Халқаро анжуманда иштирок этган турли мамлакатлар муфтийлари, таниқли уламолар, исломшунос тадқиқотчи ва диний соҳа вакиллари нуфузли тадбирдан сўнг Хива шаҳридаги муборак қадамжоларни зиёрат қилдилар.
Мартабали меҳмонлар Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуасида жойлашган Муҳаммад Раҳимхон, Шерғозихон, Муҳаммад Амин Иноқ мадрасалари, Саййид Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи ҳамда Жума масжиди сингари табаррук масканлар билан яқиндан танишиб, мутахассислардан улар тўғрисида атрофлича маълумот олишди.
Дунё уламолари Ўзбекистон замини қадим маданият, буюк цивилизация ва улуғ мутафаккирлар юрти эканига бевосита гувоҳ бўлдилар.
Мажмуада Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, азиз авлиёларнинг руҳи покларига бағишланди. Шу билан бирга, фазилатли уламолар юртимиз ва бутун дунёда тинчлик ва фаровонлик ҳукм суриши, динимиз ривожи ва Ислом олами халқлари тинчлик ва эзгулик йўлида доимо ҳамкор бўлишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Аллоҳ таоло айтади: "Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур" (Муҳаммад сураси, 6-оят).
Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: "Жаннат аҳли жаннатдаги уйларини таниб олишади. Ҳатто бир киши жаннатда ўз уйига дунёдаги уйига келгани каби бориб олади", деди.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: "Яъни, улар жаннатда ўз манзилларини осон топадилар", деди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ: "Бу оят мўминларга берилган улуғ бир муждадир. Чунки дунёда улар сабр қилдилар, иймонларини мустаҳкам тутдилар. Энди жаннатда ўз маконларини Аллоҳнинг ҳидояти билан осонгина топадилар. Бу Аллоҳнинг уларга лутфидир", деди.
Аллоҳ таоло мўминлар ва тақводорларни Ўзи уларга тавсифлаб, таърифлаб берган жаннатга киритади. Бу жаннат улар учун аввалдан тайёрланган ва улар унда ўз манзилларини худди дунёдаги уйларини билгандек, осонгина топадилар.