Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Июл, 2026   |   17 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:42
Қуёш
05:12
Пешин
12:34
Аср
17:33
Шом
19:45
Хуфтон
21:12
Bismillah
31 Июл, 2026, 17 Сафар, 1448

Саломатлик – туман бойлик

11.11.2016   31440   4 min.
Саломатлик – туман бойлик

Инсонларнинг соғлом, тана аъзолари бут яратилгани ҳам Парвардигорнинг уларга ато этган неъматларидандир. Инсонлар барча нарсада бўлгани каби касалликдан тезроқ тузалишда, дардларига шифо излашда ҳамиша Аллоҳ таолога муҳтождирлар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, албатта, Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир”.

Ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳим, соғлиқдан кўра кўпроқ эътибор бериладиган нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун кишилар хасталиклардан сақланиш, саломатликларини асраш ва мустаҳкамлаш учун куч-ғайрат, маблағ ва вақтни аяшмайди. Бунда турли муолажа усуллари, спорт ва бадантарбия машқларидан ҳам, Аллоҳ яратиб қўйган турли шифобахш неъматларни истеъмол қилишдан ҳам, тез-тез шифокор ва табиблар қабулида бўлиб, улардан маслаҳат ва тавсия олиб туришдан ҳам эринишмайди.

Булар бежизга эмас. Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга аввало соғлик керак. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан дуо ўргатишни сўраганларида, Пайғамбаримиз: “Аллоҳдан афв ва офият тилагин. Зеро, У ҳеч кимга қатъий имон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзалроқ неъмат ато этмаган”, деган эканлар. Офият бу – танимиз соғлиги, ризқимиз мўллиги ва турли хавф-хатарлардан омонликдир.

Лекин саломатлик, бойлик ва офиятнинг қадри кўпинча улар ўртадан кўтарилгандан сўнг билинади. Ўз вақтида сиҳат-саломатлигимизнинг қадрига етиб хайрли амаллар қила олмаймиз, ибодатларимизни мукаммал қила олмаймиз. Бойлик келган вақтда унинг шукрини адо қилиш ўрнига, кибр ва манманлик отига минамиз. Набий (алайҳиссалом) айтганларидек: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”. Шунингдек, кўплаб ҳадисларда ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлиги алоҳида таъкидланган.

Зеро, тананинг соғлом бўлиши ва уни турли касалликлардан сақлаш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади. Ҳозирги кунда қанчалик дори-дармонлар кўпаймасин, тиббий муассаса сифати, шифокорлар савияси, тиббий техника яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги ҳақида қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди.

Инсон учун бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Шунинг учун ҳам инсон ўз соғлигини эҳтиёт қилиши вожиб амаллардан ҳисобланади.

Доно халқимиз “Соғлик – туман бойлик” деб бежиз айтмаган. Ақл-идрок соҳиби бўлган инсон ўз ҳаётини қадрлаши лозим бўлади.

Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлик ҳақида қанчалик қайғуришмасин, бу йўлда нечоғли фидокорлик кўрсатишмасин, ҳар вақт, ҳар қачон  батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ. Бирорта одам ўзини ҳар жиҳатдан “соппа-соғман” деб ҳисоблай олмайди, “менинг ҳеч қандай касалим йўқ”, дея баралла айта олмайди.

Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтадилар: “Аллоҳ кимгаки яхшиликни истаса, унга мусибат беради”. Яна бир ривоятда: “Мўминга нимаики касаллик, машаққат, ташвиш, қайғу ва озор етса, ҳатто унга тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ шу сабабли унинг гуноҳларини ўчиради (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ривоятлардан бизларга етадиган касалликлар мутлақ зарар эмас, балки фойдамизга бўлиши очиқ-ойдиндир. Чунки касаллик туфайли мусулмон киши ўзининг ожизу нотавон бир банда эканлиги, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг иноятига муҳтож экани ёдига тушади. Аллоҳга илтижо қилиб, шифо ва енгиллик сўрайди. Сабр қилади. Натижада кўп яхшиликларга эришади. Шундай экан бирор касалликка чалинган кишилар ранжимасдан, жазавага тушмасдан буни Аллоҳнинг синови ва неъмати деб билишлари мақсадга мувофиқдир.

 

 

 

 

            Фурқат ЖУМАЕВ,

                     Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме

масжиди имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Илк магистрлар иш билан таъминланиб, илмий тадқиқотни давом эттириш имкониятига эга бўлди

27.07.2026   13772   1 min.
Илк магистрлар иш билан таъминланиб, илмий тадқиқотни давом эттириш имкониятига эга бўлди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари битирувчиларининг барчаси иш билан таъминланади ҳамда илмий тадқиқотларини давом эттиришни истаганларга ҳам муносиб имкониятлар берилади.

Шу анаънага мувофиқ, Тошкент ислом институтининг илк магистратура босқичини тамомлаган 10 нафар битирувчининг барчаси юз фоиз иш билан таъминланди ва илмий ишларини давом эттиришлари учун турли таклифлар билдирилди.

Хусусан, битирувчилар Фатво маркази, Диний идоранинг ҳудудлардаги марказий вакилликлари ва илмий-тадқиқот марказларида мутахассис, шунингдек, олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида ўқитувчи сифатида фаолият бошлайди.

Ушбу иқтидорли магистрлар келгусида илмий фаолиятларини ҳам давом эттиради. Хусусан, умумий ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлган 3 нафар магистр Тошкент ислом институтида очилиши режа қилинган докторантура босқичига имтиёзли қабул қилиниши айтилди. Шунингдек, илк магистрларни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг докторантура таълим босқичига мақсадли қабул қилиш таклифи ҳам билдирилди.  

Таъкидлаш жоизки, рақамли технологиялар, хорижий тиллар ва чуқур диний-илмий билимга эга ушбу юқори малакали кадрлар соҳа ривожи ва аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшади, иншо Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари