Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Апрел, 2026   |   26 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:44
Пешин
12:28
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:24
Bismillah
15 Апрел, 2026, 26 Шаввол, 1447
Мақолалар

Фарзанд ота-онанинг ҳаққини адо эта олмайди

21.08.2024   7612   6 min.
Фарзанд ота-онанинг ҳаққини адо эта олмайди

Ота-она болага энг кўп яхшилик қилган кишилар бўлади. Одатда, одамлар ўзига яхшилик қилган ҳар бир одамнинг яхшилигига яраша яхшилик қайтаришга ҳаракат қилишади. Иложи бўлса, яхшиликни кўпроқ қилиш пайидан бўлишади.

Фарзанд ҳам ота-онанинг яхшилигини қайтаришга ҳаракат қилади. Аммо у уларнинг яхшилигини тўлиқ қайтариши мумкинми?

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَجْزِي وَلَدٌ وَالِدَهُ إِلَّا أَنْ يَجِدَهُ مَمْلُوكًا فَيُعْتِقَهُ».

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзанд отасини (тўлиқ) мукофотлай олмайди. Фақатгина уни қул ҳолда топиб, озод қилган бўлса, бундан мустасно», дедилар».

Шарҳ: Бола ота-онанинг ҳаққини адо эта олмайди. Уларнинг ҳаққи жуда улуғ. Илло, отаси ёки онаси қул ёки чўри бўлиб, бировнинг қўлида юрган бўлса-ю, фарзанди бориб, уларни қулликдан озод қилиб олган бўлса, ҳақларини адо этгандай бўлади, холос. Яъни ота билан онанинг фарзанддаги ҳаққи шунчалик кўп. Қул бўлган одам ўзининг ҳурриятини йўқотган бўлади, тўлақонли одам ўрнида бўлмайди ва уларни озод қилганда ҳақиқий инсонийлик ҳақ-ҳуқуқлари қайтарилади. Отани озод қилиб олсагина, «ҳаққини адо қилдим», «хизматини қилдим», дейдиган даражадаги гап бўлиши мумкин экан.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ أَبِي بُرْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: كَانَ ابْنُ عُمَرَ يَطُوفُ بِالْبَيْتِ، فَرَأَى رَجُلًا يَطُوفُ حَامِلًا أُمَّهُ وَهُوَ يَقُولُ:

إِنِّي لَهَا بَعِيرُهَا الْمُذَلَّلْ  إِنْ أُذْعِرَتْ رِكَابُهَا لَمْ أُذْعَرْ

أَحْمِلُهَا وَمَا حَمَلَتْنِي أَكْثَرْ

أَتَرَانِي يَا ابْنَ عُمَرَ جَزَيْتُهَا؟ قَالَ: لَا، وَلَا زَفْرَةً وَاحِدَةً، ثُمَّ طَافَ، ثُمَّ صَلَّى خَلْفَ الْمَقَامِ رَكْعَتَيْنِ، ثُمَّ قَالَ: أَلَا إِنَّ كُلَّ رَكْعَتَيْنِ تُكَفِّرُ مَا بَيْنَهُمَا - أَوْ قَالَ -: مَا قَبْلَهُمَا، أَوْ كَلِمَةً نَحْوَهَا.

Саъид ибн Абу Бурда отасидан ривоят қилади:

«Ибн Умар Байтуллоҳни тавоф қилиб юриб, бир одамнинг онасини кўтариб олиб тавоф қилдираётганини кўрди. У:

«Мен онамнинг минган ювош туясиман,

Уловлари чарчаса ҳам, чарчамасман.

У мени кўп кўтарган, энди мен кўтараман», дер эди.

Сўнгра у: «Эй Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деди.

«Йўқ! Бир марталик «оҳ»ини ҳам», деди.

Кейин у (Ибн Умар) тавоф қилди. Мақомга бориб, икки ракъат намоз ўқиди-да: «Билиб қўйинглар! Ҳар икки ракъат ўзларининг орасидагига каффорот бўлади. Ёки ўзларидан олдингига», деди. Ёхуд шунга ўхшаш калима айтди».

Шарҳ: Бошқа ривоятларда таъкидланишича, онасини кўтариб тавоф қилдириб юрган одам яманлик бўлган.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, ўша даврда юра олмайдиган онани Ямандан Маккага олиб келишнинг ўзи бўлмайди. Уни кўтариб олиб тавоф қилдириш ҳам осон эмас.

Ушбу ривоят қаҳрамони бўлмиш фарзанд ўзича онасини Ямандан олиб келиб, орқасида кўтариб, Байтуллоҳни тавоф қилдириш билан онамнинг ҳаққини адо этдим, деб ўйлаган эди.

У ўз фикрини катта олим, саҳобий Абдуллоҳ ибн Умарга тасдиқлатиб олиш учун у кишига: «Эй Ибн Умар! Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?» деб савол берди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу гапни айлантириб ўтирмай, лўндасини айтиб қўя қолди: «Йўқ! Бир марталик «оҳ»ини ҳам», деди.

Онанинг фарзанд боқиш жараёнидаги бир марта оҳ уриши шунчалар қийматга эга бўлса, бошқа барча хизматларининг қиммати ва қадри, ҳаққи ва ҳурмати қанчалар бўлишини ҳар бир киши ўзи билиб олаверса бўлади.

Онанинг хизматлари ва уларнинг ҳаққи қанча бўлиши ўз-ўзидан маълум. Демак, фарзанд онанинг ҳаққини тўлиқ адо этиши амримаҳол. Шунинг учун хаёлни турли ҳисобларга бурмасдан, она розилиги учун бутун борлиғини ишга солсин.

Бу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Қадимдан мусулмон фарзандлар оналарининг хизматида жон фидо қилишни йўлга қўйганлари.

2. Онанинг фарзанддаги ҳаққи улканлиги.

3. Онанинг фарзанддаги ҳаққи эмизиш орқали собит бўлиши.

4. Ўғил онасини кўтариб олиб тавоф қилдириши яхши иш экани.

5. Икки ракъат тавоф намози ўзидан олдинги баъзи гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши.

عَنِ الْحَسَنِ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ رَأَى رَجُلًا يَطُوفُ بِالْبَيْتِ، حَامِلًا أُمَّهُ، وَهُوَ يَقُولُ لَهَا: أَتَرَيْنِي جَزَيْتُكِ يَا أُمَّهْ؟ فَقَالَ ابْنُ عُمَرَ: أَيْ لُكَعُ، لَا وَاللهِ وَلَا طَلْقَةً وَاحِدَةً.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Ибн Умар бир одамнинг онасини кўтариб олиб, Байтуллоҳни тавоф қилдириб юрганини кўрди. У: «Она! Нима дейсиз, сизнинг ҳаққингизни адо қилдимми?» дер эди.

Шунда Ибн Умар: «Ҳой, эси паст! Йўқ! Аллоҳга қасамки, бир тўлғоқнинг ҳаққини ҳам», деди.

Шарҳ: Бу ҳам аввалги ривоятга ўхшаш ривоят. Фақат бу ривоятда фарзанд саволни онага бермоқда ва жавобни Ибн Умар розияллоҳу анҳу бермоқдалар. 

Бундан фарзанд ҳар қанча уринса ҳам, ота-онанинг ҳаққини тўлиқ адо эта олмаслиги маълум бўлади. 

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қасам нима, назр нима?

14.04.2026   4561   7 min.
Қасам нима, назр нима?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:

 

إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).

 

وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ

“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).

 

وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ

“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).

 

وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا

 

“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).

Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:


لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ

“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).

Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

 

وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ

“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).

Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.


Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.

Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).

Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.

Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.

Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.

Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:

Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.

Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.

Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.


Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси

Мақолалар