Хива шаҳрида давом этаётган “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзуидаги халқаро конференцияда Халқаро мусулмон уламолари кенгаши раиси Али Муҳйиддин Қорадоғий, Мусулмон донишмандлари кенгаши ҳузуридаги Тинчлик тадқиқотлар маркази ижрочи директори Самир Будинар, Миср муфтийси доктор Назир Муҳаммад Айёд, Ҳиндистон “Дар ал-Ҳуда” Ислом университети проректори Жамолуддин Надави, Булғор ислом академияси доктори Сайфул Асрий, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Таған ўғли, Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез, Туркия Текирдағ университети профессори Халит Эрен, Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази лойиҳа директори Карим Ифрак сўзга чиқиб, анжуман мавзуси бўйича маъруза қилдилар.
Жумладан, қатнашчилар юртимиздан буюк аллома ва уламолар етишиб чиққани, уларнинг илмий меросини ўрганиш бугунги кунда нақадар муҳим эканлиги, шунинг билан бирга, уларда Исломнинг асл инсонпарварлик моҳияти очиб берилгани, энг улуғ неъматлардан бўлган тинчлик ва омонликни асраб-авайлаш борасида долзарблигини йўқотмайдиган чақириқлар акс этганини таъкидладилар.
Ҳозирги пайтда исломофобия, айрим давлатлар ўртасида турли мажоролар давом этаётгани, глобаллашувнинг салбий жиҳатлари авж олаётгани қайд этилиб, бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун динимиз таълимотларини чуқур ўрганиш, ёшлар ўртасида илмни тарғиб қилиш лозимлиги қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, иштирокчилар мавзу доирасида бир қатор эзгу ташаббусларни илгари сурдилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат йўллаб, анжуман декларациясини қабул қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирда Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этди.
Сеул шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Корея мусулмонлари жамоати бош имоми Ли Жу Хва-Абдураҳмон Ли билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мезбон имом юртимиз уламоларини ташриф билан қутлаб, бундай манфаатли ташрифларни тез-тез ташкил этиш, бу хусусда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан шартнома имзолангани, шартномага мувофиқ алоқаларни янада мустаҳкамлаш лозимлигини айтиб ўтди. Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ зотларимизнинг ислом тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиз мусулмон олами эътиборини қозонганини, юртимизда амалга оширилаётган бугунги ислоҳотларни эътироф этди.
Ўз навбатида, юртимиз вакили мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётгани, диний идораларнинг муносабатлари равнақ топаётгани, имомларимизнинг ушбу давлатга сафар қилишлари анъана тусини олгани, бундай ҳамкорлик икки давлат мусулмонлари учун ҳам ҳар томонлама манфаатли бўлишини таъкидлади.
Томонлар бир-бирларига эсдалик ҳадялар топширишди.
Зайниддин домла Эшонқуловдан Сеул шаҳридаги 1250 кишилик марказий масжидда жума намозини ўқиб бериш сўралди. Бу ҳам бўлса, кунчиқар мамлакат мусулмонларининг юртимиз алломаларига бўлган юксак эҳтироми ифодасидир.
Жума намозидан сўнг Зайниддин домла ватандошларимизга муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломларини етказиб, ҳалол касб қилиш, ризқни кенгайтирадиган амаллар, оила муқаддаслиги, фарзанд неъмати ҳақида диний-маърифий суҳбат қилиб берди.
Шунингдек, учрашувда ҳамюртларимизга улар яшаётган мамлакат қонун-қоидаларига амал қилишлари, мусулмонлик одобига риоя этишлари эслатиб ўтилди. Улар эгаллаган билим-малакалари келгусида юртимиздаги турли соҳалар ривожи ҳамда аҳоли фаровонлигида ҳам иш беришига умид билдирилди.
Сеул марказий масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этилган 5 турдаги диний-маърифий буклетлар тарқатилиб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати