Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Тинчликка даъват этувчи анжуман

26.09.2024   5334   2 min.
Тинчликка даъват этувчи анжуман

Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Пойтахтимиз ва Хивада ўтказиладиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро анжуманда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари, АЙСЕСКО, ИРСИКА каби халқаро исломий ташкилотлар раҳбарлари, Саудия Арабистони, Миср, Россия, Туркия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари муфтийлари, Покистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Европа давлатларининг номдор уламолари ҳамда тадқиқотчилари иштирок этадилар.

Шунингдек, мазкур анжуманда бугунги мураккаб даврда минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича маърузалар ўқилади, тажриба алмашилади ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. Юртимиз яна бир катта анжуманга мезбонлик қилиб, бутун дунёни яна бир бор тинчлик-хотиржамлик, эзгу амаллар ҳамроҳлигида яшашга даъват этади.


Тинчлик сўзи эшитган ҳар бир инсон кўнглига ором бағишлайди. Лекин ҳозир ер юзидаги қанчадан-қанча инсонлар тинчликка зор яшамоқда. Турли минтақаларида содир бўлаётган урушларда минглаб бегуноҳ инсонлар қони тўкилмоқдаки, бундай ачинарли ҳолатлар тинч-осойишта юртда яшаётган ҳар бир кишини шукрга, огоҳликка, сергакликка, тинчликни қадрлашга ундамоқда.


Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: «Икки неъмат борки, бу икки неъматдан кўп инсонлар ғафлатдадирлар: тани-сиҳатлик ва тинчлик-хотиржамликдир».


Ҳаётдаги барча ютуқлар ва гўзал неъматлар тинчлик туфайли қўлга киритилади. Аммо кўпчилик буни эсламайди, парво ҳам қилмайди. Ўтмишда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ёки ўша вақтда фронт ортининг оғир кунларини бошдан кечирган кексаларимиз ўша вақтларни ёдга олсалар “урушнинг номи ўчсин”, дейдилар.


Ҳа, урушнинг номи ўчсин. Уруш ёшу қари, эркагу аёл ёхуд катта-кичик демайди. Бугун сайёрамизнинг уруш ўчоғига айланган жойларида юз бераётган қўпорувчиликлар, қонли тўқнашувлар, тобора кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлаётгани барчани ташвишга солмасдан қўймайди.


Динимизнинг эзгу шиори мужассам бўлган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги халқаро анжуман халқимиз, мўмин-мусулмонлар, бутун инсоният учун манфаатли бўлади, деб умид қиламиз. 

Муҳаммаднаби ОРИПОВ,
Риштон тумани бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Ёмон туш кўрганда нима қилинади?

16.07.2025   8799   2 min.
Ёмон туш кўрганда нима қилинади?

Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.

Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.

Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.