Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Декабр, 2025   |   8 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:20
Шом
17:05
Хуфтон
18:24
Bismillah
28 Декабр, 2025, 8 Ражаб, 1447
Мақолалар

Неъматларни сўзлаш шукрдир

17.09.2024   6381   2 min.
Неъматларни сўзлаш шукрдир

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу ан­ҳудан ривоят қилинади: «Набий соллал­лоҳу алайҳи ва саллам минбарда туриб дедилар: “Ким озига шукр қилмаса, кў­пига ҳам шукр қил­майди. Ким одамларга раҳмат айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир, уни тарк қилиш но­шукрликдир. Жамоат раҳматдир, тар­қоқлик азобдир” (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти). 

“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди”. Шунинг учун седанадек арзимаган нарса берган кишига ҳам раҳмат айтиш лозим. 

“Ким одамларга раҳмат айтмаса, ­Ал­лоҳ­­га ҳам шукр қилмайди”. Яъни одам­лар­нинг яхшилиги, эҳсонига раҳмат айтиш, миннатдорлик билдириш кимнинг табиати ва одатида бўлмаса, Аллоҳнинг неъматларига ҳам шукр қилмайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон кел­тир­ганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўл­сангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят). 

Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш, Уни улуғлаш, Унинг беҳисоб неъматлари эътирофи, шукронасидир.

“Аллоҳнинг неъматларини гапириш шукрдир...”. Яъни Аллоҳнинг неъмат­ларини билдириш уларга шукр қилиш­дандир. Аллоҳ таоло марҳамат қи­лади: “Раббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят). 

Шукр уч хил бўлади:

◥ тил шукри – неъматни гапириш билан;

◥ аъзолар шукри – хизмат қилиш, ибодат қилиш билан;

◥ қалб шукри – барча неъматлар Аллоҳ таоло­дан эканини эътироф қилиш билан.

“...уни тарк қилиш ношукрликдир”. Яъни неъматларни гапирмаслик, бекитиш ношукрликдир. Ориф зотлардан бири дейди: «Неъматларни сўзлаш уларни берувчи Аллоҳни эслаш, бошқаларга эслатишдир. Бу эса, қалбларда У Зотга муҳаббат пайдо қилади. Акс ҳолда, бекитиш афзалдир.

“Жамоат раҳматдир, тарқоқлик азобдир”. Яъни мусулмонларнинг жам бўли­ши, бирдам, якдил бўлиши Аллоҳ таолодан раҳ­матдир, савоб ва яхшиликлар­нинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Абу Нуъайм раҳимаҳуллоҳ “Ҳилятул ав­лиё” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳ ра­ҳи­маҳуллоҳдан нақл қилади: “Пайғам­барлардан бири Аллоҳ таолодан Балъам ибн Боуронинг унга берилган мўъжиза ва кароматлардан маҳрум бўлиши сабабини сўради. Шунда Аллоҳ таоло деди: “У бир куни Мен берган неъматга шукр қилмади. Агар у бир мартагина шукр қилганида эди, ундан неъматимни олиб қўймас эдим”. 

Бизга берилган неъматлар шу қадар кўп ва турли-тумандир. Лекин кўпчилигимиз неъматларга кўмилиб яшасак-да, ҳоли­миздан нолиймиз. Ҳолбуки, улар ҳақи­да озгина фикр юритиб, уларни берган Зот­га: “Буларнинг барчаси Сенинг улуғ фазлингдан, берган неъматларингга розимиз”, деб иқрор бўлишимиз лозим. 

Мансур ЎРАЛОВ,

Сирғали туманидаги “Нўғай қурғон”

жоме масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Янги кун қачондан бошланади?

09.07.2025   14533   1 min.
Янги кун қачондан бошланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.

Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.

Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.