Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Ё Расулуллоҳ! Сиз биз билан ҳазил-мутойиба қиласиз», -дейишди.«Мен ҳаққдан бошқани гапирмайман», - дедилар». (Имом Бухорий ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг пайғамбари, хотамул анбиё бўлишлари билан бирга оддий банда ҳам эдилар. Бошқалар каби одамлар билан суҳбатлашар, ҳазил-мутойиба қилар эдилар. Аммо ҳазиллари рост бўлган, зеро ҳазил қилганда ҳам ёлғон гапиришликка ижозат йўқдир. Ҳозирда баъзи кишилар ёлғонни роса гапиришадида, ортидан ҳазиллашдим деб қўшиб қўяди. Бу мутлақо мумкин эмас!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазил қилишлари доим ҳам бўлмаган ва ҳар кимга ҳам ҳазил қилавермаганлар. Мен ҳазилкаш кишиман деб рост гап билан бўлсада доим ҳазил қилавериш кишини виқорини йўқотади ва бошқа кўнгилсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Қуйида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг қай ўринларда ҳазил қилганларини баъзи мисоллар орқали танишиб чиқамиз:
Ёш болаларга ҳазил қилганлари:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул зотни бир кун «Эй икки қулоғлик» деб чақирибдилар. (Имом Термизий ривоят қилган).
Маълумки Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу 10 ёшларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг ёш болаликларини эътиборидан шундай ҳазил қилганлар ва албатта сўзлари ҳақ сўздир.
Заиф кишиларга ҳазил қилганлари:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига улов сўраб келди. Шунда у зот: «Бўпти, сени туянинг боласига миндириб қўямиз», - дедилар. «Туянинг боласини нима қиламан?» - деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб: «Ахир туя ҳам туянинг боласи бўладими?» -дедилар». (Имом Бухорий ривоят қилган).
Бир кишидан бирор бир нарса сўраб борган киши албатта ҳижолат бўлади, ўзини заиф деб ҳис қилади. Сўралувчи киши яхши муомала қилса, ўзига яқин олиб бироз ҳазил қилса сўровчининг кўнгли кўтарилади албатта. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай кишиларга баъзида ҳазил қилган эканлар ва албатта сўзлари ҳақ сўздир.
Аёлларга ҳазил қилганлари:
Халқимизда «Аёл киши ширин сўзнинг гадосидир» деган нақл бор. Бу албатта бежиз эмас, аёллар нозик табиатли, бир оғиз ширин сўздан бахтиёр бўладиган, салгина қўпол ҳаракат, гап-сўздан кўнгиллари бузиладиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллар билан қилган муомалари ҳам бизга гўзал намунадир. У зот алайҳиссалом баъзи вақтларда аёлларга ҳазил қилар эдилар. Булардан бир кампир жаннатга киришини сўраб дуо қилишларини сўраганида «жаннатга кампирлар кирмайди» деганлари ёки оналаримиз ва бошқа баъзи аёлларни шишага ўхшатиб туяларни ҳайдаб юрувчи кишига «Оҳиста бўл, Шишаларга сарбон бўлганингда» деганларини мисол келтиришимиз мумкин.
Биринчи ҳолатда кампир киши аёл экани, заифа экани эътиборидан ҳазил қилганлар. Кейин «Жаннатга кампирлар кирмайди» деганларини изоҳлаб ёш ҳолда кирилишини айтиб, оятдан далил ҳам келтирадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли аёллари ила ҳазиллашиб туришликлари бошқа ўринларда ҳам бўлган. Шариатимизда аҳли аёли, фарзандлари ила кўнгилхушлик қилиш, уларни кўнглини кўтариш учун ҳазил қилишга рухсат бор. Албатта ҳазил рост бўлишлиги, меъёрида бўлишли шарти билан.
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади.
Савол: Оилалиман, 2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим эҳтиёжларим, касал бўлсам дори-дармоним учун пул бермайдилар. Болаларимизни эҳтиёжлари учун бериб турадилар, холос. Ўзим ишлайман, “ишлаб топган пулингни ҳаммасини менга беришинг керак, чунки Хадича онамиз ҳам ҳамма пулларини Расулимиз алайҳиссаломга берганлар” дейдилар доим. Эътироз билдирсам, “менга итоатсизлик қиляпсан” дейдилар.
Яқинда шу масалада жанжаллашиб қолганимиздан кейин пулимни ярмини олиб, ўзимда қолган ярмини рўзғорга ишлатишимга мажбурлаяптилар. Бизнинг вазиятимизга шариатда қандай изоҳ берилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло оилада эркакни раҳбар этиб тайинлаб, унинг зиммасига қўл остидагиларнинг: аёли ва фарзандларининг нафақасини юклаб қўйган. Аёлнинг топаётган пулида на эрнинг ва на қайнонанинг ҳақи бор, уни зулм қилиб олиб қўйишга мутлақо ҳақи йўқ. Агар ўзи рози бўлиб берса, олиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Хадийжа розияллоҳу анҳо онамиз бутун молу жонини Сарвари олам бўлган турмуш ўртоқларига инъом этганлар, яъни ўз ихтиёрлари билан берганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тортиб ёки талаб қилиб олиб қўймаганлар. Нафақат Хадийжа онамиз, балки у зотнинг атрофидаги барча саҳобалар у зотни жонларидан ортиқ яхши кўрганлар ва борини беришга шай турганлар.
Шариатимиз ҳар бир шахсга молиявий мустақиллик берган. Эр топган пулини ўзи истагандай сарфлаши ва бунга на аёли ва на бошқа одамлар тўсқинлик қилишга ҳақи йўқ бўлгани каби, аёлнинг ҳам шахсий маблағидаги тасарруфи ўз қўлида бўлади. Фақатгина фойда-зарарни билмайдиган ақли заиф тоифаларгина бундан мустасно. Уларнинг тасарруфини валийлари олиб боради.
Аммо юқоридаги гаплардан аёл топганини ҳеч кимга бермаслиги, фақат ўзи ишлатиши керак экан, деган хулоса чиқмайди. Ўз ихтиёри билан эрига, фарзандларига ёки бошқаларга ҳадя қилиши мумкин ва бу учун албатта, ажр олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эримга садақа қилсам бўладими?” – деб сўраган ва у зот алайҳиссалом: “Ҳа”, деб жавоб берганлар. Яъни саҳобия аёллар эрларига садақа, ҳадя қилиб турганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўртада муҳаббат пайдо бўлади”, деб айтмаганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оила эр-хотин ўзаро бир-бирларини тушунишлари, ҳурмат қилишлари ва ўз бурчларини муҳаббат билан адо этишлари лозим. Ана шунда оилавий ҳаёт саодатли давом этади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.