Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Қандай қилиб ўзингизга тўғри баҳо беришингиз мумкин?

17.12.2024   5393   2 min.
Қандай қилиб ўзингизга тўғри баҳо беришингиз мумкин?

Инсон ўзига баҳо беришда тўртта жиҳатга алоҳида эътибор бериши керак:

• Моддий баҳолаш (қиз боланинг кийим-кечаклари, тақинчоқлари ва ҳоказо);
• Қобилиятни баҳолаш (муҳим ишларни қила олиш. Масалан, дарсларни ўзлаштириш, овқат пишириш, бозорлик қилиш, оилани асраш ва шунга ўхшаш ҳаётий муваффақиятлар);
• Ижтимоий муносабатни баҳолаш (оилавий алоқалар, дўсту биродарлар, ҳаётда муҳим ўрин тутадиган инсонлар билан алоқа);
• Аллоҳга муносабатни баҳолаш (ибодатлар, Аллоҳга етишишга тайёргарлик).

Инсон ўзига баҳо беришда мана шу жиҳатларнинг ҳаммасини эътиборга олиши керак. Биргина жиҳатини эътиборга олиб, ўзига баҳо бериши мутлақо нотўғри. Масалан, бир қизнинг ижтимоий алоқалари, ҳаётда тутган ўрни, мавқеи – ҳаммаси жойида, лекин ташқи кўриниши унчалик жозибадор эмас. Бечора қиз «Ҳамма нарсани ташқи кўриниш ҳал қилади» деб билади. Шунинг учун ўзига ниҳоятда ёмон баҳо беради. Бахтга эриштирадиган жуда кўп нарсаларга эга бўлса-да, ўзини бахтсиз ҳис қилади.

Энди бошқа бир қизни олайлик. У ногирон, лекин ўзига юқори баҳо беради, чунки ўзидаги афзалликларнинг барчасини кўра олади. Аъзоларидан йўқотганларини ибодатлар билан тўлдиради. Руҳиятидаги кемтикларни гўзал ижтимоий алоқалар билан тўйинтиради. Шунинг ўзи унга тақдирдан розилик, бахт-саодат туҳфа қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: "Мўмин мўминани ёмон кўрмасин, чунки ундаги бир хулқни ёқтирмаса, биридан [ёки "бошқасидан"] рози бўлади" (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис – бахтли оила қуриш тамойилларидан биридир. Бу ҳадис эркакларга ўз аёлига одилона муносабатда бўлишни ўргатади, аёлларга ҳам ўз эрига қандай муносабатда бўлишни кўрсатиб беради. Ҳар икки томон жуфтининг яхши хислатларини кўришга ҳаракат қилсин. Ёқтирмайдиган бирор феъли бўлса, шу сабабли жуфтидан нафратланмасин, дарҳол унинг яхши тарафларини кўз олдига келтирсин. Шунда тинчланиб, қалбига осойишталик киради, натижада бу оила саодат қасрига айланади.

Юқорида айтиб ўтилганидек, қиз бола ўзига, ҳаётига гўзал услубда ёндашиши керак. Ўзида бирор ёқимсиз жиҳатни кўрса, бундан бошқа, ҳаётини гўзалликка тўлдирадиган кўплаб яхши тарафлари борлигини ёдга олсин. Шунда албатта бахтли бўлади.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев 
таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сув ичишдаги 5 суннат

18.07.2019   12614   1 min.
Сув ичишдаги 5 суннат
  1. Бисмиллоҳни айтиш.

 

  1. Ўнг қўлда ичиш.

 

  1. Дам олиб, (идишнинг ташқарисида) нафас олиб, учга бўлиб ичиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликда уч марта нафас олар эдилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Ўтириб ичиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз тик туриб ичмасин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: "Сувни ўтириб ичиш соғлиқ учун фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун зарарлидир".

 

  1. Ичиб бўлгач, Аллоҳга ҳамд айтиш.

“Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб Унга ҳамд айтганидан, ичимлик ичиб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Даврон НУРМУҲАММАД