Инсоннинг зиммасида ўз биродарига нисбаттан бажариши лозим бўлган бир неча масъулиятлари бор. Бу масъулиятни ҳамма ҳам ҳис қилиб бажаравермайди. Инсоннинг буюклиги ва азизлиги ўз биродари олдидаги масъулиятини бажариши билан белгиланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида: «Аллоҳ наздида дўстларнинг энг яхшиси, ўз дўстига яхшилик қиладиганидир», деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ривояти)
Ўз дўсти ва ён атрофидаги биродарларининг ҳаққини тўла тўкис адо қилган инсон бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳисобланадилар. У зот ҳар доим уларга табассум, очиқ чеҳра билан қарар эдилар. Бошқалар у кишига бемалол мурожат қилиши ва дардини айтиши учун ўзларини улар билан яқин тутар эдилар. Ҳеч ҳам бировга қўпол момилада бўлиб, дағаллик қилмас эдилар. Бақир чақир қилиб юрмас эдилар. Оғизларидан ҳеч ҳам уят сўз чиқмаган. Баъзи инжиқ одамлардек ҳамма нарсадан айб қидирмас эдилар. Ҳеч қачон бировни таҳқирламас, жеркимас ва айбламас эдилар. Бировни камчилиги ва сирларини билишга қизиқмас эдилар. Фақатгина савобли фойдали сўзларни гапирар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини саҳобалар билан худди дўстдай тутар эдилар. Уларга қаттиққўллик билан муомалада бўлмас эдилар. Уларни ўзларидан нафратлантирмас эдилар. Улардан ҳол аҳвол сўраб илиқ муносабатда бўлар эдилар.
Агар бирга ўтириб қолишса, ҳар бирининг ҳурматини жойига қўйиб, эҳтиром кўрсатар эдилар. Агар бирор киши ҳожати чиқиб бирор нарса сўраб келса, ёнларида бўлса, унинг сўраганини бериб ҳожатини чиқарар эдилар. Агар у сўраб келган нарсани топа олмасалар, ширин сўз билан кўнглини кўтарар эдилар. У зотнинг сахийликлари ва самимийликларидан ҳамма баҳраманд бўларди. Аллоҳ «Оли Имрон» сурасининг 159 оятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламамнинг мулойим, меҳрибонликларини мақтаб марҳамат қилиб айтади: «Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар».
Тавба сурасининг 128 оятида эса: «Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди», деб марҳамат қилган.
Саҳобаларга таълим тарбия беришлари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига таълим тарбия борасида ҳам алоҳида вақт ажратиб уларни илмли ва инсонларга манфаъати тегадиган қилиб тарбиялар эдилар. У зотнинг ўзлари бу борада : «Мен сизларга таълим тарбия бериш борасида ота ўрнидаман», деганлар. (Имом Аҳмад ривоятлари)
Агар саҳобаларидан бирортаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини яхши тушунмаганини сезиб қолсалар, унга ўша масалани қайта тушунтириб берар эдилар. Тушунтиришдан ҳеч ҳам малолланмас эдилар. Шуннг учун намозини хато ўқиган кишига намозни таълимини бергач ҳалиги саҳобий: «Аллоҳга қасамки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўро ҳалимроқ ва яхши муаллимни учратмаганман», деган экан.
Саҳобалари билан маслаҳатлашишлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларидан бири, бу у зотнинг бир ишни қилмоқчи бўлсалар, саҳобаларидан ўша иш хусусида маслаҳат сўрашлари эди. Аллоҳ « Оли имрон » сурасининг 159 оятида у зотни шу ишга буюриб: « Улар билан кенгашиб иш қилинг», деб марҳамат қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу : «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек ўз саҳобалари билан бир иш борасида кўп маслаҳатлашган одамни кўрмадим», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи зодагонлардек инсонларни табақага ажратиб, фақатгина ўз табақасидаги бойлар билан ўтириш керак, деган тушунча нотоғри эканлигини ўз ҳаётларида амалий кўрсатиб бердилар. У зот камбағаллар билан бирга ўтириб, уларни эҳтиром қилар эдилар. Уйларидаги овқатни аҳли суффадаги камбағаллар билан бирга баҳам кўрар эдилар.
У зот ён атрофларидаги барча саҳобаларга эътиборли эдилар. Агар бирорта саҳобаларини жамоатда кўрмай қолсалар, у ҳақида сўраб суриштирар, агар касал бўлиб қолган бўлса, уни кўргани борар эдилар.
Агар у зотнинг хислатларини гапирадиган бўлсак қалам сиёҳи тугаши мумкину, лекин у зотнинг хислатлари тугамайди. Шу ерда хулоса қилиб шуни айтамизки, ҳар бир инсон корхонадаги ҳамкасби, ёнидаги дўсти, маҳалласидаги қўшниси, уйидаги аёли ва бола чақасига эътиборли бўлса, улар олдидаги ўз вазифаларини масъулятни ҳис қилган ҳолда бажарса, у инсон ўзидаги, оиласидаги ва бутун жамиятдаги муаммоларни осонлик билан ечиб, жамиятимизни гуллаб яшнашига хизмат қилган бўлади. Ахир бежизга Атоқли файласуф Шебол : "Муҳаммад(алайҳиссалом)нинг одам боласи бўлгани бутун инсониятга катта фахрдир. Чунки, у зот уммий(ўқиш-ёзишни билмаган) бўлса-да, ўн тўрт аср аввал шундай қонун ва асосларни келтирдики, биз оврупаликлар икки минг санадан кейин уларнинг қиймати ва ҳақиқатини англаб етсак, энг бахтли, энг саодатли насллар бўламиз", демаган.
Нурмуҳаммедова Васила
Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.
28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.
Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.
– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.
Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.
– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.
Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.
2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.
Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.
Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.
– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.
Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.
Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.
Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.
Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати