Абу Довуд Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ал-Аздий Сижистоний ҳужжат билан ҳукм қилувчи, ҳуффозларнинг саййиди, ҳадисларни таҳлил этувчи «Китоби Саҳиҳ» деб тан олинган олти муҳаддиснинг биридурлар. Нисбатлари Басра қишлоқларининг бири бўлган Сижистонгадир.
Бу зот 202 ҳижрий сана Басрада таваллуд топдилар. Ҳадисларни тўплашда Ироқ, Хуросон, Шом, Миср, Арабистон Жазираси каби юртлардаги уламолар ҳузурида бўлиб чиқдилар. 221 ҳижрий санада Куфага сафар қилдилар ва ана шу ердаги кишилардан ҳам ҳадисларни эшитиб ривоят қилдилар.
Уламолар бу зотда бўлган сифатларни кўп зикр қилишади. Амр ибн Али Боҳилий: «Имом Абу Довуд дуоси ижобат бўлувчи кишилардан эдилар»-деб айтади. Муҳаммад ибн Саъд Зуҳарий: «Бу зот обид, тақволи, фозил, солиҳ, пок кишилардан эдилар»-деб айтади. Абу Ҳотим ар-Розий: Бу зотдек тазарруъли ва бу кишидек ҳужжати ишончли кишини кўрмаганман» - деган.
Абу Довуднинг «Сунан» китоблари тўғрисида ҳам уламолар ғоятда мақтов фикрлар билдиришган: Закариё Соний айтади: «Қуръон Исломнинг асли, «Сунани Абу Довуд» Исломнинг аҳдидир». Улуғ зотлардан Хаттобий: «Бу китоб иккита саҳиҳ китобдан кўра фақиҳроқ ва ҳадис илмида бунинг сингари китоб тасниф этилмаган» -деб айтади.
Имом Абу Довуд ҳаммаси бўлиб 50000 ҳадис ривоят қилиб, булардан 4800-та саҳиҳ ҳадисни «Сунан» китобларига киритдилар. Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларига кўплаб шарҳ ва мухтасарлар ёзилди.
Бу зот ҳадисларни Муслим ибн Иброҳим, Сулаймон ибн Харб, Абу Умар Ҳавзий, Абу Валид Тайолисий, Абу Муаммар ал-Муаққад, Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Усмон ибн Шайба, Амр ибн Авн, Ҳишом ибн Аммор Димашқий, Рабийъ ибн Нофиъ Ҳалабий, Аҳмад ибн Солиҳ Мисрий ва бошқа бир нечта жамоат кишилардан эшитдилар.
Имом Абу Довуддан Термизий, Насаий, ўғиллари Абдуллоҳ, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳорун, Али ибн Ҳусайн ибн Абд, Муҳаммад ибн Муҳаммад ад-Даврий, Исмоил ибн Муҳамад Саффор, Аҳмад ибн Салмон Нажжор ва бошқа бир неча кишилар ривоят қилишди.
Имом Абу Довуд ҳижратнинг 275 йили, Шаввол ойининг 16-кунида Басрада вафот этдилар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ، وَإِنْ نَسِيَ أَنْ يَذْكُرَ اسْمَ اللهِ فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз таом еса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» десин», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Баъзан таом тановул қилиш пайтида инсон шошилиб, «Бисмиллаҳ»ни айтиш эсидан чиқиб қолади. Бир оз еганидан кейин «Бисмиллаҳ»ни айтмагани эсига тушиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларига биноан, ана шундай вақтда «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» демоғи лозим.
Бу жумланинг маъноси «аввалида ҳам, охирида ҳам Бисмиллаҳ» дегани бўлиб, таомнинг баракасини қайтаради ва унга шайтон шерик бўлишини қирқади.
وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْكُلُ فِي سِتَّةٍ مِنْ أَصْحَابِهِ فَجَاءَ أَعْرَابِيٌّ فَأَكَلَهُ بِلُقْمَتَيْنِ، فَقَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَمَا إِنَّهُ لَوْ سَمَّى كَفَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг олтита саҳобалари билан таом емоқда эдилар. Бир аъробий келиб, икки луқмада (ҳаммасини) еб қўйди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у тасмия айтганида, ҳаммангизга етар эди», дедилар» (Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган).
Бу ҳадиси шарифда ҳар бир одам таомни «Бисмиллаҳ»ни айтиб еса, у баракали бўлишига далолат бор.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг олти саҳобалари албатта «Бисмиллаҳ»ни айтиб, сўнг таом ейишни бошлаганлар. Аммо ҳалиги аъробийнинг «Бисмиллаҳ»ни айтмай таом егани баракани қочирди.
وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَالِسًا وَرَجُلٌ يَأْكُلُ فَلَمْ يُسَمِّ حَتَّى لَمْ يَبْقَ مِنْ طَعَامِهِ إِلَّا لُقْمَةٌ، فَلَمَّا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ قَالَ: بِسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ: مَا زَالَ الشَّيْطَانُ يَأْكُلُ مَعَهُ، فَلَمَّا ذَكَرَ اسْمَ اللهِ اسْتَقَاءَ مَا فِي بَطْنِهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир киши таом ер эди. У тасмия айтмади. Фақат бир луқма таом қолгандагина «Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва:
«Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганида қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар» (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).
Бу ҳам барчамиз учун дарс. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бор жойдаги ҳар бир ўтириш, ҳаракат ва сакинат ҳамманинг диққат эътиборида бўлиши маълум.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган жойда бир одам «Бисмиллаҳ»ни айтмай, таом тановул қила бошлади. Ҳамма дамини ичига ютиб, нима бўлар экан, деб кутиб турди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса индамас эдилар. Ҳалиги киши эса таом ейишда давом этар эди. Энди нима бўлади? Атиги бир луқма таом қолганда бирдан эсига тушиб қолиб:
«Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу» деди».
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва: «Шайтон у билан таом еб турди. Аллоҳнинг исмини зикр қилганда қорнидаги нарсани қусиб юборди», дедилар».
Демак, таомни «Бисмиллаҳ»ни айтмай еган одам билан бирга шайтон ҳам унинг таомидан қўшилишиб еб турар экан.
Бу эса ҳам гуноҳ, ҳам таомнинг баракасини қочиришдир. Шунинг учун бу масалага жуда эҳтиёт бўлмоқ керак. Мабодо аввалида айтиш эсдан чиқиб қолган бўлса ҳам, эслаган заҳоти айтиш лозим.
Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, сўнг таом ейишни бошлаш исломий овқатланиш маданиятининг бошида туради.
Албатта, таом Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Доимо Аллоҳни эслаб туриши лозим бўлган банда учун неъматга эришган пайтда неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи Зотни эсидан чиқарган одам хато қилган бўлади. Агар ўзи эслаб, хатосини тўғриласа, яхши. Агар унинг эсига тушмаса, атрофдагилар унга эслатиб қўйишлари лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жузидан