Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июл, 2025   |   20 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:22
Қуёш
05:03
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:59
Хуфтон
21:32
Bismillah
15 Июл, 2025, 20 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Мўминларни яхши кўриш иймондандир

20.09.2024   8048   2 min.
Мўминларни яхши кўриш иймондандир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ри­воят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўмин (ий­монли) бўлмагунингизча жаннатга кир­майсизлар, бир-бирларингизни яхши кўрмагунингизча мўмин (иймонли) бўлмайсизлар. Ўзаро бир-бирингизни яхши кўришингизга сабаб бўладиган ишни айтайми? Орангизда саломни ёйинглар!» (Имом Муслим «Саҳиҳ»ида ривоят қилган).  
 

Жаннатга кириш шарти иймонли бў­лишдир. Ҳадисдаги: “Мўмин (иймонли) бўлмайсизлар” жумласидан мурод “комил иймонли” бўлмайсизлардир. Ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амрларига амал қилиши лозим.


Салом мусулмоннинг бошқа мусулмон­ларга нисбатан қалбидаги муҳаббатнинг тасдиғидир. Салом бериш билан инсон қаршисидаги кишига хотиржамлик ула­шади. Чунки “Ассалому алайкум” дейиш тинчлик, саломатлик тилашдир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам баъзида саҳобаларига савол бериб, баъзида улардан жавобини сўрардилар, баъзан аксинча бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу тарзда саҳобалар қалбларида Ислом аҳкомлари ва одобларини мустаҳкам ўрнатганлар.


Шунингдек, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга салом бериш­нинг одоблари ва тартибларини ҳам ўр­гатганлар: уловдаги пиёдага; ёлғиз киши кўпчиликка; ёш катталарга салом беради.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ри­воят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичик каттага, ўтиб кетаётган ўтирганга, камчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Биринчи бўлиб салом бериш кишининг яхшилиги, қалби поклиги белгисидир.


Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу­дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Му­сулмон биродари билан уч кундан ор­тиқ аразлашиши ҳалол эмас. Учраш­ганларида униси ҳам, буниси ҳам юз ўгириб кетади. Уларнинг яхшиси би­ринчи салом берганидир” (Имом Бухорий ривояти). 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «У зот ўтирган бир неча одамлар олдига келиб: “Сизларнинг яхшингиз ва ёмонингиз кимлигини айтайми?” дедилар. Улар ҳеч нима дейишмади. У зот саволларини уч марта такрорладилар. Шунда бир киши: “Ҳа, ё Расулуллоҳ, яхши­миз ва ёмонимиз кимлигини айтинг”, деди. У зот: “Яхшингиз яхшилиги умид қилинадиган, ёмонлигидан қўр­қилмайдиган кишидир. Ёмонингиз эса яхшилиги умид қилинмайдиган, ёмонлигидан қўрқиладиган кишидир”, дедилар» (Имом Термизий “Сунан”ида ривоят қилган). 

Манбалар асосида

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Аёл киши эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими?

14.07.2025   1802   1 min.
Аёл киши эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Аёл киши уйида эрига иқтидо қилиб намоз ўқиса бўладими? Агар жоиз бўлса, аёл қаерда туради?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, аёллар уйда эрлари ёки бошқа эркак маҳрамларига иқтидо қилган ҳолда жамоат бўлиб намоз ўқишлари жоиз бўлади. Бу борада аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ бундай зикр қиладилар:

“Агар имом билан бир аёл намоз ўқимоқчи бўлса, унинг орқасида туради. Чунки аёлни эркак билан бир сафда ёнма-ён туриши эркакнинг намозини бузади. Агар имомдан ташқари бир эркак ва бир аёл бўлса, эркак имомнинг ўнг томонига ва аёл эса, орқасида туради. Агар имомдан ташқари икки эркак ва битта аёл бўлса, икки эркак имомнинг орқасида ва битта аёл уларнинг орқасида туради. Агар эркаклар ва аёллар ҳамда ёш ўғил ва қиз болалар жамоат бўлиб намоз ўқимоқчи бўлсалар, у ҳолда имомнинг орқасида дастлаб балоғатга етган эркаклар туради. Сўнг балоғатга етмаган ёш ўғил болалар, сўнг балоғатга етган аёллар, сўнг ёш қизлар турадилар” (“Бадоеус-саноеъ” китоби). Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази