Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
الحَمْدُ للهِ الَّذِي جَعَلَ الْمَاءَ طَهُورًا
«Алҳамду лиллаҳиллазий жаъалал ма`а тоҳуро» (Сувни пок қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин), дейди.
Оғиз чайқаётганида:
اللهُمَّ اسْقِنِي مِنْ حَوْضِ نَبِيِّكَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَأْسًا لاَ أَظْمَأُ بَعْدَهُ أَبَدًا
«Аллоҳуммасқиний мин ҳавзи набиййика соллаллоҳу алайҳи васаллама каъсан ла азмау баъдаҳу абада» (Эй Роббим, мени пайғамбарнинг ҳавзидаги сув билан суғор, ундан кейин ҳеч ҳам чанқамайин), дейилади.
Бурун чайқаётганида:
اللهُمَّ لاَ تَحْرِمْنِي رَائِحَةَ نَعِيمِكَ وَجَنَّاتِكَ
«Аллоҳумма ла таҳримний роиҳата наъиймика ва жаннатик» (Эй Роббим, неъматларинг ва жаннатингнинг ҳидидан мени маҳрум қилма), дейилади.
Юзни юваётганида:
اللهُمَّ بَيِّضْ وَجْهِي يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وَتَسْوَدُّ وُجُوهٌ
«Аллоҳумма баййиз важҳий йавма табйаззу вужуҳун ва тасвадду вужуҳ» (Эй Роббим, юзлар оқ ва қора бўладиган кунда юзимни оқ қилгин), дейилади.
Икки қўл ювилаётганида:
اللهُمَّ أَعْطِنِي كِتَابِي بِيَمِينِي، اللهُمَّ لاَ تُعْطِنِي كِتَابِي بِشِمَالِي
«Аллоҳумма аътиний китабий бийамийний, Аллоҳумма ла туътиний китабий бишималий» (Эй Роббим, номаи аъмолимни ўнг қўлимдан бер, чап қўлимдан берма), дейилади.
Бошга масҳ тортилаётганида:
اللهمَّ حَرِّمْ شَعْرِي وَبَشَرِي عَلَى النَّارِ وَأَظِلَّنِي تَحْتَ عَرْشِكَ يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلاَّ ظِلُّكَ
«Аллоҳумма ҳаррим шаърий ва башарий ъалан нари ва азилланий таҳта ъаршика йавма ла зилла илла зиллук» (Эй Роббим, сочимни ва юзимни дўзахга ҳаром қил ва мени соялар бўлмайдиган кунда аршингни остида соялантир), дейилади.
Икки қулоққа масҳ тортилаётганида:
اللهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ القَولَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ
«Аллоҳуммажъалний миналлазийна йастамиъунал қовла файаттабиъуна аҳсанаҳ» (Эй Роббим, сўзларни эшитиб, уларнинг яхшисига эргашадиганлардан қил), дейилади.
Икки оёқ ювилаётганида:
اللهُمَّ ثَبِّتْ قَدَمَيَّ عَلَى الصِّرَاطِ
«Аллоҳумма саббит қодамаййа ъалас-сирот» (Эй Роббим, сирот кўпригида қадамимни собит қил), деб ўқилади.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан
Маскат, 2026 йил 3 ноябрь. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Ўмон Султонлигига амалий ташрифини бошлади. Ташрифда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, Марказ Илмий кенгаши аъзолари — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ҳамда Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Шорустам Шомансуров иштирок этмоқда.
Ташриф доирасида делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди, хабар бермоқда iccu.uz..
Учрашувда Ўмон томони бошқарманинг асосий фаолият йўналишлари, тарихий ҳужжатларни реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштиришда қўлланилаётган замонавий технологиялар ҳамда илғор тажрибалар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, муассасанинг илмий нашрлари ва китоб тўпламлари тақдим этилди. Делегация аъзоларига бошқарма фаолияти ва унинг муҳим лойиҳаларига бағишланган видеоматериал ҳам намойиш қилинди.
Музокаралар давомида илмий ва маданий-тарихий ҳамкорликни ривожлантириш, архившунослик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳужжатли меросни асраб-авайлаш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.
Мулоқотнинг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларга бағишланган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси бўлди.
Доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний икки халқнинг тарихий муштарак жиҳатлари, турмуш тарзи, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ҳамда тарихий нумизматика соҳасидаги алоқаларини чуқур тадқиқ этиш таклифини илгари сурди.
Ҳамкорлик истиқболларига тўхталар экан, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний қуйидагиларни таъкидлади:
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақанинг бой тарихий, илмий ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш учун катта имкониятлар яратмоқда. Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат тараққиёти, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва кенг кўламли маърифий ташаббусларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз. Давлат раҳбарининг эзгу мақсад ва режалари рўёбга чиқишини тилаймиз. Ишонамизки, Ислом цивилизацияси маркази билан Ўмон муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик янги илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарихий манбалар алмашиш ва қўшма кўргазма лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади».
Ўз навбатида, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муассаса фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг уч йиллик дастурини ишлаб чиқишга киришдик. Ушбу дастурнинг асосий йўналишларидан бири халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий муассасалар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Ишончим комилки, Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг, айниқса, тарихий ҳужжатлар ва қўлёзмалар билан ишлаш борасидаги тажрибаси ушбу дастур доирасида муҳим аҳамият касб этади ва мутахассислар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Ташриф дастури Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан танишиш орқали давом этди. Делегация аъзолари тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва сақлашга ихтисослашган бўлимларда бўлиб, архив материалларини муҳофаза этишнинг замонавий усуллари, махсус ускуналар ва технологик жараёнлар билан танишдилар.
Айниқса, тарихий ҳужжатларга зарар етказиши мумкин бўлган замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши ишлов беришга ихтисослашган бўлим фаолияти катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар архив материалларини биологик омиллар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича қўлланилаётган амалий усуллар ва махсус жиҳозларни намойиш этдилар.
Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг етакчи мутахассиси Фаҳд бин Муборак ал-Дамдамий тажриба алмашиш ва соҳавий кадрларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади:
«Ушбу соҳадаги 16 йиллик фаолиятим давомида архив меросини сақлашда замонавий лаборатория технологиялари ва мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги нақадар муҳим эканига амин бўлдим. Бизда зарур ускуналар ва тажрибали мутахассислар жамоаси мавжуд. Шу боис ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишга ва уларни иш жараёнида қўлланилаётган усуллар билан таништиришга тайёрмиз».
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Ўмон Султонлигига амалий ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати