Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июл, 2026   |   6 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:28
Қуёш
05:02
Пешин
12:34
Аср
17:38
Шом
19:56
Хуфтон
21:27
Bismillah
20 Июл, 2026, 6 Сафар, 1448

Ҳажнинг фазилати

29.07.2016   16806   7 min.
Ҳажнинг фазилати

Ҳаж  шарофатли, фазилатли, буюк ибодатдир.

 Аллоҳ таоло буюрган  амалларнинг ҳар бирининг ўзига хос фазилат ва ҳикматлари мавжуд. Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳаж ибодатининг ҳам фазилатлари бор.

 Дарҳақиқат, Макка шаҳрида Мақоми Иброҳим, Замзам булоғи, Ҳажарул-асвад, Сафо, Марва каби осори атиқалар мавжудким, улар узоқ ўтмишнинг аломатларидан ҳисобланади.

 Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

    إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ

 Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир.

  فِيهِ آَيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آَمِنًا وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

 Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир.  (“Оли Имрон”  сураси, 96-97-оятлар)

 Бу фарзни адо қилган кишига ажр-у савоблар собит бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вас-саломдан кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан:

 وَعَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم – " تَابِعُوا بَيْنَ الْحَجِّ وَ الْعُمْرَةِ فَإِنَّهُمَا يَنْفِيَانِ الْفَقْرَ والذُّنُوبَ كَمَا يِتْفِى الْكِيرُ خَبَثَ الْحَدِيدِ وَ الذََّهَّبِ وَ الْفِضَّةِ وَ لَيْسَ لِلْحَجَّةِ الْمَبْرُورَةِ ثَوَابٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ" (سنن الترمذى).

Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказганидек, фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг савоби фақат жаннатдир”,- деганлар (Имом Термизий ривоят қилган).

 وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ : سَمِعْتُ النبي صلى الله عليه وسلم يقول: "مَا تَرْفَعُ إِبْلُ الْحَاجِّ رِجْلاً وَلاَ تَضَعُ يَدًا إلاَّ كَتَبَ اللَّهُ تَعَالَى لَهُ بِهَا حَسَنَةً ، أِوْ مَحَا عَنْهُ سَيِّئَةَ أَوْ رَفَعَهُ بِهَا دَرَجَةَ " (الشعب حسن)

 Ибн Умар р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий с.а.в.: “Ҳожининг улови оёғини ҳар кўтариб-қўйишида Аллоҳ таоло ё ажр-савоб битади ё бирор гуноҳини ўчиради ёки бир даража мақомини кўтаради”,-деганлар  (Имом Байҳақий “Шуабул-имон”да ривоят қилган).

 وَعَنْ أَبىِ هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – أّنَّهُ قَالَ: "أَلْحُجَّاجُ والْعُمَّارُ وَفْدُ اللَّهِ إِنْ دَعَوْهُ أَجَابَهُمْ وإٍنِ اسْتَغْفَرُوهُ غَفَرَ لَهُمْ" (سنن ابن ماجه حسن لغيره).

 Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳожилар ва умра зиёратчилари Аллоҳнинг меҳмонларидир, дуо қилсалар, ижобат қилур, истиғфор айтсалар, мағфират қилур”, - деганлар (Абу Можа ривояти).

 وَعَنْ عَائِشَةَ رّضِىَ اللَّهُ عَنْهَا ، أَنَّ رَسُولَ اللًّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ لَهَا فِي عُمْرَتِهَا : "إِنَّ لَكِ مِنَ الأَجْرِ عَلى قَدْرِ نَصَبِكِ ونَفَقَتِكِ" (المستدرك للحاكم صحيح)

 Оиша р.а. Умра ибодатини адо этганида Расулуллоҳ с.а.в. унга қарата: “Сенга (Умра давомидаги)  қийинчилигинг ва нафақанг миқдорича ажр бўлур”,- деганлар.

 وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِىِّ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ :"مَا مَنْ مُلَبٍّ يُلَبِّى إِلاَّ لَبَّى مَا عَنْ يَمِينِهِ وَ شِمَالِهِ مِنْ حَجَرٍ أَوْ شَجَرٍ أَوْ مَدَرٍ حَتَّى تَنْقَطِعُ الأَرْضُ مِنْ هَا هَنَا وَهَا هُنَا" (سنن ابن ماجه صحيح)

 Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий р. а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳар бир талбия айтувчининг ўнг ва сўл томонидаги то машриқу мағрибгача бўлган тош, дарахт, тупроқлар талбия айтур”, -деганлар.

 وَعَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: "سَمِعْتُ النَّبىَّ  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:"مَنْ حَجَّ لِلَّهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ " (متفق عليه)

 Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий с.а.в.: “Ким Аллоҳ учун ҳаж ибодатини ножўя сўз сўзламай, фисқу-фужур қилмай адо этса, онасидан туғилган кунидагидек (гуноҳлардан покланиб)  қайтади”,- деганлар.

 Бу ҳадисларнинг барчаси Ҳаж ва Умра ибодатини адо этишнинг фазли нечоғлик улкан экани ва ушбу ибодатини ихлос ила, тўла-тўкис адо этган ҳар бир зиёратчига мазкур ажр-савоблар умид қилиниши таъкидланмоқда.

 عن أنس بن مالك قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : " صلاة الرجل في بيته بصلاة وصلاته في مسجد القبائل بخمس وعشرين صلاة وصلاته في المسجد الذي يجمع فيه بخسمائة صلاة وصلاته في المسجد الأقصى بخمسين ألف صلاة وصلاته في مسجدي بخمسين ألف صلاة وصلاته في المسجد الحرام بمائة ألف صلاة " . رواه ابن ماجه

 Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 “Кишининг уйида ўқиган намози бир баробар, масжидда ўқиган намози йигирма беш баробар, жума ўқиладиган жомеъ масжидда ўқиган намози беш юз баробар, Масжид ул-Ақсо (Қуддуси шариф)да ўқиган намози эллик минг баробар, менинг масжидим (Масжид ун-набавий)да ўқиган намози эллик минг баробар, Масжид ул-Ҳаром (Макка)да ўқиган намози эса юз минг баробар савоби кўпдир”. (Ибн Можа ривояти).

 Шу ўринда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мазкур ҳадисларидан биз мусулмонлар муборак сафар давомида берилган улуғ илоҳий имкониятдан, ғанимат дамлардан унумли фойдаланишимиз заруратини тушиниб олишимиз муҳимдир.

 Масалан: бир  киши  ўртача умри давомида балоғатга етганидан умрининг охиригача 65 йил ибодат қиладиган бўлса,

 1 кунда    - 5 маҳал,

 1 ойда      - 30 х 5 = 150 маҳал,

 1 йилда    - 365 х 5 = 1825 маҳал,

 65 йилда  - 65 х 1825 = 118 625 маҳал намоз  ўқиши келиб чиқади.

 Масалан, ҳарамда ўқилган намозни муқояса қилиб айтган ҳадисларга  эътибор қаратадиган бўлсак, Пайғамбаримиз а.с.: “Масжид ул-Ҳаромда ўқиган намози... юз минг баробар савоби кўпдир,”– деганларидан келиб чиқадиган бўлсак, кишининг Масжид ул-Ҳаромда бир марта ўқиган намози юз минг баробар,  беш  марта ўқиган намозининг ажру-савоби беш юз минг баробар  кўп бўлиши, бу билан ҳожи ёки зиёратчи киши ўртача умри бўйи ўқийдиган намозлари йиғиндисидан ҳам кўп ажрга эга бўлиши мумкинлиги келиб чиқади.  

 Уламоларнинг фикрича, бу ердаги ҳар бир яхши сўз, ҳар бир яхши амалнинг  ажри-савоби ҳам юз минг баробар кўпдир. Бундай буюк имконият ва фурсатни ғанимат билишимиз зарур.  

 

Ҳаж ва умра
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ХУШХАБАР: МУФТИЙ ҲАЗРАТ ХАЛҚАРО ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИГА АЪЗО БЎЛДИЛАР

16.07.2026   24455   2 min.
ХУШХАБАР: МУФТИЙ ҲАЗРАТ ХАЛҚАРО ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИГА АЪЗО БЎЛДИЛАР

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мусулмон оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган энг йирик илмий-фиқҳий ташкилот – Халқаро ислом фиқҳи академиясига аъзо бўлдилар.

Бу ҳақда мазкур академия бош котиби профессор Қутб Мустафо Санодан табрик мактуби олинди.

Бу қувончли воқеа Янги Ўзбекистонда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро даражадаги юксак эътирофи бўлиб, Муфтий ҳазратларининг дин ривожи, уммат саодати ва халқлар ҳамжиҳатлиги йўлидаги хизматларига берилган юқори баҳодир.

Ушбу халқаро академия Муфтий ҳазратлари аъзо бўлган саккизинчи халқаро ташкилот бўлиб, бундан аввал Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши (2021 й.), Абу Даби тинчлик форуми (БАА, 2023 й.), Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (Қатар, 2023 й.), Мусулмон донишмандлар кенгаши (БАА, 2024 й.), Исломий фиқҳ академияси (Саудия Арабистони, 2024 й.), Ислом олами уюшмаси (Саудия Арабистони, 2024 й.) ва Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд номидаги Ҳадиси шариф академияси (Саудия Арабистони, 2026 й.) аъзолигига қабул қилинган эдилар.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Халқаро ислом фиқҳи академияси (арабча: مجمع الفقه الإسلامي الدولي, инглизча: International Islamic Fiqh Academy - IIFA) — ислом оламидаги энг нуфузли ва давлатлараро мақомга эга бўлган халқаро илмий-фиқҳий ташкилот ҳисобланади.

Академия Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ - OIC) ҳузуридаги олий илмий орган ҳисобланади. У 1981 йилда Макка шаҳрида ташкил этилган бўлиб, қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган. Мазкур академияга профессор Қутб Мустафо Сано раҳбарлик қилади. Унинг асосий мақсадлари замонавий масалаларга фатво бериш, баёнотлар эълон қилиш, маънавий меросни асраш, тадқиқ этиш, Ислом уммати бирлигини таъминлаш ва мўътадилликни тарғиб этиш кабилардир.

Ташкилотга аъзо бўлган 57 та давлатнинг энг кўзга кўринган олимлари, фақиҳлари ва муфтийлари академия аъзоси бўлади. Академия мунтазам равишда халқаро анжуманлар ва йиғилишлар ўтказади. Ҳар бир долзарб масала юзасидан дунё уламоларининг маърузалари, илмий тадқиқотлари ва хулосалари тингланади. Қабул қилинган қарорлар тўплами мусулмон дунёсидаги ишончли манбалардан бири саналади.

Аллоҳ таолодан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Халқаро ислом фиқҳи академиясидаги фаолиятларида куч-қувват ва муваффақиятлар тилаймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

ХУШХАБАР: МУФТИЙ ҲАЗРАТ ХАЛҚАРО ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИГА АЪЗО БЎЛДИЛАР
Ўзбекистон янгиликлари