#yil_imomi #tanlov
Бугун, 13 ноябрь куни Республикамиз масжидларида фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар иштирокида интиқиб кутилган “Йил имоми – 2024” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар имом домла ўзаро беллашди.
Нуфузли мусобақа иштирокчилари Қуръони карим қироати ва тафсири, ақида, фиқҳ, Ислом тарихи, ҳадис илмлари, алломалар ижодига оид саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, меҳнат фаолиятлари давомида амалга оширган салмоқли ишлари ва ОАВларида эълон қилинган ижодларини намойиш этдилар.
Қатнашчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мезонлар асосида баҳоланди.
Танлов натижаларига кўра, қуйидаги иштирокчилар совринли ўринларга муносиб деб топилди:
1-ўрин – Наманган вилояти “Ҳомиддин қори” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммад Бобир домла Насриддиновга I даражали диплом ва Ҳаж сафари йўлланмаси;
2-ўрин – Тошкент шаҳридаги “Фирдавс” жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторовга II даражали диплом ва 16 млн. сўм пул мукофоти;
3-ўрин – Тошкент вилояти “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби Ёқуб домла Бухарбаевга III даражали диплом ва 13 млн. сўм пул мукофоти топширилди.
Шунингдек, танловнинг "Йилнинг энг фидоий имоми" Қорақалпоғистон Республикаси “Мулла Исҳоқ” жоме масжиди имом-хатиби Алтинбек домла Зинуллаев ва Хоразм вилояти “Мирҳошим бобо” жоме масжиди имом-хатиби Оллаберган домла Ғойиповга насиб этди.
Мусобақа якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Йил имоми – 2024” соҳибига Ҳаж йўлланмасини топшириш асносида эзгу тилак ва хайрли дуоларни билдирдилар.
Танловнинг барча иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Аллоҳ таоло ғолибларга мукофотларни муборак айлаб, барча иштирокчиларнинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
MUSLIM.UZ
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати