Йиғилишда 2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Унда Наманган вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов иштирок этиб, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, уламоларнинг вазифаси дин ғами, халқ дарди ва юрт тақдири йўлида астойдил хизмат қилиш, дин пешвоси сифатида, аҳоли, айниқса, ёшларни тўғри йўлга бошлаш, яхшиликни, ҳалолликни, илм олишни тарғиб қилиш, одамлар орасини ислоҳ қилиб, уларни аҳилликка, бирдамликка, оқибатли бўлишга ундашдан иборат эканини қайд этди.
Учқўрғон туманидаги имом-хатиб ва имом-ноиблар ўзларига бириктирилган маҳаллалар билан мунтазам алоқада бўлиб, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларни олдини олиш, кексаларни ҳурмат қилиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш таъкидланди.
Йиғилишдан сўнг Мусохон домла тумандаги "Қосим қори" жоме масжидида намозхонлар билан кўришиб, дилдан суҳбат қилди. Шунингдек, қурилиши бўлаётган “Абдулҳамид ҳожи Абдураҳмон ўғли” жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш топшириғини берди.
Шунингдек, тумандаги чекка ҳудудда фаолият юритаётган масжид имом-хатиби Рустамов Маҳмудхонни хонадонидан хабар олиб, яшаш шароитлалари билан яқиндан танишиб, уларнинг ҳаққига дуои ҳайрлар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ