Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:44
Пешин
12:25
Аср
15:15
Шом
17:00
Хуфтон
18:19
Bismillah
19 Декабр, 2025, ,
Мақолалар

Умар розияллоҳу анҳуни йиғлатган воқеа

03.01.2025   4847   1 min.
Умар розияллоҳу анҳуни йиғлатган воқеа

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Байҳақий, Ибн Мунзир ва ал-Ҳоким Абу Имрон ал-Жунийдан ривоят қиладилар:

«Умар розияллоҳу анҳу бир роҳибнинг олдидан ўтиб кетаётиб, тўхтади. Роҳиб чақирилди ва унга: «Бу мўминларнинг амири», дейишди.

Бас, Умар унга синчиклаб қараб чиқди. Роҳибнинг таркидунё қилиб, чарчаб-ҳориб, қийналгани кўриниб турар эди. Умар унинг бу ҳолини кўриб, йиғлади. Унга:

«Бу насроний!» дейишди.

«Билдим, лекин унга раҳмим келди. Аллоҳ азза ва жалланинг «Амал қилувчилар, чарчовчилар. Қизиган ўтга кирурлар», деганини эсладим. Унинг чарчаб, ижтиҳод қилиб туриб, дўзахга кирганига раҳмим келди», деди Умар».

Залолат йўлини танлаб, ўзини беҳуда қийнаб юрган инсонга раҳми келиб, йиғлаш учун инсон ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг қалби каби буюк қалбга соҳиб бўлиши керак. Аллоҳ таолонинг Иймон-Ислом деб аталмиш улуғ неъматига муяссар бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига етган бахт-саодатнинг бошқаларга ҳам насиб этишини чин мусулмон сифатида жуда ҳам истар эдилар. Шунинг учун ҳам роҳибни кўрганларида чидаб тура олмай, йиғлай бошладилар. Атрофларидаги кишилар бу ҳақиқатни англаб етмай, ўзларича бошқача таъвил қилдилар. Улар: «Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу одамнинг нас­роний эканлигини билмасдан, ҳавас қилиб йиғламоқдалар», деб тушундилар. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу унинг кимлигини билганлари ва шунча ўзини қийнагани билан иймони бўлмаганлиги учун дўзахга киришини ўйлаб йиғлаётганларини айтдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Барча ёмонликлардан ҳимояда бўлиш зикри

03.11.2025   6897   1 min.
Барча ёмонликлардан ҳимояда бўлиш зикри

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозидан кейин оёғини йиққан ҳолида туриб, гапирмасдан олдин ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ъала кулли шайин қодийр» деса, унга ўн ҳасанот ёзилур, унинг ўн хатоси ўчирилур, унинг ўн даражаси кўтарилур. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсалардан ҳимояда бўлур ва шайтондан сақланур. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса», дедилар.

Дуонинг маъноси: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқдир, мулк ва ҳамд Унгадир, тирилтирур ва ўлдирур, ва У ҳамма нарсага қодирдир".

Деярли кўпчилик машойихлар ва ўтган азизлар ушбу ривоятда келган дуони ўзларига кундалик вазифа қилиб олганлар. Ҳар бир киши бунга амал қилмоғи лозим. Чунки бомдод намозидан кейин ўрнидан турмай, оёқлари йиғилган ҳолда, дунёвий гапларни гапирмай туриб бу дуони ўқиган одамга кўпгина яхшиликлар ваъда қилинмоқда:

1. Унга ўн ҳасанот ёзилур.
2. Унинг ўн хатоси ўчирилур.
3. Унинг ўн даражаси кўтарилур.
4. Ўша куни у барча ёқимсиз нарсадан ҳимояда бўлур.
5. Шайтондан сақланур.
6. Ўша куни уни гуноҳ ҳам тутмас, магар Аллоҳ таолога ширк келтирмаган бўлса. Агар Аллоҳ таолога ширк келтирган бўлса, иши чатоқ бўлади.

Бу ҳадиси шарифга амал қилишни йўлга қўйиш керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузидан

Мақолалар