Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Албатта, анбиёлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди", деганларини эшитдим, деган эканлар".
Абу Довуд ва Термизий ривояти
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ собир (сабрли)ларни Ўз лутфи карами билан мукофотлаб, хос бандаларидан айлади. Яратган марҳамат қилди:
“Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси, 10-оят).
Аллоҳ Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга амр этди:
“Бас, гўзал сабр айла!” (Маориж сураси, 5-оят).
Бошига бало, мусибат тушган одам одамлар орасида ички изтиробини билдирмай, ўзини одатий тарзда тутса, у гўзал сабр этувчилардандир.
Аллоҳ мўминларга ўз нафслари билан курашишда, шунингдек, одамлар билан ўзаро муносабатда сабр кўрсатишларини буюрди:
“Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабр-тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш – жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким (шунда) шояд нажот топгайсизлар!” (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Аллоҳ қўллаб-қувватламаса банда сабр этолмаслигини ҳам Аллоҳнинг Ўзи уқтиради:
“Сабр кўрсат, бу эса фақат Аллоҳнинг ёрдами билангина мумкин бўлур!” (Наҳл сураси, 127-оят).
Сабр фазилатини ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтирганлар:
“Сабр – диннинг ярми, ҳақиқий илм ва комил ишонч эса диннинг ҳаммасидир (тўлиқ диндир)” (Алқамадан ривоят қилинган, Баззор ривояти).
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, шунингдек, яна айтганларки: “Мусибатда сабр этиб, Аллоҳ лутфидан умид қилиб ризолик кўрсатиш, қуллар озод этишдан ҳам афзалроқдир” (Имом Суютий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Мусулмоннинг сабри ва дуоси нақадар гўзал қуролидир!” (Ибн Аббос ривоят қилган).
Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ибодатларнинг қадрлиси – қийинчиликдан сўнг мўллик, енгиллик келишига умид қилиш ва ишонишдир” (Табароний).
Саҳобий ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу марҳамат этадилар: “Иймон учун сабр тан учун бош кабидир”.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.