Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов бу борада қуйидагича фикр билдирди:
– Бағрикенглик масаласи бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Дунёдаги айрим ўзига хос келишмовчиликлар, низоли, қон тўкишли ҳолатларни афсуски, барчамиз кўриб турибмиз. Шундай вазиятда тинчлик, бағрикенглик, хотиржамликнинг нечоғли муҳим ва долзарб экани кўриниб турибди.
Ўзбекистонда қадимдан турли миллат ва диний конфессия вакиллари иноқликда истиқомат қилиб келгани тарихдан яхши маълум. Бу диёр ўзининг бағрикенглиги, саховати, меҳмондўстлиги билан бутун дунёда ном қозонган.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги барқарор, тинч ва осойишта муҳит бутун минтақага ўзининг ижобий таъсирини ўтказиб келаётгани кўп эътироф этилаётган мавзулардан биридир. Зеро, мамлакатимиздаги тинчлик ва хотиржамлик, осуда ҳаёт айнан бағрикенглик тамойиллари билан узвий боғлиқдир. Чунки инсон бошқаларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлса, кечиримлилик фазилатига эга бўлса, унда дўстона яшаш кўникмаси шаклланганидан дарак беради. Ўзбек халқининг қонида шундай фазилатларнинг борлиги эътиборга моликдир. Президентимизнинг бугунги олиб бораётган сиёсати ҳам айнан бағрикенглик тамойилларига асослангани билан аҳамиятга моликдир.
Давлатимиз раҳбари БМТнинг 72-сессиясида юқори минбарлардан туриб,“Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусларни илгари сурдиларки, бу ташаббусни 200 га яқин давлат якдиллик билан қабул қилди. Бу Ўзбекистондаги тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик масалалари билан бевосита боғлиқдир. Ушбу жиҳатларни жаҳондаги барча давлатлар юксак эътироф этаётганини ҳам албатта, таъкидлаш керак бўлади.
Мамлакатимизда кўплаб диний йўналишдаги таълим масканлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, ҳамюртларимизнинг муборак Ҳаж ва Умра амалларини эмин-эркин адо этишлари учун давлатимиз раҳбари томонидан барча шароитлар тўлиқ яратилган. Бу йилнинг ўзида 15 минг нафардан ортиқ фуқаролар Ҳаж ва Умра амалларини бажарди. Аслида бағрикенглик, ўзгаларни ҳурмат қилиш, қадрлаш борасидаги эзгу ишлар, диний конфессиялараро бағрикенгликка доир саъй-ҳаракатлар амалдаги қонунчиликка риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Турли динларга эътиқод қилувчи одамлар Ўзбекистонга бемалол келиб, бу ердаги тинчлик, осойишталик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги аҳилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасидаги эзгу ишларга жуда юқори баҳо бермоқдалар. Айни пайтда диний-маърифий адабиётларни чоп этиш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Бағрикенглик, ўзгаларни ҳурмат қилиш ва қадрлаш борасидаги эзгу ишлар, барча саъй-ҳаракатлар қонунчилик доирасида амалга оширилаётгани эътиборга моликдир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ