Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифалик қилишлари Ислом демократиясининг юқори савиядаги, ёрқин кўриниши эди.
У кишининг ҳар бир ишни шуро мажлиси қарори билан қилганликларини аввал айтганмиз.
Шунингдек, у кишининг халқ оммасидан бир лаҳзага ҳам ажралмаганликлари, халқдан ортиқча еб-ичиб, киймаганликларига ҳам гувоҳ бўлдик. У кишининг даврларида қонун олдида ҳамма баробар бўлганлигини жонли мисоллар тимсолида кўрдик.
Хулоса қилиб айтсак, ўша даврда халқчиллик сиёсатининг қандай кўриниши бўлса, ҳаммаси олий даражада намоён бўлганлигини англаб турибмиз.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу катта мужтаҳид олим, ўткир ақлли сиёсатчи, тадбиркор ва забардаст жамият раҳбари бўлишлари билан бирга, яна бошқа кўп фазилатларга ҳам эга эдилар. Бу сифатлар ҳар кимда ҳам бўлавермайдиган, баъзиларда бўлса ҳам, мансабга мингач йўқолиб қоладиган сифатлардир. Ана шундай сифатлардан бири танқидни кўтара олиш ва хатони тан олиш сифатидир.
Ҳофиз Абу Яъло Шаъбийдан, у киши Масруқдан шундай ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб халифалик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларига чиқиб:
«Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари маҳрни тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар, ундан ҳам оз бўлар эди. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч кимнинг бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин!» деди-да, минбардан тушди.
Қурайшлик бир аёл унинг йўлига кўндаланг чиқди-да:
«Эй мўминларнинг амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми?» деди.
Умар: «Ҳа», деди.
Аёл: «Аллоҳнинг Қуръонда туширган ҳукмини эшитмаганмидинг?!» деди.
Умар: «У қандай ҳукм экан?» деб сўради.
Шунда аёл: «Аллоҳнинг «...ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам..!» деган оятини эшитмаганмисан?!» деди.
Умар: «Парвардигор, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар», деди-да, қайтиб бориб, яна минбарга чиқиб:
«Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликни амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди. Аёл киши тўғри айтди», деди».
Ё Илоҳим! Бу қандай жасорат?!
Оддий бир аёл дунёни ларзага солиб, ўша пайтнинг энг катта икки империясини қулатиб, юрган йўлида менман деган зўравонларни зир титратиб, ҳаммани ўз оғзига қаратиб турган забардаст халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг минбардан туриб айтган сўзини кўпчиликнинг олдида очиқдан-очиқ танқид қилса-я!
У аёлнинг юраги қандай юрак экан ўзи?!
У аёл бунчалик журъатни қаердан олган?!
У аёлга ўзига ўхшаганларининг ҳақларини ҳимоя қилишни ким ўргатган?
Ҳа, у аёлнинг юраги – исломий юрак!
У бунчалик журъатни Исломдан олган!
У аёлга ўзига ўхшаганларининг ҳақларини ҳимоя қилишни Ислом ўргатган!
Ё Илоҳим! Бу қандай жасорат?!
Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбари дўсту душманнинг олдида оддий бир аёлнинг танқидини индамай эшитиб турса ва танқиддан сўнг кўпчиликнинг олдига, минбарга чиқиб, ўз хатосини тан олса, бу улкан жасорат эмасми?!
Бундай жасоратни ким содир эта олади?!
Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбарининг дўсту душманнинг олдида оддий бир аёлнинг танқидини индамай туриб эшитиши Исломда жасорат эмас, ўз бурчини адо этиш деб аталади!
Дунёдаги энг кучли жамиятнинг энг кучли раҳбарининг оддий бир аёлнинг танқидидан сўнг минбарга чиқиб, кўпчиликнинг олдида ўз хатосини тан олиши жасорат эмас, ўзининг бандалигини тан олишидир!
Бундай жасоратни фақатгина Ислом таълимотларини ўзига тўлалигича сингдириб, тўлақонли исломий ҳаёт кечирадиган кишигина содир этиши ва буни оддий ҳол деб билиши мумкин!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди