Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Уламолар мавлид ҳақида

27.01.2025   12266   21 min.
Уламолар мавлид ҳақида

Уламоларнинг мавлид борасидаги фикрлари хакида маълумот ахтариш давомида биринчи булиб Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатул муҳтож фи шарҳил минҳож» китобидаги матн эътиборимни тортди. Уни ўқиб чиккач, мазкур маълумотларни мақсадни баён қилиш учун етарли деб билиб, бошқаларини ахтаришдан воз кечдим. Мазкур матнни сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул деб топдим. Чунки мазкур матндан кўп нарсаларни англаб олиш имкони бор экан. Жумладан, мавлид ҳақида баҳс юритган уламоларнинг вакиллари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.

Мазкур матн бошидан-охиригача машҳур аллома, ҳофиз Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳга оид бўлиб, биз номини айтиб ўтган китоб эгаси Ибн Ҳажар Ҳайтамий у кишидан тўлиқ кучирган.

Матнни эътиборингизга ҳавола қилишдан олдин унда номи зикр қилинган ва мавлидни қўллаб-қувватлаган уламолар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак, масалани англаб етишга ёрдам берар, деган умиддамиз.

Ҳофиз Жалолиддин Абу Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий. Муҳаққиқ ва машҳур олим. Ғоятда машҳур ва фойдали китоблар муаллифи. Ҳижрий 849 сананинг ражаб ойида таваллуд топган. Саккиз ёшлигида Қуръонни хатм қилган. Кўплаб матнларни ёд олган. Ёзган китобларининг сони беш юзтадан ошган. Китобларининг шуҳрати ҳақида гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ.

Бу зот ўз замонасининг ҳадисга оид барча илмларида ҳам пешқадам бўлган. У киши икки юз минг ҳадисни ёддан билган ва «Яна бошқаларини топсам, ёдлар эдим», деган. Қўшимча тарзда айтадиган бўлсак, ҳаммага маълум ва машҳур «Жалолайн» тафсирининг икки муаллифидан бири ҳудди шу имом Жалолиддин Суютий бўладилар.

Энди Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Ҳажар Ҳайтамийнинг машҳур «Туҳфатулмуҳтож фи шарҳил-минҳож» китобидаги матнни шарҳлашга ўтайлик. Шарҳдан ажраб туриши учун матннинг остига чизиқ қўйдик.

«Ҳофиз Суютийнинг фатволарида, «Валийма» бобида рабиъул-аввал ойида мавлидун-Набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бўладими, йўқми, шу ҳақда сўралди.

У киши қуйидаги жавобни берди:

«Менинг жавобим шуки, аслида одамлар жамланиб, муяссар бўлганича Қуръон тиловат қилинса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарлар, у зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизалар ривоят қилинса ва охирида уларга егулик улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетиладиган бўлса, бу иш бидъати ҳасанадир.

Уни қилган одамга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади».

Ҳофиз Жалолиддин Абу Фазл Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг мавлид ҳақидаги бу фатволаридан бир неча хулосалар чиқариб оламиз.

1. Мавлид бидъати ҳасанадир.

Мавлидда қуйидаги ишларни қилишга рухсат берилади:

2. Қуръон тиловати.

Иложи бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги оятларни ўқиб, ҳар қавм ўз тилида тафсир қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

3. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларининг аввалида бўлган хабарларни ривоят қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилиш даврларидаги жаҳолат ҳолатини, у зотнинг хайр-барака бўлиб туғилганларига оид саҳиҳ ривоятларни ўқиб, таржима ва шарҳ қилиб берилса, халқ оммаси керакли маълумотни олган бўлади.

4. У зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилиш.

Бунда асоссиз, муболағали ва тўқима хабарлардан эҳтиёт бўлиш лозим. Баъзи китобларда ана шундай нарсалар аралашиб қолганини унутмаслик керак. Ҳадис ва ишончли сийрат китобларида келган хабарларнинг ўзи етарли.

5. Охирида егулик улашиш.

Бунда ҳам ҳаддан ошмаслик, исроф ва ношаръий нарсаларга йўл қўймаслик лозим.

6. Бошқа нарсаларни зиёда қилмай тарқалиб кетиш.

Яъни юқорида зикр қилинган нарсалардан ортиқча иш қилмаслик керак. Баъзилар «Бундан бошқа нима бўлиши мумкин», дейишлари мумкин. Бошқа ерларда, хусусан, арабларда мавлид маросимларида турли бидъат ва хурофот ишлар пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам имом Жалолиддин Суютий бу шартни алоҳида таъкидламоқдалар.

7. Мавлид қилган одамга савоб берилиши.

Бу савоб мавлид қилган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун берилади.

Кейин яна қуйидагиларни зикр қилган:

«Буни биринчи бўлиб қилган шахс Ирбил ҳукмдори Малик Музаффар бўлган. Унинг ҳузуридаги мавлидга уламо ва сўфиларнинг аъёнлари ҳозир бўлар эди. Сўнгра Ҳофиз Абул Хаттоб ибн Диҳя унга (Малик Музаффарга) атаб мавлидун-Набий ҳақида бир китоб тасниф қилди ва «Танвир фии мавлиди баширин-назир» деб номлади».

Имом Жалолиддин Суютийнинг маълумотлари бўйича биринчи бўлиб мавлид маросимини ташкил қилган одам Ирбил ҳукмдори Малик Музаффар бўлган.

Бу гапни бошқа уламолар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Шайх Муҳаммад Закий Иброҳим «Абжадийяту тасаввуфил исломий» номли китобда қуйидагиларни айтади:

«Мавлидун-Набийни биринчи бўлиб нишонлаган шахс Малик Музаффар (Тоғрил) Ироқдаги Ирбилнинг подшоҳи бўлган. У бу ишни имом Абу Шома ва бошқа уламоларнинг розилиги билан қилган».

Дастлабки мавлид маросимлари катта уламолар ва сўфийлар ҳузурида бўлгани алоҳида эътиборга сазовордир.

Яна мавлид ҳақида китоблар ёзилгани ҳам бежиз эмас.

«Сўнгра моликийларнинг кейингиларидан Фокиҳоний номи билан машҳур бўлган шайх Тожиддин Умар ибн Али Лаҳмий Сакандарий мавлидун-Набийнинг ёмон бидъат эканини даъво қилиб чиқди ва бу ҳақда «Ал-Маврид фил калами ъала амалил-мавлид» деган китоб ёзди».

Демак, ўша вақтда оз бўлса-да, мавлидга қарши чиққанлар ва ҳатто бу масалада китоб ёзганлар бўлган экан.

«Ҳофиз Абу Хаттоб ўша китобни аввал тўлиқ кўчира туриб, кейин бирма-бир чиройли танқид қилди ва балоғатли раддиялар берди. Аллоҳ бундай Ҳофизнинг хайрини берсин!»

Мавлидга қарши бўлганларга ўз ўрнида ва қойиллатиб илмий жавоб ҳамда раддиялар берилган экан.

«Асрнинг ҳофизи бўлмиш шайхулислом Абу Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлид ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди:

«Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақда биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга, бу иш яхшиликларни ҳам, унга зид бўлган нарсаларни ҳам ўз ичига олган. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, акси бўлади».

Аввало, бутун бошли бир асрнинг ҳофизи бўлмиш шайхулислом Абу Фазл Аҳмад ибн Ҳажар кимлигини билиб олайлик.

Бу зот ҳофиз, шайхулислом Абу Фазл Шаҳобиддин Аҳмад ибн Алий ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний бўлиб, ҳижрий 773–852, милодий 1372–1449 йилларда яшаб ўтган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг ҳадис, тарих, фиқҳ, адабиёт, усулуд-дин ва усулул фиқҳ бўйича ёзган китоблари бир юз элликдан зиёддир. Жумладан, бутун дунёга машҳур «Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий» китоби ҳам Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг қаламига мансубдир. У кишининг «Исоба фи тамйизис-саҳоба» китоби ҳам ўз бобида тенги йўқ китоблардан ҳисобланади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг мавлид ҳақидаги гаплари ҳам бу борада асос бўладиган гаплардандир. Улардан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Дастлабки уч асрда мавлид бўлмагани.
2. Ўша вақтдаги мавлидларда яхши ва ёмон нарсалар аралаш бўлгани.
3. Мавлиднинг яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлинса, бидъати ҳасана бўлиши.
4. Мавлиддан кўзланган яхши мақсадлардан бошқа нарсани аралаштириб бўлмаслиги.

Имом Жалолиддин Суютий гапларининг давомида яна қуйидагиларни айтади:

«Шу билан бирга, бу ишнинг собит асоси менга равшан бўлди:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганини кўрдилар ва: «Бу нима?» деб сўрадилар.

«Бу солиҳ кундир. Бу – Аллоҳ Бану Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, (бошқаларга ҳам) тутишни буюрдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Мана шундан муайян кунда берган неъмати ва балони рад қилгани учун Аллоҳга шукр қилиш ҳамда буни ҳар йили ўша кунда такрорлаб туриш жоизлиги истифода қилинади. Аллоҳга шукр бажо келтириш сажда, рўза, садақа ва тиловат каби турли ибодатлар билан адо этилади. Раҳмат набийси бўлмиш Набийимизнинг дунёга келишларидан ҳам улуғ неъмат борми? Ашуро кунини Мусо алайҳиссаломга неъмат ато этилган кун сифатида нишонланганидек, мавлид учун ҳам тайинли бир кунни ихтиёр қилиш жоиз бўлади. Ким айнан буни мулоҳаза қилмаса, ойнинг қайси кунида бўлса ҳам мавлид қилаверади. Баъзи бирлар бундан ҳам кенг олиб, йил бўйи қиладилар. Булар мавлиднинг аслига тегишли гаплардир.

Энди ўша кунда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, улар шукр маъносини англатадиган, аввал айтиб ўтганимиз тиловат, садақа, таом улашиш, Набийни мадҳ этувчи ва қалбларни жунбушга келтирадиган зоҳидона шеърлар ўқиш, яхшилик ва охират учун зарур ишларни қилишдан иборат бўлиши лозим.

Аммо самоъ ва лаҳв нарсалар ҳақида шуни айтиш лозимки, ҳурсандчиликка сабаб бўладиган мубоҳ нарсалар бўлса, ҳеч қиси йўқ. Лекин ҳаром ва макруҳ нарсалардан ва яхшиликка хилоф бўлганларидан тийилиш керак.

Имом Жалолиддин Суютий мавлиднинг савобли иш эканига, уни қилиш жоиз эканлигига ҳадиси шарифдан далил келтирмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яҳудийлар нишонлаб келган Ашуро кунини «Биз ҳам келаси йили шу куни рўза тутамиз», деб қабул қилишларини мавлид каби амалларни жорий қилиш жоизлигига асос қилиш мумкинлигини айтмоқдалар.

Шу билан бирга, Имом Жалолиддин Суютий мавлиднинг асли, уни қачон қилиш мумкинлиги ва унда қилинадиган ва қилинмайдиган амаллар бўйича ҳам умумий қоида бўладиган ибораларни келтирмоқдалар. Мавлид қилиш тарафдорлари бу ибораларни яхшилаб ўрганишлари ва уларга амал қилишлари лозим.

Сўнгра зикр қилиндики, Ҳофиз Ибн Носириддин ўзининг «Вирдис-содий фии мавлидил ҳодий» номли китобида қуйидагиларни айтади:

«Саҳиҳ қавлда айтилишича, ҳар душанба куни Абу Лаҳабнинг дўзаҳдаги азоби енгиллатилади, чунки у шу куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганларидан қувониб, чўриси Сувайбани озод қилган.

Шеър:

Икки қўли қурисин деб қарғиш олган бир кофир
Жаҳаннамда абадул абад қоладган бўлса ҳам,
Аҳмад туғилганидан шод бўлганди барибир,
Шунга ҳар душанбада азоби бўларкан кам.
Энди ўзинг билавер, Мустафо деб бир умр
Шод бўлган мўминга не ажру шараф бўлар жам?»

Юкорида келтирилган маънони имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида ҳам топамиз:

«Урва айтади: «Сувайба Абу Лаҳабнинг чўриси бўлган. Абу Лаҳаб уни озод қилган. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳаб ўлганидан кейин унинг аҳлларидан бири уни тушида жуда ёмон ҳолда кўриб, «Сенга нима бўлди?» деб сўраган. Абу Лаҳаб унга «Сизлардан ажралганимдан кейин Сувайбани озод қилганим учун ташналигим бироз қондирилганидан бошқа яхшилик кўрмадим», деган.

Имом Бадриддин Айний ушбу ривоятнинг шарҳида: «Суҳайлийнинг зикр қилишича, Аббос розияллоҳу анҳу шундай деган:

«Абу Лаҳаб ўлганидан бир йил ўтиб, тушимда уни жуда ҳам ёмон аҳволда кўрдим. У менга «Сизлардан ажралганимдан кейин ҳеч бир роҳат кўрмадим. Фақатгина ҳар душанба куни азобим енгиллатилмоқда», деди. Бунинг сабаби шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни туғилганлар, Сувайба Абу Лаҳабга у зотнинг мавлидларини суюнчилаган, шунинг учун Абу Лаҳаб уни озод қилган».

Бошқа уламолар ҳам мавлид қилиш жоизлигига турли далиллар келтирганлар. Аммо биз юқорида зикр қилинганлари билан кифояланамиз. Хулоса шуки, умматнинг улкан уламолари мавлиднинг жоизлигини таъкидлаганлар ҳамда керакли ҳужжат-далилларни тақдим қилганлар.

Хўш, ундай бўлса нима учун биз ушбу масалада ҳилоф қиламиз?

Мавлидга рухсат берган улуғ уламоларнинг далил-ҳужжатларига қарамай, мавлидга қаршиларнинг гаплари баъзи ношаръий ишларни рўкач қилишдан бошқа нарса эмаслигига қарамай, бир тоифа ватандошларимиз мавлидга ашаддий равишда қарши чиқишни ўзларининг асосий масъулиятлари деб биладилар. Улар «Мавлид бидъатдир, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва салафи солиҳларнинг даврида йўқ эди, кейин пайдо бўлган янги нарса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзаҳдадир», деганлар. Ким мавлид қилса, у бўлади, бу бўлади», деб такрорлашдан чарчамайдилар.

Ўз-ўзидан «Бундан нима фойда бор?» деган савол пайдо бўлади. Хилофчи тоифа бу саволга нима деб жавоб беради, билмаймиз. Аммо ўзимиз бу ҳақда ўйлаб кўрайлик.

Мавлид масаласида хилофчи тоифанинг барча гапларини қабул қилдик, деб фараз қилайлик. Бидъатнинг яхшиси йўқ, ҳаммаси залолат, дейлик. Мусулмон умматининг барчаси қадимдан ҳозиргача иттифоқ қилиб келган буюк ҳақиқатни инкор қилиб, шариатга Қуръон ва Суннатдан бошқа манба йўқ ҳам дейлик. Шунга биноан, мавлидни ҳам ҳеч нарсага арзимайдиган нарса дейлик.

Аммо «Умматнинг эътиборли уламолари ихтилоф қилган масалада талашиб-тортишиш мумкин эмас», деган қоидага нима деймиз?

«Иттифоқ қилган нарсамизда ҳамкорлик қиламиз. Ихтилоф қилган нарсамизда бир-биримизнинг узримизни қабул қиламиз», деган буюк қоида нима бўлади?!

Ахир Аллоҳга даъват қилиш, амри маъруф ва наҳий мункарнинг бош одобларидан бири уммат мункарлигига ижмоъ қилган нарсага қарши биргаликда курашиб, мусулмонлар ихтилоф қилган ижтиҳодий масалаларга шўнғимаслик эмасмиди?!

Ёки ҳаётимизда мавлиддан бошқа эътибор берадиган нарса қолмадими?

Ҳеч бўлмаганда очиғини тан олайлик, «Бу масалада мусулмонлар жумҳури билан бир гуруҳ орасида ихтилоф бор», дейлик. «Бу каби масалаларда бир-бирини маломат қилиб бўлмайди», дейлик.

 

Эслатма:

Ҳижрий 1430, милодий 2009 йили ўтказилган ҳалқаро анжуманда Африка қитъасида жойлашган Руанда давлатининг ички ишлар вазири сўзга чиқди. Бу давлатда мусулмонлар оз бўлсалар ҳам, тинчликсевар ва бағрикенг бўлганлари учун эътибор ва эҳтиром қозонибдилар. Руандада бўлиб ўтган қонли тўқнашувда иштирок этмабдилар. Бошқа диндаги кишиларга инсоний ёрдамлар берибдилар. Бошқа диндаги ватандошларини тинчликка, ярашувга, ихтилофни тарк қилиб, тинч-тотув бўлиб яшашга чақирибдилар. Вақти-соати келиб, уларнинг вакили бўлган ёш йигит ички ишлар вазири бўлибди.

Руанда ички ишлар вазири ўз сўзида ҳозирда бошқа диндагилар билан мулоқотда бўлиш, улар билан келишув асосида иш юритиш ҳақида кўп гапирилаётгани ва иш олиб борилаётгани тўғрисида эслаб ўтиб, ҳудди шу ишни мусулмонлар орасида ҳам қилиш кераклигини таъкидлади. У мусулмонларнинг арзимаган нарсаларда ҳам бир-бирлари билан ихтилофга берилиб кетишларини афсус билан таъкидлади. Вазир ўз сўзининг далили сифатида ватанида бўлиб ўтган бир ҳодисани мисол қилиб келтирди.

Мусулмонлар ўртасида қаттиқ хилоф чиқибди. Ҳилоф ҳукуматгача етиб келибдн. Ҳукумат масалани мусулмон вазирга ҳавола қилиб, ўз диндошларнни тинчитишни илтимос қилибди. Ихтилоф мавлид тўғрисида экан. Бир гуруҳ мусулмонлар мавлид ўтказишмоқчи бўлибди. Бошқа бир гуруҳ уларга «Мавлид қилмайсизлар», дея қарши чиқибди. Ихтилоф кучайиб, кечагина ҳаммани ихтилофни тарк қилишга чақириб турган мусулмонларни кечагина қирғинбарот уруш қилиб, бир-бирининг қонини тўкиб турган ғайримусулмон ватандошлар тинчликка ва келишувга чақириши керак бўлиб қолибди. Аммо ҳукумат ҳикмат билан иш юритиб, мусулмонлар орасида ихтилофга барҳам беришни мусулмон вазирга топширибди.

Вазир ихтилофчи икки тарафдан масаланинг тафсилотини эшитибди. Бир тараф мавлид қилмоқчи бўлган. Иккинчи тараф бу ишга қарши чиқиб, мавлид қилмайсан, деган. Орада нима бўлса-бўлган. Иш ҳукуматгача етиб келган. Вазир ихтилофчиларга: «Сизлар ҳам мусулмон, мен ҳам мусулмон. Ишни мусулмон банда сифатида ҳал қилишга уринаман. Агар кўнмасангиз, ички ишлар вазири сифатида қонун бўйича иш тутаман», дебди. Сўнгра ҳукмни эълон қилиб, «Мавлид қиламан деганлар қилаверсин, қарши бўлганлар қатнашмасин. Энг муҳими, орада ихтилоф бўлмасин!» дебди.
 

Мавлидчиларга

Мавлид тарафдорлари эътибор беришлари лозим ишлар ҳам анчагина. Аввало, мавлиднинг ҳақиқатини ва ундан кўзланган мақсадларни равшан билиб олиши керак. Бу ҳақиқатни бошқаларга ҳам етказиш лозим.

Энг муҳиими, мавлид маросимлари ҳақидаги майда ихтилофларга барҳам бериш зарур. Минг афсуслар бўлсинки, бу хилдаги ноқулай ҳолатлар кўпчиликни ташвишлантиришига қарамай, давом этиб келмоқда.

Айниқса, «маҳалли қиём» (мавлид ўқилаётганда ўриндан туриладиган пайт) ҳақидаги ва унда ўқиладиган матн ҳақидаги ихтилофлар кўпчиликнинг афсусига сабаб бўлмоқда. Мавлид яхши ният билан бошланган иш бўлганидан кейин унда бу каби ноқулай ҳолатларнинг юзага келиши тамоман мақсадга номувофиқ ишдир.

Маҳалли қиёмда, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари ҳақидаги хабар ўқилганда мавлид иштирокчиларининг ўриндан туришлари жуда ҳам тортишадиган масала эмас. Туришни истаганлар турсин, истамаганлар турмасин. Аммо энг муҳими, ихтилоф қилмасин, бир-бири билан жанжал қилмасин.

Ўша ўриндан туриладиган пайтда мавлиднинг қайси байтлари ўқилади – «муҳайян» деб бошланган матн ўқиладими ёки «толаъалбадру»ми, деган тортишув ҳам худди аввалгисига ўхшаш. Тортишишнинг ўрнига иккисини ҳам ўқиб қўйса, айб бўладими? Агар кимнинг айтганини аввал ўқиш тўғрисида талашув бўлса, қуръа ташлаб аниқласа бўлмайдими?

Нима қилиб бўлса ҳам, бу масалада мусулмонлар орасида ихтилоф қўзғалмаслиги учун чора кўриш керак. Мандуб бидъат нарсани қиламан деб, ҳаром ишга қўл урмаслик лозим.

Мавлид ўтказишдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини одамларга таништириш экани асло ёддан чиқмасин. Мавлидда албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қасидаларни ўқиш шарт эмас. Хусусан, даврадагилар тушунмайдиган тилда ўқилган қасида кўзланган натижани бермаслиги аниқ. Агар кимдир: «Мавлидда албатта маълум бир қасидани араб тилида ўқиш шарт», деб айтса, бу ўша кимсанинг жоҳиллиги, холос.

Бугунги кун одамларнинг онги анча юксак. Маълумотни қабул қилиш имкониятлари ҳам кенг. Шунинг учун мавлидларни бугунги кун одамларининг онгига, савиясига мослаб ўтказишни йўлга қўйиш зарур. Буни ҳатто «Мавлидин-Набий» деб эмас, «Сийрат ва рисолат ҳақида суҳбатлар» деб аташ ҳам мумкин. Ва энг муҳими, «Ушбу суҳбатларни фақат бир кунда ёки мавлид ойида ўтказиш шарт», дея янги бидъат пайдо қилмаслик керак.

Аммо ўрганишни истасак, ўрганса арзигулик даражада ўтаётган мавлидлар ҳам бор.

Аввало, бундай мавлидлар даврадагилар тушунадиган тилда ўтказилади. Қуръони Каримдан оятлар ўқилади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган қасида даврадагилар тушунадиган тилда ўқилиб, яна шарҳ ҳам қилинади. Салавотлар, дуолар сўнгида яна Қуръони Каримдан оятлар тиловат қилиб, суҳбатга якун ясалади.


Мавлидда нимага эътибор бериш керак?

Эътибор бериш лозим бўлган энг муҳим нарса шуки, мавлид маросимига келганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида керакли маълумотларни олсинлар, ўзларида лозим бўлган маърифат ҳосил қилсинлар. Бидъат-хурофотларга мутлақо йўл қўйилмасин! Барча яхшиликлар тарғиб қилинсин!

Мавриди келганда, бир неча йил аввал мавлид ҳақида эълон қилинган, аммо кўпчиликка етиб бормаган бир мақоламни ҳам эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.
 

Кейинги мавзулар:
Набийимиз алайҳиссаломнинг мавлидлари – нурнинг туғилиши;
Илова.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

24.08.2026   35463   36 min.
Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди
 

Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.


Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.


1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].


Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.


Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.


Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.


Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.


Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].


Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].


Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.


Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангинг ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.


2. Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.


Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].


Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].


Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].


Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].


Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.


Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.


Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.


Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].


Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].


Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.


Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.


Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».


Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.


Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».


Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.


3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].


Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.


Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».


Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.


«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.


Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.


Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.


Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.


6. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].


«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.


7. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ва опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёри билан ҳаққи-маҳридан кечиб юборишида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир» [Нисо сураси, 22–24-оятлар].


Ушбу оятларда эркак киши учун уйланиш ҳаром бўлган аёллар баён қилинган. Ваҳоланки, жоҳилият даврида уларнинг баъзилари, масалан, отанинг хотинига уйланиш ва икки опани-сингилни баробар никоҳга олиш кабилар мумкин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу икки ҳолат зикрида «Магар илгари ўтган бўлса» деб марҳамат қилди ва ислом шариати билан буларнинг барчасини қатъий ҳаром қилди.


Охирида «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди», яъни юқорида саналганлардан ташқари бошқа ҳар қандай аёлга уйланиш сизлар учун жоиздир, дейилди.


Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир (шубҳасиз) йўллар билан ривоят қилинган ва бутун уммат уламолари бир овоздан ижмо қилган ҳақиқат шуки, ушбу оятларда саналмаган бўлса-да, никоҳи ҳаром бўлган бошқа тоифа аёллар ҳам бор. Масалан, бир аёлни ўз аммаси билан ёки бир аёлни ўз холаси билан бир вақтда никоҳга олиш тақиқланган. Бошқача айтганда, насаб-қариндошлик жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки аёлнинг бирини эркак деб фарз қилинганда, у иккинчисига уйланиши ҳаром бўладиган даражада яқин бўлса, у ҳолда бу икки аёлни бир никоҳда жамлаш мутлақ ҳаром ҳисобланади.


Хўш, ушбу тақиқ мана шу оятларда ёки Қуръони каримнинг бошқа бирор жойида борми?! Йўқ, фақат набавий суннатда бор. Суннат эса, боя таъкидланганидек, Аллоҳнинг ваҳийсидир. Қолаверса, бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» [Ҳашр сураси, 7-оят] деган амри доирасига ҳам тўлиқ киради.


8. Ҳақ таоло бундай амр қилади: "(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» [Қиёмат сураси, 16–19-оятлар].


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келган пайтда, Қуръон оятларидан бирор нарса унутилиб ёки тушиб қолмасин деган хавотирда, у зот билан баробар тилларини қимирлатиб, оятларни тезда қайтаришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали у зотга Жаброил Қуръон келтирганда шошмасдан, диққат билан тинглашни ва тилларини қимирлатмасликни буюрди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло Қуръонни у зотнинг қалбларига муҳрлаб қўйишни, уни Жаброил ўқиганидек мукаммал адо этишини осон қилиб беришни ҳамда ундаги мухтасар (қисқа) ҳукмларни батафсил шарҳлаб, унинг маъноларини у зотнинг ўзларига ёки у зотнинг тиллари орқали бутун инсониятга ойдинлаштириб, баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди.


Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тушаётган пайтда жуда катта машаққат ва қийинчилик сезар, (оятларни ёдлаб қолиш учун) тез-тез икки лабларини қимирлатар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг!» – яъни, уни жим туриб, диққат билан тингланг, – «Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган оятларни нозил қилди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетгач, у зот ваҳий қилинган оятларни худди Жаброил ўқиб бергандек ўқир эдилар».


Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода, Мужоҳид, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оятлар айнан мана шу воқеа сабабли нозил бўлган», деб айтган».


«Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» сўзлари Қуръон нозил бўлганидан кейин уни тушунтириб, шарҳлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганига кафолатдир. Бу баён ё бевосита Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган ёки у зотга қилинган илоҳий ваҳий орқали у зотнинг тиллари билан инсониятга етказилган. Шуни унутмаслик керакки, баён (шарҳ сўзлари) мубайяндан (шарҳланаётган нарсадан) мутлақо фарқ қилади. Демак, бу ўриндаги баён Қуръоннинг ўзидан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло «Бизнинг зиммамиздадир» деб, бу баённинг ҳам Ўз ҳузуридан бўлишини таъкидлади ва «Сўнгра» боғловчисини қўллаш орқали бу шарҳ Қуръон нозил бўлганидан кейин амалга ошишини билдирди. Шундай экан, Аллоҳ таоло зиммасига олган ушбу баён Қуръондан ташқари алоҳида бир манба – У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳий ўлароқ юборган Суннат эканидан бошқа эҳтимол қолмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана сўзларига қўшимча далилдир: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


9. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].


Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.


Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.


Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].


Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.


10. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.


Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?


Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?


Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.


Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!


Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.


Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.

11. Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.


Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.


Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.

 

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Ҳадис илми мактаби ўқитувчи,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими

 

Мазкур мақолага Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2026 йил 28 июлда 02/336-сонли хулоса берилган.  

 

Ҳадиси шариф