Инсон ўзига баҳо беришда тўртта жиҳатга алоҳида эътибор бериши керак:
• Моддий баҳолаш (қиз боланинг кийим-кечаклари, тақинчоқлари ва ҳоказо);
• Қобилиятни баҳолаш (муҳим ишларни қила олиш. Масалан, дарсларни ўзлаштириш, овқат пишириш, бозорлик қилиш, оилани асраш ва шунга ўхшаш ҳаётий муваффақиятлар);
• Ижтимоий муносабатни баҳолаш (оилавий алоқалар, дўсту биродарлар, ҳаётда муҳим ўрин тутадиган инсонлар билан алоқа);
• Аллоҳга муносабатни баҳолаш (ибодатлар, Аллоҳга етишишга тайёргарлик).
Инсон ўзига баҳо беришда мана шу жиҳатларнинг ҳаммасини эътиборга олиши керак. Биргина жиҳатини эътиборга олиб, ўзига баҳо бериши мутлақо нотўғри. Масалан, бир қизнинг ижтимоий алоқалари, ҳаётда тутган ўрни, мавқеи – ҳаммаси жойида, лекин ташқи кўриниши унчалик жозибадор эмас. Бечора қиз «Ҳамма нарсани ташқи кўриниш ҳал қилади» деб билади. Шунинг учун ўзига ниҳоятда ёмон баҳо беради. Бахтга эриштирадиган жуда кўп нарсаларга эга бўлса-да, ўзини бахтсиз ҳис қилади.
Энди бошқа бир қизни олайлик. У ногирон, лекин ўзига юқори баҳо беради, чунки ўзидаги афзалликларнинг барчасини кўра олади. Аъзоларидан йўқотганларини ибодатлар билан тўлдиради. Руҳиятидаги кемтикларни гўзал ижтимоий алоқалар билан тўйинтиради. Шунинг ўзи унга тақдирдан розилик, бахт-саодат туҳфа қилади.
Бу ҳадис – бахтли оила қуриш тамойилларидан биридир. Бу ҳадис эркакларга ўз аёлига одилона муносабатда бўлишни ўргатади, аёлларга ҳам ўз эрига қандай муносабатда бўлишни кўрсатиб беради. Ҳар икки томон жуфтининг яхши хислатларини кўришга ҳаракат қилсин. Ёқтирмайдиган бирор феъли бўлса, шу сабабли жуфтидан нафратланмасин, дарҳол унинг яхши тарафларини кўз олдига келтирсин. Шунда тинчланиб, қалбига осойишталик киради, натижада бу оила саодат қасрига айланади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, қиз бола ўзига, ҳаётига гўзал услубда ёндашиши керак. Ўзида бирор ёқимсиз жиҳатни кўрса, бундан бошқа, ҳаётини гўзалликка тўлдирадиган кўплаб яхши тарафлари борлигини ёдга олсин. Шунда албатта бахтли бўлади.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати