Cавол: Саҳарлик қилиб, рўза тутган аёл ифтордан олдин, масалан, пешин вақтида ҳайз кўриб қолса, кечгача ўзини рўзадор каби туриши керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор ҳолдаги аёлнинг кўрган қони ҳайз экани аниқ бўлса, ифторгача рўзадор ҳолда турмайди. Чунки у ҳайз кўриши билан рўзаси очилиб кетади ва унга еб-ичиши жоиз бўлади. Аммо буни ошкора қилмайди. Ифторгача ҳеч нима еб-ичмайман деб, емай-ичмай юриши тўғри эмас. Жумладан, “Ҳошиятут Таҳтовий”да бундай дейилган:
“(Рўзадор) аёл ҳайз ёки нифос кўриб қолса, оғзи очилади ва қазосини тутиб беради. У ўзини узрли кишиларга ўхшатиши шарт эмас. Чунки бундай аёлнинг рўза тутиши ҳаром бўлиб, ҳаромга ўхшатишлик ҳам ҳаромдир. Куннинг бир қисмида мусофир ўз шаҳрига етиб келса, касал тузалиб қолса, мажнун ҳушига келса, ҳайзли, нифосли аёл пок бўлиб қолса, буларнинг барчаси еб-ичишдан тийилиб туриши вожибдир. Саҳиҳ гап мана шу”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
#xabar #muftiy #anjuman
Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари дунёда тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва мусулмон уммати ҳамжиҳатлиги йўлида уламолар ҳамкорлиги зарурлиги тўғрисида нутқ сўзладилар.
Конференцияда Халқаро ислом фиқҳи академияси Бош котиби Қутуб Мустафо Сано, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равиль Гайнутдин, Миср Бош муфтийси маслаҳатчиси Иброҳим Нажм, Муҳаммад бин Зоид номидаги гуманитар фанлар университети ректори Халифа Муборак ал-Доҳарий ва Бразилия мусулмон уюшмалари федерацияси вице-президенти Али Ҳусайн ал-Зоҳби каби давлат ва дин арбоблари, уламолар ўз маърузалари билан чиқиш қилдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бутун дунёда мураккаб вазият ҳукм сураётган, айниқса, инсоният турли қийинчилик ва муаммоларга дуч келаётган бир паллада зиёлилар, дин пешволари ва уламоларнинг ўзаро муштарак мақсадларда саъй-ҳаракат қилиши ҳамда дунё халқларини тинчлик, биродарлик, аҳилликка даъват этишлари жуда долзарб эканига урғу қаратдилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ўзаро тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда динимиз таълимотини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини иштирокчилар эътиборига баён этдилар.
Анжуман доирасидаги тадбирлар ва учрашувлар 5 сентябрь куни ҳам давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати