Имом Бухорийнинг исмлари, насаблари ва туғилишлари
Имом Бухорийнинг тўлиқ исмлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жўъфий Бухорийдир.
Имом Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим тақводор уламолардан эди. Унинг ҳақида имом Бухорийнинг ўзлари “ат-Тарих ал-Кабир” китобида: “У Ҳаммод ибн Зайдни кўрган ва Ибн Муборак билан икки қўллаб кўришган эди”, деб ёзганлар.
Имом Бухорий илмли, аҳли фазл ва солиҳ оилада ҳижрий 194 йилнинг шаввол ойидан ўн уч кун қолганда, жума намозидан кейин Бухоро шаҳрида дунёга келдилар.
У киши кичиклик пайтларидаёқ отадан етим қолдилар ва акалари Аҳмад билан оналарининг тарбиясида ўсдилар.
Имом Бухорийнинг болалик йиллари
Имом Бухорийнинг болалик йиллари умуман илм талабида ўтди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Хатиб ўз санади ила қилган ривоятда Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ қуйидагиларни айтади: “Мен Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга: “Ҳадис талаб қилишни бошлашинг қандай бўлган?” дедим. “Бошланғич мактаб таълимдалигимдаёқ ҳадис ёдлаш менга илҳом қилинган”, деди. “Ўшанда ёшинг нечада эди?” дедим. У шундай деди: “Ўн ёш ёки ундан озроқ. Ўн ёшдан ўтганимдан кейин мактабдан чиқиб, Дохилий ва бошқалардан дарс олдим. Дохилий бир куни одамларга дарс бера туриб, “Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан”, деди. Мен унга: “Эй Абу Фулон! Абу Зубайр Иброҳимдан қилмаган”, дедим. У мени жеркиб ташлади. Мен унга: “Агар ҳузурингда асл нусха бўлса, қара”, дедим. У ичкарига кириб қаради. Сўнгра қайтиб чиқиб, менга: “Ҳой бола! Қандай эди?!” деди. “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан”, дедим. У мендан қаламни олиб, ёзганини тўғрилаб олди ва: “Рост айтасан!” деди. Бухорийдан баъзи асҳоблари: “Ўша Дохилийга эътироз билдирган пайтингда ёшинг нечада эди?” деб сўрашди.
У: “Ўн бир ёшда эдим. Ўн олти ёшга етганимда Ибн Муборак ва Вакиънинг китобларини ёд олдим ва уларнинг гапларини билдим. Кейин эса акам Аҳмад ва онам билан бирга Маккага бордим. Ҳаж қилиб бўлганимиздан кейин акам Аҳмад онамни олиб, ортга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим”, деб айтди”.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаётлари давомида кўп маротаба ва том маънода сермаҳсул сафарларда бўлдилар. У киши замоналарида қарийб барча исломий мамалакатларга, баъзи бирларига эса бир неча маротабадан сафар қилдилар.
“Мен Сурия, Миср ва Арабистон ярим оролларини икки марта зиёрат қилдим, деб ёзадилар имом Бухорий. Бир неча марта Басрада бўлдим, олти йил Ҳижозда (ҳозирги Саудия Арабистонида) яшадим, Куфа ва Бағдод шаҳарларида неча марта бўлганимни эслай олмайман”.
Аллоҳ таоло имом Бухорийга ўткир заковат, кучли ҳофиза ва ҳар бир ишни пухта бажариш қобилиятини берган эди. Ушбу илоҳий неъматларнинг аломатлари у кишининг гўдаклик чоғлариданоқ кўзга ташлана бошлаган эди. Ўн бир ёшли бола бўлатуриб, устозлари Дохилийнинг хатосини тузатганлари ҳам бунга далил.
"Олтин силсила” китобидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг бир шогирди бўлиб, у зот унга тазкия ва талқинга ижозат берган эди. Бир куни у ўғилчасини етаклаб устози зиёратига келди. Салом-аликдан сўнг ўғлини таништириб, унинг ҳаққига дуо қилишларини сўради. Ҳазрат боланинг ҳаққига дуо қилдилар. Гап орасида устоз боланинг ёшини ҳам сўраб қолдилар. Шогирд «Болам ўн уч ёшда», деди. Мамлакатдаги қонун бўйича болаларга ўн уч ёшгача чипта нархининг ярми тўланар, ўн учга тўлган кунидан бошлаб уларнинг чиптаси ҳам катталар каби тўла баҳосига харид қилинар эди.
Ҳазрат болага чиптанинг қайси нархда олинганини сўраб қолдилар. Шогирди «Жуссаси кичкина бўлгани учун ярим нарх тўладик», деб жавоб берди. Шунда устознинг авзойи бирдан ўзгариб, шундай дедилар: «Инна лиллааҳи ва инна илайҳи рожиъун! Сизга тасаввуф ва тариқатнинг чанги ҳам етиб келмаган экан. Сиз ҳалигача ҳаром-ҳалолни ажратмабсиз. Болани сафарга олиб чиқибсиз-у, лекин унга йўлкира тўлашда ҳаром ишга қўл урибсиз. Катталар мақомига етган болага ёш болаларнинг чиптасини олиб, йўл хизмати идорасининг ҳаққини ўғирлабсиз. Ўғрилик қиладиган. бировнинг ҳаққини тортиб оладиган шахс тасаввуф ва тариқатда бирор мақомга эга бўлмайди. Шунинг учун сизга берган ижозатимни бекор қиламан».
Ўша шогирд ибодатда мукаммал киши эди. Лекин устоз чипта олишда, яъни муомалотда ҳаромга йўл қўйгани туфайли унга берган ваколатини бекор қилди.
Абдулманнон Андижоний