Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Октябр, 2026   |   3 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:33
Пешин
12:09
Аср
16:00
Шом
17:48
Хуфтон
19:03
Bismillah
14 Октябр, 2026, 3 Жумадул аввал, 1448

Умра

29.07.2016   25085   10 min.
Умра

Умра ибодатини мукаммал адо қилиш учун киши ўзини ҳар томонлама тайёрлайди. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак.

 Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “ҳўжа кўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди.  Аллоҳ таоло буюради:

 

وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّه

 “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”. Бақара сураси, 196.

 

عَنْ أبِى هُرَيْرَةَ ؛ أن رَسُولَ اللهِ ( صلى الله عليه وسلم ) قَال : (العُمْرَةِ إِلَىَ العُمْرَةِ كَفَارَة لِمَا بَيْنَهُمَا

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир...”. Саҳиҳи Бухорий, 1773.

 عن عطاء قال سمعت ابن عباس رضي الله عنهما يخبرنا يقول قال رسول الله صلى الله عليه وسلم لامرأة من الأنصار سماها ابن عباس فنسيت اسمها ما منعك أن تحجين معنا قالت كان لنا ناضح فركبه أبو فلان وابنه لزوجها وابنها وترك ناضحا ننضح عليه قال فإذا كان رمضان اعتمري فيه فإن عمرة في رمضان حجة

 Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорий аёлга: “....Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар. Термизий ривояти. 
Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир.
Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон  улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир:

 

  1. Умра ибодатини аввало холис Аллоҳ таоло учун ният қилиш унинг мақбул бўлишидаги асосий шартлардан биридир. Зеро, риё аралашган амал биноларининг пойдеворлари ўша биноларни қулатади;
  2. Бу улуғ ибодат сафарига отланишдан олдин гарданидаги бошқаларнинг ҳақларини ўз эгаларига қайтариши;
  3. Мол-мулк сифатида қийматга эга бўлган нарса қўлида мавжуд бўлса сафардан олдин уни васият қилиб қўйиши;
  4. Бу ибодат сафари учун мўлжалланган маблағ ҳалол йўл билан топилган бўлиши;
  5. Йўлга чиқишдан аввал оиласига ҳадисда айтилганидек қуйидаги дуони айтади:

 أسْتَوْدِعُكُمُ اللهَ الّذِي لَا تَضِيعُ وَدَائِعُهُ

 “Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зойе бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)”. Ибни Можа ривояти;

 

  1. Автомашина, тайёра ёки шунга ўхшаш сафар уловларига минганида ушбу ҳадисга амал қилади:

 

عن ابن عمر رضي الله عنهما ( أن رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) كان إذا استوى على بعيره خارجاً للسفر حمد الله تعالى وسبح وكبر ثلاثاً ثم قال سبحان الذي سخر لنا هذا وما كنا له مقرنين وإنا إلى ربنا لمنقلبون اللهم إنا نسألك في سفرنا هذا البر والتقوى ومن العمل ما ترضى اللهم هون سفرنا هذا واطو عنا بعده اللهم أنت الصاحب في السفر والخليفة في الأهل اللهم إني أعوذ بك من وَعْثَاءِ السفر وكآبة المنظر وسوء المنقلب في الأهل والمال والولد وإذا رجع قالهن وزاد فيهم آيبون تائبون عابدون لربنا حامدون ) قوله وعثاء السفر : يعني تعبه وشدته ومشقته وكآبة المنظر وسوء المنقلب الكآبة الحزن والمنقلب المرجع وذلك أن يعود من سفره حزيناً كثيباً أو يصادف ما يحزنه في أهل أو مال

 
Ибни умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб туяларига ўрнашсалар Аллоҳга ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) ва уч маротаба такбир (Аллоҳу акбар)ни айтиб шундай дердилар: “Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна  лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина мунқолибун. Аллоҳумма инна насъалука фий сафарина ҳаза ал-бирро ват-тақва ва минал амали ма тарзо. Аллҳумма ҳаввин сафарона ҳаза ватви анна буъдаҳу. Аллоҳумма антас-соҳибу фис-сафари вал холифату фил аҳли. Аллоҳумма инний аъузу бика мин ваъсаис-сафар ва каабатил манзор ва суил мунқолаб фил аҳли вал мали вал валад” (маъноси: “Бизларга бу (улов)ни бўйсундириб қўйган зотга тасбеҳ айтамиз. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Албатта, бизлар (барчамиз) Раббимиз (ҳузури)га қайтувчидирмиз. Ё, Аллоҳ! Биз Сендан ушбу сафаримизда яхшилик, тақво ва Ўзинг рози бўладиган амални сўраймиз. Ё, Аллоҳ! Ушбу сафаримизни енгиллаштир ва узоғини яқин қил. Ё, Аллоҳ! Сен сафарда ҳамроҳ ва аҳли-оилага кафилдирсан. Ё, Аллоҳ! Мен Сендан сафар қийинчиликлари, ғамга солувчи манзара ҳамда аҳли-оила, мол ва фарзандга ёмон ҳолда қайтишдан паноҳ тилайман”).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида эса: “Айибуна таибуна абидуна лироббина ҳамидуна” (маъноси: “Ё, Аллоҳ! Қайтишимизни тавба қилувчи, ибодат қилувчи ва ҳамд айтувчи ҳолда қилгин”), жумласини қўшиб қўярдилар. Муслим ривояти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон уловга минмоқчи бўлсалар оёқларини узангига қўйишлари билан: “Бисмиллоҳ”, – дер эканлар. Эгарга ўрнашиб олганларидан кейин: “Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳал. Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза, вама кунна лаҳу муқринийн. Ва инна ила Роббина ламунқолибун”, – деб қўяр эканлар. Уловга миниладиган ҳайвонлардан ташқари замонавий йўл воситалари ҳам киради.

  1. Сафарлари давомида баландликка кўтарилсалар “Аллоҳу акбар”, пастликка тушсалар “Субҳаналлоҳ”дейишлари Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифга кўра суннатдир;
  2. Дуо қилишни кўпайтириш яхшидир:

 

أبي هريرة عن النبي قال: "ثلاث دعوات مستجابات لا شك فيهن: دعوة المظلوم، ودعوة المسافر، ودعوة الوالد لولده"

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Учта дуо борки, шаксиз мустажобдир. Мазлумнинг, мусофирнинг ва ота-онанинг фарзандига қилган дуоси”. Термизий ривояти.

  1. Аллоҳни зикр қилиш, қироат қилиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловатни кўпайтириш умра одобларидандир. Хусусан, масжидул ҳаромда ибодатни кўпайтиришга тарғиб қилинган:

 

عن عبد الله بن الزبير قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " صلاة في مسجدي هذا أفضل من ألف صلاة فيما سواه من المساجد إلا المسجد الحرام وصلاة في المسجد الحرام أفضل من صلاة في مسجدي هذا بمائة صلاة"

 Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:“Менинг ушбу масжидимда ўқилган намоз ундан бошқа масжидларда ўқилган мингта намоздан афзалдир. Фақатгина масжидул ҳаром бундан мустаснодир. Масжидул ҳаромда ўқилган намоз менинг масжидимда ўқилган юзта намоздан афзалдир”. Имом Аҳмад ривояти.

  1.  Ушбу улуғ умра зиёратидан олдин умра зиёратига оид барча қонун-қоидаларни яхшилаб, хусусан илм эгаларидан ўрганиши умрани тўла-тўкис бўлишидаги асосий омиллардан биридир.Хусусан, бизнинг диёримизда бошқа жойлардан фарқли ўлароқ ҳаж ёки умра ибодатини ватандошларимиз тўлиқ адо қилишлари учун аҳли илмлардан иборат ҳар эллик кишилик гуруҳларга елликбошилар бириктириладир.
  2. Ҳамроҳларидан ажралмасликка ҳаракат қилади. Чунки баъзи саҳобалар бир ерга тушиб, сўнг ҳар хил қишлоқ ва водийларга тарқалиб кетишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундай тарқалиб кетишингиз шайтондандир” деб танбеҳ берганлар. Имом Абу Довуд ривояти.
  3. Шариатимиз буйруғига кўра ишбошиларга бўйсуниш шарт бўлганидек, ҳар бир умра қилувчи ўз гуруҳи раҳбари элликбошига бўйсуниши лозим. Чунки елликбоши айнан диний илмалар, хусусан, ҳаж ва умра илмларини яхши билганлари сабабли ватандошларимизнинг ҳаж ва умраларини тўлиқ ва мукаммал бўлишини таъминлаш учун шу хизматга бўладилар;
  4. Умра давомида ҳамроҳлари билан уришмайди. Тиқилинч ҳосил қилмайди. Гуноҳ ишлардан четлашади. Тоқати ва илми даражасида яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаради. Ҳеч кимга қўли ва тили билан озор бермайди. Чақимқилик, ғийбат ва ёлғон гапларни айтмайди. Унга одамларнинг ҳожати тушса ёрдамлашади;
  5. Умрадан қайтгандан кейин уни кутиб олишга чиққанлар билан қучоқлашиб кўришади. Уйга келганларни меҳмон қилиши ва ҳадялар улашиши мустаҳабдир.

 Аллоҳ таоло умра зиёратига отланган ватандошларимизнинг сафарларини бехатар, ибодатларини ўз дагоҳида қабул қилсин!

 

Жаҳонгир Убайдуллоҳ,
Т

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асари Францияда нашр этилди

14.10.2026   3327   3 min.
Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асари Францияда нашр этилди

Халқимизнинг буюк алломаси, давлат ва жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг бой маънавий ҳамда тарихий мероси вақт ўтгани сайин жаҳон аҳли эътиборини янада кучлироқ жалб этмоқда. Алломанинг миллий ўзлигимиз, мустақиллик ва озодлик иштиёқи сингдирилган, ҳар бир сатри ҳақиқат туғёни билан йўғрилган шоҳ асари — “Туркистон қайғуси” шу кунга қадар бир қатор хорижий тилларга таржима қилиниб, халқаро майдонда муносиб эътироф этилмоқда. Қувонарлиси ва ғурурланарлиси шундаки, айни кунларда ушбу бебаҳо тарихий дурдонанинг француз тилидаги мукаммал нашри дунё юзини кўрди, хабар бермоқда ЎзА.

Ушбу асар ватанимизнинг XX асрдаги фожиали ва мураккаб тарихини ҳаққоний ҳамда холис ёритиб берган ноёб манба сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилади. Унда собиқ СССР ва ўша даврдаги Хитойнинг Марказий Осиё ҳамда Шарқий Туркистонда олиб борган сиёсати атрофлича ёритилган бўлиб, уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз ва бошқа мусулмон халқларининг озодлик ва мустақиллик учун олиб борган курашлари акс эттирилган.

Асли чиғатой туркий тилида ёзилган бу битик Франциянинг таниқли шарқшуноси ва соғунийшунос профессори Стефан Дудюанйон (Stéphane A. Dudoignon) томонидан 2024–2026 йиллар давомида француз тилига таржима қилинди ва нашрга тайёрланди. Таржима жараёнида профессор С. Дудюанйон Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг фарзанди Қутлуғхон ака Соғуний билан яқиндан ва фаол ҳамкорлик қилди. Таъкидлаш жоизки, профессор 2023 йили Тошкентга ташриф буюриб, Қутлуғхон ака билан биргаликда Алихонтўра Соғуний яшаб ўтган хонадон ва кўчаларни кўздан кечирган, шунингдек, аллома дафн этилган “Шайх Зайниддин” қабристонини зиёрат қилган эди.

 

 

 

Франция Миллий илмий тадқиқотлар маркази (CNRS) катта илмий ходими, тарихчи ҳамда ўзбек адабиёти ва тарихи бўйича етакчи тадқиқотчилардан бири бўлган профессор Стефан Дудюанйон Марказий Осиёдаги ислом тарихи, жамиятлар ҳаёти, тасаввуф йўналишлари ва минтақадаги тарихий шахслар меросини ўрганиш билан шуғулланиб келади. Олим “Туркистон қайғуси” асари европалик ўқувчилар учун янада тушунарли ва манбашунослик нуқтаи назаридан мукаммал бўлиши учун китобга 400 саҳифадан зиёд кенг қамровли шарҳлар илова қилди. Чуқур таҳлилларга бой ушбу шарҳлар америкалик, буюк британиялик ва япон туркологлари томонидан жуда юксак баҳоланди ҳамда махсус мукофотга тавсия этилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу китоб Ғарб дунёси учун Марказий Осиё ва Шарқий Туркистон тарихини ўрганишда муҳим фундаментал манба бўлиб хизмат қилади. 

 
       

Айни кунларда “Туркистон қайғуси” асари Париж китоб ярмаркасида намойиш этилмоқда ва европалик китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Алихонтўра Соғунийнинг ўғли Қутлуғхонтўра аканинг таъкидлашича, француз тилидаги ушбу нашр асарнинг Европа бўйлаб кенг тарқалишидаги илк муҳим қадамдир. Навбатдаги босқичда асарни инглиз тилига таржима қилиш ва нашр этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа ҳам қисқа фурсатларда амалга оширилиши кутилмоқда.

Алихонтўра Соғуний меросининг француз тилида чоп этилиши ва халқаро эътирофга эришиши нафақат миллий тарихимизни тиклаш йўлидаги улкан ютуқ, балки ўзбек илм-фани ва маданиятининг жаҳон майдонидаги яна бир муваффақиятидир. "Туркистон қайғуси"нинг хорижий тиллардаги талқини дунё жамоатчилигига Марказий Осиё халқларининг ҳақиқий тарихи, озодлик ва маърифат йўлидаги фидокорона курашини холис етказишда бебаҳо кўприк вазифасини ўтайди.

Одил ОЛИМЖОНОВ, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари