Жорий йилнинг 18 июль кунидан “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббус доирасида юртимизда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари кенг қулоч ёйди.
Эътиборлиси, ҳаёт тажрибасига эга ҳожи ота, ҳожи оналарнинг тарғибот ишларини олиб бориш, шукроналик ҳиссини янада кучайтириш ва дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш борасидаги фидойиликлари ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, шу йилги ҳожи ота ва ҳожи оналар имом-хатиб ва маҳалла фаоллари билан бирга маҳаллаларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотинч, ажрим ёқасида турган ҳамда моддий ва маънавий кўмак зарур бўлган оилалар ҳолидан хабар олиб, қимматли ваъз-насиҳатлар билан уларнинг кўнгилларига илиқлик олиб кириш баробарида хайрия ва эҳсонлар улашмоқдалар.
Оилавий низоларни бартараф этиш, ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш, нотўғри йўлга кириб қолган ёшларга тўғри йўл кўрсатиш каби масалалар ижобий ҳал этилаётгани қувонарли ҳолдир. Мазкур ташаббус доирасида ишсиз фуқаролар ишга жойланди, уйи таъмирталаб бўлганларнинг хонадонлари обод қилинди. Эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Бу ишларга ҳудудий ҳокимликлар, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бош-қош бўлиб, Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳалла раислари, фаоллари, имом-хатиблар, ҳожиларга маҳаллаларда амалга ошириладиган тадбирлар бўйича доимий тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, 11103 нафар ҳожилар ўз маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, профилактик ҳисобда турувчи, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, нотинч оила, ажрим ёқасида турган фуқароларга бириктириш ишлари ташкил этилди.
Бириктирувга асосан, 18 июль – 4 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида 1889 та, Андижон вилоятида 5811 та, Бухоро вилоятида 2144 та, Жиззах вилоятида 6144 та, Навоий вилоятида 874 та, Наманган вилоятида 6700 та, Самарқанд вилоятида 9001 та, Сирдарё вилоятида 1361 та, Сурхондарё вилоятида 1797 та, Тошкент вилоятида 2058 та, Фарғона вилоятида 2066 та, Хоразм вилоятида 4165 та, Қашқадарё вилоятида 4217 та, Тошкент шаҳрида 5116 та, жами 53 343 та тадбирлар ўтказилди.
Ҳудудларда 11103 та ҳожилар иштирокида 313 138 та фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, маҳалла раислари, имом-хатиблар билан биргаликда суҳбатлар ташкил этилди.
Маҳаллалардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга маҳалла ва ҳожилар томонидан 3 млрд. 238 млн. 541 минг сўм миқдоридаги моддий ёрдам, 3 млрд. 682 млн. 635 минг сўм миқдоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.
Шунингдек, 4818 марта тинчлик қадри ва шукронилик, 3318 маротаба ёшлар тарбияси, иллатларга қарши кураш, 2697 маротаба илм-маърифатга тарғиб, 3565 маротаба ёт ғояларга қарши кураш, 7462 маротаба оилавий жанжал ва ажримлар йўналишларида ишлар олиб борилди.
Шу кунга қадар, умум ҳисобда 53 343 та тадбирлар ўтказилиб, унга 313 138 нафар фуқаро қамраб олинди.
Мазкур хайрли ташаббус доирасидаги ишлар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчилари Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро имом ва воизлар тайёрлаш академиясида малака оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Делегация аъзолари икки ҳафталик ўқув дастури давомида мисрлик исломшунос олимлар билан араб тилини ўрганиш, таълим тизимида инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, исломшунослик йўналишидаги янги ёндашувлар ва кўникмалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашди.
Малака ошириш курслари доирасида Ал-Азҳарда фаолият юритувчи таниқли имомлар томонидан маърузалар ташкил этилди. Хусусан, профессор Аҳмад ат-Таййиб турли мамлакатлардан келган уламолар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро илмий-академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.
Дастур давомида араб тилини ўқитишнинг замонавий стратегиялари, илғор педагогик ёндашувлар ва тил кўникмаларини амалиётга самарали татбиқ этиш масалаларига бағишланган маърузалар, амалий машғулотлар ҳамда семинарлар ҳам ўтказилди.
Ўқув дастури сўнггида Ал-Азҳар халқаро академияси президенти, профессор Ҳасан ас-Сағир ҳамда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакили тингловчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва фаоллигини юқори баҳолаб, ушбу курс халқаро миқёсда илмий ва даъват салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашувда курс давомида тайёрланган энг яхши амалий лойиҳалар муаллифлари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати