Илм келажакка тикилган энг яхши сармоя. Ёш авлодни билимли қилиш миллат буюклигига хизмат қилади. Шу мақсадда ёшларнинг илм олиши ва жамият учун фойдали инсон бўлишига мамлакатимизда жуда катта эътибор қаратилмоқда.
Мана шундай эзгу ниятлар йўлида янги ўқув йили бошланиши олдидан республикамизда фаолият юритаётган имом-хатиблар саховатпеша инсонларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжманд оилаларнинг 10 минг нафар фарзандига қарийб 3 миллиард сўмлик мактаб формаси, ўқув қуроллари ва сумкалар ҳадя қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай хайрли тадбирлар кўплаб эҳтиёжманд оилалар мушкулини осон қилиб, фарзандларини кўнглини шод этиши баробарида илм олишлари учун жуда катта кўмак бўлди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи нозил қилган ваҳийси, Қуръони каримнинг энг аввалги оятларида бутун инсониятни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюриб: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”, деган (Алақ, 1-5).
Шунингдек, барчамизга маълум бўлган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, илм олмоқчи бўлган ўқувчи ёшларнинг таълим олишига китоб ва дафтарлар олиб бериш, зарурий ўқув қуроллари билан таъминлаш ҳам улкан савобли амаллардандир. Айниқса, кимки моддий ёрдамга муҳтож ўқувчига ҳомийлик қилса, унга ҳам талабанинг савобидек, ажр-мукофот берилади, дея умид қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликка далолат қилувчи-ундовчи ўша яхшиликни қилувчи каби ажр олур”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Азизлар, қўли очиқ кишилар илм олувчи ёшлардан хабар олиб, уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турсалар, ажр устига ажр бўлади. Маълумки, илм ривожи учун сарфланган маблағлар куни келиб, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилиши баробарида икки дунё саодатига омил бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ўртасида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг республика ва халқаро майдонида фаолияти” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шавкатжон Хамдамов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Мусохон домла Аббосиддинов иштирок этдилар.
Учрашув аввалида Мусохон домла Аббосиддинов иштирокчиларни меҳмонлар билан таништириб, ташрифнинг асосий мақсади ва мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. У кишининг таъкидлашича, бундай учрашувлар талабаларнинг дунёқарашини бойитиш, амалиётдаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириш ва уларни масъулиятли йўлга рағбатлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Музаффар Камолов ўз маърузасида динимиз равнақи, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, масжидлар фаолиятини такомиллаштириш йўлида қилинаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, битирувчи курс талабаларига қаратилган қимматли тавсиялар ҳам берилди. У киши талабаларга амалиёт давомида бириктирилган масжидларда холис ният билан, виждонан ва масъулият билан хизмат қилиш, бу хизматни Аллоҳ розилиги учун адо этиш кераклигини таъкидлаб ўтдилар.
Шавкатжон Хамдамов мамлакатимизда сўнгги йилларда диний соҳа ва халқаро алоқалар йўналишида эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидига кўра: Диний идоранинг халқаро нуфузи юксалиб бормоқда, бир қатор нуфузли ташкилотлар билан янги меморандумлар имзоланмоқда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирда 5 та йирик халқаро ташкилотга аъзо, шунингдек, Муфтийлар кенгашининг ҳам тўлақонли аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Шавкатжон Хамдамов бу имкониятлар диний соҳамизга берилган катта эътибор ва ишонч белгилари эканини, уларни қадрлаш ва масъулият билан ишлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонларнинг эзгу фикр ва тавсиялари ёш авлоднинг мустақил фикрлайдиган, билимли, халол ва виждонли диний соҳа ходими бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.
Таълим муассасаси Матбуот хизмати