Тушкунлик қондаги кортизол миқдорининг камайиб кетишига олиб келади, ғазаб эса қонда адреналин ва тироксин миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлади. Агар инсон қаттиқ ғазабланиш, ташвиш, уйқусизлик ва тушкунлик ҳолатига тушса, у осонгина ошқозон яраси, диабет, ичакларнинг қисқариши, қалқонсимон без касалликлари ва юрак хуружи каби касалликларнинг қурбонига айланади. Бу касалликларнинг ягона давоси эса, меҳр-муҳаббат кўрсатиш, хушҳоллик кайфиятини уйғотиш, кенгбағрлик ва софдилликдир.
Мустафо Маҳмуд "Қуръоний янги психология" китобида бундай ёзади: "Исломда руҳий муолажанинг энг юқори чўққиси зикр бўлади. Бу - қалб, тил, аъзолар, хулқ-атвор ва амаллар билан Аллоҳ таолони зикр қилмоқдир.
У ҳар сўз ва ишда, доимий ва узоқ вақт Ҳазрати илоҳийни эслашдир.
Шифо, ҳимоя, омонлик ва хотиржамлик зикрдадир.
Чунки зикр банда билан Парвардигор ўртасида узилган ришталарни улайди. Нафсни айрилиб қолган манбасига боғлайди. Ишни Эгасига топширади.
Зеро, бу борлиқда нафснинг айбларини Яратгандан кўра билувчироқ ва муолажасига қодирроқ ҳеч ким йўқдир".
Дарҳақиқат, нафл намозлар, Қуръон тиловати ва "Астағфируллоҳ", "Субҳаналлоҳ", "Алҳамдулиллаҳ", "Аллоҳу акбар" каби сўзларни айтиш зикр дейилади.
Янада кенгроқ айтилса, ҳар амални бажаришда Аллоҳ таолони ёдда тутиш - зикр.
Масалан, овқатланганда, юрганда, ўтирганда, савдо қилганда Аллоҳни ёдга олинадиган турли зикрлар ҳадис китобларида келади.
Мустафо Маҳмуднинг мазкур сўзларига амал қилиб кўринг, руҳий тушкунлик қандай йўқолишига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Мустафо Маҳмуднинг "Сирлар олами" китобидан
Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.
Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ....
Абдулқодир Полвонов