Агар газеталардан бирида ушбу хабар нашр қилинмаганида ва унинг ҳақиқатан содир бўлганлиги аниқланмаганида эди, мен бу хабарга ишонмаган бўлар эдим. Гап шундаки, бир аёл ўз уйида тўшакда ётиб вафот этган ва кўп қаватли иморатда у билан бирга яшайдиган аҳоли бундан бехабар ҳолатда аёлнинг жасади шу ҳолича бир йил қолиб кетган. Шу иморатдаги уйларнинг бирига ўт тушганда уйдагиларни қутқариш учун келган қутқарувчилар тасодифан бу ҳолатни кўриб қолишган. Шунгача бирор кимса аёл ҳақида сўрамаган, у аёлнинг кўринмай қолганини ҳеч ким сезмаган ҳам.
Мана, замонавий маданиятимиз бизларни қай ҳолатга олиб келди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши йўқ, ҳар ким ўз ҳолича эрта кетиб кеч келади ва ён атрофидагиларга умуман аҳамият бермайди. Аслида, Ислом дини буни қабул қила олмайди.
Ислом динимиз таълимотида шундайки, қўшни гўё ўзимизнинг бола чақамиз, ота-онамиз, наслу насабимиз, қуда андамиз каби қадрлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшни ҳақида доимий тарзда васият қилганларидан, яқин келажакда қўшнилар бир-бирларига меросхўр бўлсалар керак, деб ўйлаб қолдим”.
Ҳозирги аҳволимизга қарасак, бир уйда мотам, бошқа уйда тўй, бир хонадонда мусибат, қўшнисиникида ўйин-кулгу... Гўё бу икки хонадон ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқдек, бир-бирида ҳаққи йўқдек.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳу уйларида қўй сўйилганда: "Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадия қилдингларми, яҳудий қўшнимизга ҳам гўшдан бердингларми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман, у зот бундай деганлар: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшни ҳақида доимий тарзда васият қилганларидан, яқин келажакда қўшнилар бир-бирларига меросхўр бўлсалар керак, деб ўйлаб қолдим”, деб айтардилар.
Дарвоқе, жамиятдаги инсонларни ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга олиб борадиган энг яқин йўл бу ҳар бир инсон ўзининг қўшниси билан алоқасини мустаҳкамлашидир. Зеро, жамиятлар қўшнилардан таркиб топар экан, ҳар бир қўшни ён қўшниси билан алоқани боғлаши, жамиятнинг ўзаро жипслашишини келтириб қаради. Ушбу алоқаларни янада мустаҳкамлашга тарғиб қиладиган таълимотлардан бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қўшниси оч бўлатуриб тўқ юрган киши мўмин эмасдир”.
Ён қўшниси вафот этсаю, тасодиф билан фош бўлмагунча бир йил давомида уни сезмай юрсалар. Бу оғир мусибат. Аслида бундан бошқа ижтимоий мусибатлар ҳам кўп. Ана шу мусибатларни маҳв этиш учун жамият бирлашмоғлиги, ўзаро алоқаларни мустаҳкамламоғи лозим.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий мақоласидан
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ таржимаси.
Ўзбекистонда ушбу сана муносабати билан анъанавий равишда “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилади.
ЎзА хабарига кўра, ҳафталик тадбирлари доирасида бугун Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ва бир қанча ташкилотлар вакиллари “Янги Ўзбекистон” боғида Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйиб, халқимизнинг озодлик йўлидаги жасоратига эҳтиром билдирди.
Сўнг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экилди. Кўчат экиш тадбири турли миллат вакилларини атроф-муҳитни асраш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришдек умумий мақсад йўлида бирлаштирди.
Шунингдек, ҳафталик доирасида “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди. Дин ишлари бўйича қўмитада бир гуруҳ юртдошларимиз “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, диний конфессиялар вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳамюртларимиз, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ҳафталик доирасида ўтказилаётган тадбирлар 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш, ёшларни мамлакатимиздаги маданий хилма-хиллик билан яқиндан таништириш ҳамда жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати