хатиблар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хотамов Жамшид иштирок этди.
Йиғилишда 2025 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар муҳокама этилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар келишиб олинди.
Йиғилишда имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўз устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳадаги эҳтиёжларини таъминлаш учун тинимсиз изланиб, хизмат қилишлари зарур экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, имомлар ҳудудлардаги маҳаллалар билан мунтазам алоқада бўлиб, ҳожилар билан бирга ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларнинг олдини олиш, кексаларни ҳурмат қилиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш, юрт тинчлиги ва осойишталиги учун барча бирдек масъуллиги кабиларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Норин тумани бош имом-хатиби ва “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Камолиддин домла Ҳамроқулов вазифасидан озод этилиб, тумандаги “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-ноиби лавозимига ўтказилди. Норин тумани бош имом-хатиби ва “Ҳаққулобод” жоме масжиди имом-хатиби лавозимига Зикрулло домла Умурзоқов тайинланди.
Шунингдек, Уйчи туманидаги “Худойберди эшон” жоме масжиди имом-хатиби Олимхон домла Исақов, Тўрақўрғон туманидаги “Исфаҳон” жоме масжиди имом-хатиби Муҳибулло домла Худойбердиев ва Янгиқўрғон туманидаги “Бешбулоқ” жоме масжиди имом-хатиби Акмалхон домла Саппановларга туман бош имом-хатиби лавозими юклатилди.
Йиғилиш якунида Наманган вилоятида узоқ йиллардан бери хизмат қилиб келаётган, бугунги кунда нафақа ёшига етган бир гуруҳ имом-хатиб ва имом-ноибларга вакиллик томонидан ташаккурнома ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати