Cавол: Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва Қиёматга яқин тушишлари ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз. Чунки ҳозирда айрим кишилар бунга шубҳа қилишмоқда.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Исо алайҳиссаломнинг кўтарилишлари ва Қиёматга яқин тушишларига ҳар бир мўмин инсон имон келтириши фарз ҳисобланади. Бу ақидага шубҳа қилиш – кишининг имонига путур етказиб қўяди, Аллоҳ асрасин . Чунки у зотнинг осмонга кўтарганлари ва Қиёмат олдидан тушишлари борасидаги ҳадислар маънавий мутавотир - инкор қилиб бўлмас даражага етган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур...”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилганлар).
Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва Қиёмат олдидан ерга қайтиб тушишларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бошлаб ҳозиргача барча мусулмонлар бирдек эътиқод қилиб, ишониб келадиган ақидавий масаладир.
Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилишлари қуйидаги оятда келади: “Биз уларнинг “Аллоҳнинг Расули Масиҳ Исо ибн Марямни ўлдирдик”, деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, фақатгина гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ мулкида ғолиб ва ўта ҳикматли зотдир” (Нисо сураси, 157-158-оятлар). Исо алайҳиссалом ҳам жасад, ҳам руҳлари билан осмонга кўтарилганлар ва Қиёматга яқин тушадилар.
Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари Қиёмат аломатлари экани таъкидланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Албатта, у (Исо) қиёмат соати белгисидир. Бас, сиз у (Қиёмат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир” (Зухруф сураси, 61-оят).
Замондош уламолардан Доктор Ҳамза Бакрий “Исо алайҳиссаломнинг тушишларини инкор қилиш Аҳли суннада ҳам, мўътазила ёки бошқа турли фирқаларда учрагани маълум эмас, бу бузуқ ақида яқинда пайдо бўлди”, дейди.
Аллома Кашмирий раҳимаҳуллоҳ Исо алайҳиссаломнинг тушишлари ҳақида алоҳида китоб ёзиб, Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва тушишлари борасидаги далиллар инкор этиб бўлмас даражада кўп эканини таъкидлаганлар ва унда Исо алайҳиссаломнинг Қиёматга яқин тушишлари ҳақида 100 дан ортиқ ҳадислар келтирган. Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бу муҳаддис Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг буюк устози, фазилатли Шайх Абдуллоҳ Сирожиддин раҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сўзларидир.
У зот бу насиҳатни Шайх Аввомага талабалик йилларининг бошларида айтган эдилар. Бунга сабаб, Шайх Аввома бир кеча Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ўқиган шубҳали бир воқеага аниқлик киритиш учун устозларига мурожаат қилганлари бўлган.
Шайх Муҳаммад Аввома бундай дейдилар: “Шайх Абдуллоҳ бизга бешинчи курсда ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур “Ал-Ихтиёр” китобидан дарс берар эдилар. Бир куни мен у кишининг ҳузурларига Исломга улкан хизмат қилган буюк имом – Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги ғалати бир ривоятни ўқиб келдим.
Ривоятда айтилишича, Имом Бухорийдан бир эчкининг сутини эмган икки гўдак – бир ўғил ва бир қиз – кейинчалик ўзаро никоҳланишлари мумкинми, деб сўрашибди.
Ҳикояга кўра, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ уларнинг никоҳланишлари мумкин эмас, деб жавоб берган эканлар. Шундан сўнг, гўёки шаҳар олимлари бу фатвони жоҳиллик деб баҳолаб, Имом Бухорийни сургун қилган эмиш.
Мен бу воқеани Шайх Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳга айтиб берганимда, у зот хотиржамлик ва донолик билан:
— Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг, — дедилар”.
Шайх Муҳаммад Аввома давом этиб бундай дейдилар:
“Аллоҳга қасамки, бу сўз мен учун улкан сабоқ бўлди. Бу ҳаёт давомида амал қилишим керак бўлган бир мезон, хулқий қоидага айланди. Устозим бутун бошли одоб ва тафаккур дастурини битта жумлада жамлаб бердилар. Мен бу насиҳатни бундан эллик йил аввал эшитганман. Энди эса бошқалар ҳам ундан фойда кўришлари учун келтирмоқдаман”.
Биз учун сабоқ
Бу воқеадан олинадиган биринчи сабоқ шуки, қачонки биз шубҳали ёки билмаган маълумотга дуч келсак, дарҳол илмли ва ишончли кишилар билан маслаҳатлашишимиз керак.
Афсуски, бугунги кунда кўпчилик эшитган ёки ўқиган маълумотини текширишга уринмайди. Бу эса кўпинча жиддий ва аянчли оқибатларга олиб келади. Агар маълумот ўша соҳанинг ишончли мутахассисидан бўлмаса, биз ҳар қандай даъвони кўр-кўрона қабул қилмаслигимиз керак.
Ижтимоий тармоқлар тузоғи
Ижтимоий тармоқлар инсониятга мислсиз даражада кенг ахборот оламини тақдим этди. Бироқ унинг энг катта хавфларидан бири оммавий ёлғон ва дезинформациянинг тез тарқалишидир.
Кўпчилигимиз ўқиган нарсамизнинг барчасига ишонишга мойилмиз. Ҳолбуки, ушбу мақоланинг асосий мақсади айнан бундан қайтаришдир.
Баъзан одамлар хабарнинг мазмунига эмас, уни юборган кишига қараб ишонадилар. Ваҳоланки, у ҳам бу маълумотни бошқа бировдан олган бўлиши мумкин.
“Нусха кўчириш ва жойлаштириш” одати
Бугунги кунда одамларнинг асл манбага мурожаат қилмасдан маълумотларни кўчириб тарқатишлари одатий ҳолга айланган. Бу ҳам нотўғри ёндашувдир.
Бундай одатнинг энг катта зарарларидан бири шуки, хабар бир неча қўлдан ўтгач, унинг асл манбаси ва маъноси бутунлай йўқолиб кетади. Натижада, маълумотнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини текшириш имконсиз бўлиб қолади.
Аслида, бу маълумот ишончлими? Балки у бошидан охиригача тўқима ва асоссиздир?
Шу сабабли яна бир бор огоҳлантирамиз:
Ўқиганларингизнинг ҳаммасига ҳам ишонманг!
Бу насиҳатга амал қилиш бугунги кунда осон эмас. Чунки кўпчилик одамлар уларга етиб келган ҳар қандай маълумотни текширмасдан қабул қилишга одатланиб қолган.
Аллоҳ таоло бизга ҳақиқатни англашни, маълумотларни тўғри баҳолашни ва фойдали илмга амал қилишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД