Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446

"Ихлос" сураси

18.07.2016   71024   19 min.

Жаброил алайҳиссалом Табукда тушиб: «Эй Расулуллоҳ, Муовия ал-Музаний Мадинада вафот этди. Унга намоз ўқишингиз учун ерни букиб берайми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом икки қаноти билан ерга ва тоғ чўққиларига урган эдилар, ер итоат қилди ва унинг тобути кўрсатилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга намоз ўқидилар. Ортларида фаришталар икки саф бўлиб, ҳар бир сафда етмиш минг фаришта бор эди. Ўқиб бўлиб, «Таржиъни (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) айтдилар. Сўнг: «Бу даражага нима сабабли эришди?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни яхши кўргани ва уни келганда ҳам, кетганда ҳам, турганда ҳам, ўтирганда ҳам ва ҳар бир ҳолатда ҳам ўқигани учун», дедилар»[1].Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уч нарсани иймон билан адо этса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради ва хоҳлаган ҳурга уйланади: ким қотилни афв қилса, махфий равишда  бировнинг қарзини тўласа ва ҳар фарз намозидан сўнг قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса», дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Биттасини қилса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадилар. У зот: «Биттасини қилса ҳам», дедилар»[2].

 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни бир марта ўқигин», дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшниларию қариндошларига ҳам мўл-кўл ёғдирди»[3].

 

«Ким قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ҳар куни эллик марта ўқиса, қиёмат куни: «Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!» дейилади»[4].

 

«Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар»[5].

 

ФОЙДА:

 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўпланинглар! Мен сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман», дедилар. Тўпланганлар тўпланди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқидилар-да, кириб кетдилар. Шунда ҳаммамиз бир-биримизга: «Бу самодан келган хабар бўлса керак, шунинг учун кириб кетдилар», дедик»[6].

 

– Айрим уламолар: «Бунинг Қуръоннинг учдан бирига тенглигига сабаб, унда الصَّمَدАллоҳнинг Сомад исми борлиги учун, чунки бошқа сураларда бу исм топилмайди», дейдилар. Шунингдек, أَحَدٌ«ахад» борлиги учун ҳам.

 

– Баъзилар: «Қуръоннинг ўзи учга бўлингани учун: учдан бири ҳукмлар, учдан бири ваъда ва ваъидлар (қайтариқлар), яна учдан бири исм ва сифатлар. قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ«Қул ҳуваллоҳу аҳад» шу уч бўлакнинг бир бўлаги, яъни исм ва сифатлар бўлагидир. Шу маънода бу сура «Ихлос» деб номланади», дейдилар.

 

 

 

 

 


 


 

[1]Тобароний Анас розияллоҳу анҳуданривоят қилган.

 

[2] Абу Яъло Мусилий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

 

[3] Ҳофиз Абу Мусо Мадиний Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган.

 

[4] Тобароний Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган.

 

[5] Тобароний ва Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Шиххирдан ривоят қилганлар.

 

[6] Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

 

 

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

13.06.2025   510   3 min.
Мазҳабга эргашиш динимиз талаби

“Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.

Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335-1393 м.й.): “Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).

Уламолар мазҳабларга эргашиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).

Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳам ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид)мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва Суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма мусулмонлар ичида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар Аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

Мазҳабсизлар тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:

– бемазҳаблар “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, ҳақ битта эмасми?” дейдилар.

Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади.

– Мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил қилади. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Ҳамма уламолар илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади, деганлар. Ҳозир эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар.

Аксинча, Қуръон ва суннатдан ҳар ким ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, фитна қўзғаш каби исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий қайд этганидек: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин.

Ғуломов ФАТҲУЛЛОҲ,

Ал-Ҳудайбия жомеъ масжиди имом ноиби

МАҚОЛА