Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Макони, Арофат деб номланган машҳур жой. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Ҳаж амири хутба ўқийди. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.
#xabar #haj2025
Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Макка шаҳрида бўлиб турган Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва водий вилоятларининг бўлғуси ҳожилариларига суҳбатни қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари маъруза аввалида зиёратчиларимизга бу диёрда Ҳақ таоло ваҳий нозил қилгани, Расул алайҳиссалом, саҳобалар яшаганлари, шу боис бу ернинг ҳурматини сақлаш, шукр ва зикрни кўпайтириш, тоат-ибодат, яхшиликларда бардавом бўлиш, гуноҳ-маъсиятлардан эса бутунлай сақланиш лозимлигини баён этдилар.
Дилдан қилинган суҳбат чоғида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ҳақ таоло Ўзининг ибодатига чақирган барча бандаларини яхши кўриши, Роббимиз муқаддас маконда дуога очилган қўлларни қуруқ қайтаришдан ҳаё қилиши, шу боис дуоларни кўп ва хўп қилиши кераклиги, бунда она-Ватанимиз, давлатимиз Раҳбари ва юртдошларимизни-да унутмасликни алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари мабрур ҳаж, яъни ҳеч қандай гуноҳ аралашмаган, қабул бўлган ҳаж қандай бўлиши, бунда тавба, ихлос, ҳалол-пок мол, эҳромнинг талабларига амал қилиш, ибодатни чиройли адо қилиш, зикру тасбеҳни кўпайтириш лозимлигига урғу қаратдилар.
Суҳбат сўнгида қалблари ёришиб, кўзлари намланган зиёратчиларимиз Муфтий ҳазратларининг барчанинг ҳажи мабрур бўлиши, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг бахту иқболини сўраб қилган дуоларига омин, дея қўл очдилар.
Айни кунларда Макка шаҳридаги меҳмонхоналарда уламолар, имом-хатиблар ва элликбошилар томонидан ҳаж ибодатига оид илмий-маърифий суҳбатлар ҳамда савол-жавоблар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати