Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан самимий мулоқотлар йўлга қўйилгани кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 21 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ ҳақида қизиқ ривоят бор:
"Байзовий ўзининг "Анворут танзил ва асрорут таъвил" номли тафсирини ёзиб битиргач, уни султонга кўрсатиш учун Бағдодга йўл олди. Мақсади султондан тирикчилик ва замон ташвишларига асқотадиган бирор нарса олиш эди.
Йўлда бир қишлоқда тўхтади. Шайхлардан бирининг уйида меҳмон бўлди. Шайх уни меҳмон қилди. Зиёфатдан сўнг шайх ундан сўради:
- Қаерга кетаяпсан?
- Бағдодга!
- Нега?
- Мен бир тафсир ёздим. Кўп меҳнат қилдим. Қизларим бор. Уларнинг бўйи етиб қолган. Уларни турмушга беришим керак!
Шайх сўради:
- "Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн"ни нима деб тафсир қилдинг?
- Биз бу оятни "Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз, Сендан Ўзгадан ёрдам сўрамаймиз" деб тафсир қилдик!
- Нега унақада ўзгадан ёрдам сўрагани бораяпсан?!
Шайхнинг гапи Байзовийга таъсир қилди. Бағдодга бормади. Орқасига қайтди.
Айтишларича, унинг тафсирига ана шундан сўнг қабулият берилди. Тириклигида ҳам, вафот этганидан кейин ҳам олимлар унга мурожаат қилишди ва қилишаяпти.
Унинг тафсирига уч мингдан ортиқ тафсир, ҳошия ва таълиқлар битилди. Жуда кўп инсон ундан фойда олди ва олмоқда!
"Ар-риҳлатул Айёшийя" асаридан Абдулазим АКРОМ