Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.
Хабарингиз бор, 2025 йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Бугун, 10 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, ҳожилар, отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирокида Хонқа туманидаги «Сайид ота» жоме масжидида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг Хайрулла домла Абдуллаев ҳудуддаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмаклар кўрсатди ҳамда ҳақларига хайрли дуолар қилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда имом-хатиблар, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиблари ва отинойилари, шунингдек, “Ҳаж – 2025” зиёратчилари, маҳалла раислари иштирокида тумандаги маҳаллаларга ташриф буюрдилар.
Маҳалладаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олинди. Шунингдек, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин, ўртасидаги келишмовчилик ва жанжаллар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, уларга насиҳат қилинди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Шунингдек, адашиб ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган фуқаролар билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларга исломнинг соф таълимоти ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда тумандаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ҳамда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Мазкур тадбирлардан сўнг Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати