Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жамоат бўлиб дуо қилиш ҳақида Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “Омийн”, деса, албатта Аллоҳ уларни ижобат қилади”, дедилар (Имом Ҳоким, Имом Табароний ривояти).
“Кашфул қиноъ” китобида қуйидагилар айтилган: “Имом Бомдод ва Асрдан кейин ўша пайтда фаришталар ҳозир бўлиши эътиборидан дуо қилади. Қавм “Омийн”, деб туради. Шунда ижобатга яқин бўлади. Шунингдек, мазкур иккисидан бошқа намозларда ҳам дуо қилади. Чунки фарз намозидан кейинги пайт дуо қабул бўладиган вақтлардандир”.
Шунингдек, намоздан кейин Қуръон тиловат қилиш ҳам савобли амаллардан саналади. Қуръон ўқувчига улкан савоблар, буюк фазллар хабарини берганидек, уни тингловчига ҳам ана шундай гўзал ажр ҳамда улуғ мукофотлар бордир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳнинг китобидан бир оят тинглаган кишига зиёда яхшиликлар ёзилади, Аллоҳнинг китобидан бир оят тиловат қилган кишига Қиёмат кунида нур бўлади”.
Имом Лайс ибн Саъд айтадилар: “Ҳеч ким Қуръон тингловчидан кўра тезроқ раҳматга эришмайди. Чунки Аллоҳ таоло: “Қуръон тиловат қилинганда, уни тингланг ва жим туринглар, шояд, раҳматга эришсангиз” деб марҳамат қилган”.
Ҳанафий уламоларимиз кишининг Қуръон тинглаши ўзи қироат қилишидан афзалдир, дейишади. Чунки тингловчи Қуръон тинглаши билан фарзни адо қилади. Қуръон қироати эса, фарз эмас.
Ҳанафий олими Абу Суъуд раҳматуллоҳи алайҳ: “Қуръон тинглаш қироат қилишдан савоблироқдир, чунки тинглаш фарз, қироат фарз эмас”, деганлар.
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.