Таҳлилнома
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир бой киши ҳеч ким билмаслиги учун қурбонлик қилинадиган қўйларни махфий равишда садақа қилишни хоҳлади. У ўз қўйларига фақат ўзи биладиган махсус белгилар қўйган эди. У хизматкорларидан бири орқали қўшни қишлоқдаги энг муҳтож, кўп фарзандли ва камбағал оилаларга биттадан семиз қўчқорларни юборди. Бу бой кишининг гўзал одати шундай эдики, у кўп садақа қиларди-ю, лекин буни хизматкорларидан бошқа ҳеч ким билмасди.
Бир куни бой киши бозорда юриб, тўсатдан кечагина қўшни қишлоққа садақа қилиб юборган қўчқорларидан бирини камбағал кишининг қўлида кўриб қолди. Бой киши жуда ҳайрон бўлиб, ичида деди: “Бу қўчқор менинг садақаларимдан-ку! Хизматкорим уни мана шу одамга берган бўлса, нега у буни сотяпти? Демак, бу одам муҳтож эмас экан, хизматкорим манзилда адашибди”.
Бой киши камбағалга яқинлашиб сўради:
— Бу баҳайбат қўчқорни ўзинг боққанмисан ёки бирор савдогардан сотиб олдингми?
Камбағал киши табассум билан жавоб берди:
— Аллоҳга қасамки, на униси ва на буниси. Бунинг ажойиб қиссаси бор. Кеча эшигим тақиллади, қарасам, бир нотаниш киши турибди. У менга: «Бу қўчқорни сизга хожам ҳадя қилди», деди-ю, хожасининг исмини айтмай кетди. Кўриб турганингиздек, бу қўчқор жуда катта. Менинг эса худди ўзимдек ўта муҳтож, серфарзанд бир қўшним бор. У ҳайит учун нафақат қўй, балки гўшт ёки товуқ сотиб олишга ҳам қурби етмайди. Шунинг учун бу қўчқорни сотиб, пулига иккита кичикроқ қўй олмоқчиман: бирини ўзимга, иккинчисини эса ўша муҳтож қўшнимга бераман.
Бу гапларни эшитган бой киши йиғлаб юборди ва деди:
— Барака топ, сенга хушхабар бўлсин! Роббимиз: “Сизлар суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсиз” (Оли Имрон сураси) деб айтганида ҳақ эди. Сен ўзинг шу гўштга жуда муҳтож бўла туриб, эҳсон қиляпсан.
Қўшнининг ҳолидан хабардор бўлиш – мана шу ҳақиқий Исломдир! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёнидаги қўшниси оч ўтириб, ўзи тўқ ухлаган киши биздан эмас” деб айтганлар.
Бой киши сўзида давом этди:
— Эй биродар, мен бу катта қўчқорни сендан сотиб оламан. Мана пулини ол-да, бориб иккита қўй сотиб ол. Сен мендан ва менга ўхшаган бойлардан кўра сахийроқ экансан. Чунки бойлар боридан, кенгчиликдан инфоқ қиладилар, сен эса йўқчилик ва танглик ҳолида эҳсон қиляпсан.
Қани эди биз ҳам камбағалларнинг ҳолидан хабар олсак... Агар ҳар бир бой ўз қўшниларидан хабардор бўлганида эди, юртимизда бирорта ҳам камбағал қолмасди. Агар ҳар бир бой закотини чиқарганида эди, юртда бирорта муҳтож қолмасди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ