بسم الله الرحمن الرحيم
Ҳурматли жамоат! Аллоҳ таоло бандаларини саодатга эриштирадиган барча йўлларни кўрсатиб, бизларни ўша ишларни қилишга қизиқтириб қўйди. Жумладан, Моида сурасининг 48 – оятида шундай марҳамат қилади:
فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ إِلَى اللَّهِ مَرْجِعُكُمْ جَمِيعًا
яъни, «Хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз! Ҳаммангизнинг қайтадиган жойингиз Аллоҳнинг ҳузуридир».
Савоб (араб. - яхшилик, эзгулик) – эътиқодимизга кўра, Аллоҳнинг марҳаматига лойиқ иш ва шундай иш учун Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлиш. Инсоннинг хатти-ҳаракати ва фаолияти яхшилик ва ёмонликдан иборат бўлиб, бу динимизда савоб ва гуноҳ деб аталади. Динимиз кўрсатмаларини бажариш, инсон манфаати йўлида фаолият кўрсатиш кабилар савоб амаллар ҳисобланиб, инсоннинг номаи амолига икки фаришта воситаси билан ёзиб борилади. Охиратда инсонларнинг савоб ва гуноҳлари тарозида тортилиб, натижалар Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола этилади
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни хайрли ишларни қилишга қизиқтирар ва бу борада ўзлари уларга намуна эдилар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي سِرْوَعَةَ عُقْبَةَ بْنِ الْحَارِثِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّيْتُ وَرَاءَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بِالْمَدِينَةِ الْعَصْرَ، فَسَلَّمَ ثُمَّ قَامَ مُسْرِعًا فَتَخَطَّى رِقَابَ النَّاسِ إِلَى بَعْضِ حُجَرِ نِسَائِهِ، فَفَزِعَ النَّاسُ مِنْ سُرْعَتِهِ، فَخَرَجَ عَلَيْهِمْ، فَرَأَى أَنَّهُمْ قَدْ عَجِبُوا مِنْ سُرْعَتِهِ، قَالَ: «ذَكَرْتُ شَيْئًا مِنْ تِبْرٍ عِنْدَنَا، فَكَرِهْتُ أَنْ يَحْبِسَنِي، فَأَمَرْتُ بِقِسْمَتِهِ». (رواه الامام البخاري
яъни, Абу Сирваъа Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам орқаларида аср намозини ўқидим. У зот салом бердилар-да, одамлар елкасини оралаб, завжалари хонасига тезлик билан туриб кетдилар. Одамлар у зотнинг шошилганларидан хавфга тушишди. У зот (ҳужраи саодатдан) чиқиб, одамларнинг таажжубга тушганларини кўриб, «Ҳузуримизда тилла борлиги эсимга тушиб қолди, у мени чалғитишини ёқтирмаганим учун, уни тақсимлаб юборишга амр қилиб чиқдим», дедилар». (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда бу ҳолатни кўрган ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобалар ҳам бу борада ўзаро мусобақалашишар эдилар.
Имом Аҳмад ўзларининг Муснад китобларида буюк саҳобий Абу Даҳдаҳнинг яхшиликка шошилиши ва савоб ишларни қилишга бўлган ҳирсини қуйидагича ривоят қиладилар:
لَمَّا نَزَلَ قَوْلُ اللهِ تَعَالَى: )مَنْ ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ أَضْعَافًا كَثِيرَةً ( (البقرة: 245) قَالَ أبُو الدَّحْدَاح لِلرَّسُولِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : وإنّ اللهَ لَيُرِيدُ مِنَّا الْقَرْضَ؟ قَالَ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ: «نعم يَا أبَا الدَّحْدَاح»، قال: أرِنِي يَدَكَ يَا رَسُولَ اللهِ، فَنَاوَلَهُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَدَهُ، فَقَالَ أبُو الدَّحْدَاح: إنِّي قَدْ أقْرَضْتُ رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ حَائِطِي (وكان فيه 600 نخلة) وَأُمُّ الدَّحْدَاح فِيهِ وَعِيَالُهَا، فَنَادَاهَا: يَا أُمَّ الدَّحْدَاح، قَالَتْ: لَبَّيْكَ، قَالَ: اخْرُجِي مِنَ الْحَائِطِ فَقَدْ أقْرَضْتُهُ رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ. وفي رواية: أن امرأته لما سمعته يناديها عمدت إلى صبيانها تخرج التمر من أفواههم، وتنفض ما في أكمامهم. تريد بفعلها هذا الأجر كاملاً غير منقوص من الله. لذلك كانت النتيجة لهذه المسارعة أن قال النبي صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "كم من عقٍ رداح (أي: مثمر وممتلئ) في الجنة لأبي الدحداح"
яъни, «Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳга чиройли қарз берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши борми?», деган ояти нозил бўлганда, Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аллоҳ биздан унга қарз беришимизни истаяптими?», деди. У зот: «Ҳа эй Абу Даҳдаҳ», дедилар. Шунда Абу Даҳдаҳ пайғамбаримизга: «Ё Расулуллоҳ! Менга қўлингизни кўрсатинг», деди. У зот қўлларини унга узатдилар. Абу Даҳдаҳ (у зотнинг қўлларидан ушлаб): «Мен мана шу (600 туб хурмоси бор) боғимни Аллоҳга қарзга бердим», деб боғини садақа қилиб юборди. Ўша пайт аёли ва болалари хурмозорда эди. Аёлини чақирган эди, аёли «Лаббай Даҳдаҳнинг отаси», деди. Аёлига: «Боғдан чиқ. Мен бу боғни Раббимга қарзга бердим», деб нидо қилди».
Бошқа бир ривоятда: «Эрининг бу сўзини эшитгач, Умму Даҳдаҳ, болаларининг қўлидаги ва оғзидаги еб турган хурмосини олиб қўйди. Бу иши билан ажрга нуқсон етмасин демоқчи бўлди. Натижада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Даҳдаҳ учун жаннатда мевалардан тўлиб тошган боғ барпо қилинди», дедилар», дейилган.
Шунинг учун Аллоҳ таоло яхшилик амалларни қилишга шошилувчиларни солиҳ инсонлар, деб атади. Бу ҳақда Оли Имрон сурасининг 114 – оятида шундай марҳамат қилган:
وَيُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَأُولَئِكَ مِنَ الصَّالِحِينَ
яъни, «(Улар) хайрли ишлар сари шошиладилар. Айнан ана ўшалар солиҳ кишилардандир».
Солиҳ инсонларга эса жаннатда улуғ мукофотлар тайёрлаб қўйилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:
وعَنْ أَبي هُريْرةَ رضِيَ اللَّه عنْهُ قَال: قَال رسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «قَال اللَّه تَعالَى: أَعْددْتُ لعِبادِيَ الصَّالحِينَ مَا لاَ عيْنٌ رَأَتْ، ولاَ أُذُنٌ سَمِعتْ ولاَ خَطَرَ علَى قَلْبِ بَشَرٍ، واقْرؤُوا إِنْ شِئتُمْ: فَلا تَعْلَمُ نَفْسٌ ما أُخْفِيَ لَهُمْ مِنْ قُرَّةِ أَعْيُنٍ جزَاءً بِما كَانُوا يعْملُونَ ( السجدة: 17).(مُتَّفَقٌ عَلَيهِ).
яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: «Солиҳ бандаларимга жаннатда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ва инсонни хаёлига келмаган неъматларни тайёрлаб қўйдим».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар хоҳласангиз Қуръондаги: «Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас» оятини ўқинг», дедилар.
Агар ҳадисга эътибор берадиган бўлсак, ушбу неъматлар фақатгина солиҳ бандаларига берилиши таъкидлаб ўтилмоқда. Оятда эса хайрли амалларни қилишга шошилувчиларни солиҳ зотлар дейилди. Демак ҳар бир мўмин солиҳ бўлиши ва солиҳлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат неъматларига эришиши учун хайрли амалларни қилишга шошилиши лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактабларида тарбияланган саҳобалар буни яхши англаб етган эдилар. Шунинг учун савоб амалларни қилиш борасида ўзаро мусобақалашишардилар.
Агар биродарларидан орқада қолишса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб ўзиб кетиш йўлларини сўраб олардилар.
Азизлар! Хайрли ва савоб амалларни қилишга интилган саҳобаларнинг ҳирсини қаранг. Улар уй қуриш, машина олиш ёки бошқа нарсаларда мусобоқалашишмас эдилар улар савоб амалларни қилишда ким ўзарга киришиб кетар эдилар.
Шунинг учун Аллоҳ таоло Мўминун сурасининг 61 – оятида уларни мақтаб шундай деди:
أُولَئِكَ يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَهُمْ لَهَا سَابِقُونَ
яъни: «Айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошурлар ва унда ўзиб кетувчидирлар».
Мана Умар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг хайрли ишни қилишдаги мусобоқаларига қаранг.
Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:
عن عُمَرَ بْنَ الْخَطَّاب، قَالَ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنْ نَتَصَدَّقَ فَوَافَقَ ذَلِكَ عِنْدِى مَالاً فَقُلْتُ الْيَوْمَ أَسْبِقُ أَبَا بَكْرٍ إِنْ سَبَقْتُهُ يَوْمًا قَالَ فَجِئْتُ بِنِصْفِ مَالِى فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ «مَا أَبْقَيْتَ لأَهْلِكَ». قُلْتُ مِثْلَهُ وَأَتَى أَبُو بَكْرٍ بِكُلِّ مَا عِنْدَهُ فَقَالَ «يَا أَبَا بَكْرٍ مَا أَبْقَيْتَ لأَهْلِكَ». قَالَ أَبْقَيْتُ لَهُمُ اللَّهَ وَرَسُولَهُ قُلْتُ وَاللَّهِ لاَ أَسْبِقُهُ إِلَى شَىْءٍ أَبَدًا».
яъни: «Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни садақа қилишга буюрдилар. У зотнинг буйруқлари менда мол давлат бор пайтга тўғри келиб қолди. Ўзимга ўзим: «Бугун хайри эҳсон қилишда Абу Бакрдан ўзиб кетаман», дедим ва мол давлатимнинг ярмини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли оиланга қанчасини қолдирдинг?», деб сўрадилар. Мен: «Қолган ярмини», дедим. Шу пайт Абу Бакр мол-мулкининг ҳаммасини олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли оиланга қанчасини қолдирдинг?», деб сўрадилар. У: «Аллоҳ ва Унинг расулини», деди. Шунда мен: «Аллоҳга қасамки хайрли ишнинг бирортасида ундан ўзиб кетолмайман», дедим».
Ҳурматли жамоа! Юқорида Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромлар томонидан савоб ишларни қилишга белбоғлаганликларни кўрдик. Биз қандай савобли ишларни қилишимиз Аллоҳга манзур бўлади. Бундай савобли ишлар қаторида қуйдагиларни айтишимиз мумкин:
Хайрли ишлар жуда кўп. Фақат бу ишларни қилишда савоб умидида холис бўлиш энг муҳим шарт ҳисобланади.
Дарҳақиқат хайрли савоб ишларини ҳар куни қилайлик, муҳтарам азизлар!
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни тинч қилсин, мамлакатимиз фаровонлиги, осойишталиги ва халқ манфаати йўлида тинмай ҳаракат қилаётган раҳбарларимизни ёмон кўзлардан асрасин. Ҳақ таоло уларнинг қилаётган хайрли ва савобли ишларида мададкор бўлсин!
Аллоҳ таборака ва таоло барчамизни, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимизни, пахта далаларида, боғ ва полизларда кечаю кундуз ҳормай-толмай фидокорона меҳнат қилаётган бобо деҳқонларимизнинг ишларига баракотлар ато этсин. Пахта ҳосили йиғим теримида иштирок этаётган фидокор деҳқонга ва меҳнатсевар ҳашарчиларга Аллоҳ куч-қувват ва сиҳҳат-саломатлик берсин. Омин!
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати