Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Масжидлар бўлими мудири Музаффар домла Камоловнинг бувилари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Музаффар домла Камоловга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
«... Маълум кунларда Аллоҳнинг номини зикр қилинглар», (Ҳаж сураси, 28-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Маълум кунлар»ни зулҳижжанинг аввалги ўн куни, деганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бунда (яъни, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида) қилинганидан-да афзалроқ амал йўқ», дедилар. Шунда саҳобалар: «Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳамми?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, деб, «лекин бир киши моли ва нафсини хатарга қўйиб кўчага чиқсаю, ҳеч бир нарса билан қайтмаса, ана ўша афзалдир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Имом Термизийнинг ривоятида: «Солиҳ амаллар қилинган кунлар ичида зулҳижжа ойини ўн кунидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ кун йўқдир», дедилар, деб келади.
Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Дорамийнинг «Муснад»ларида ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир», деганларида, «Жиҳоддан ҳамми?» дейишди. (Ровий ҳадисни охиригача зикр қилган.)
Амр ибн Шуайб оталаридан, оталари боболаридан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган калималарнинг яхшиси
«Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодир», деб айтишдир», дедилар».
Термизий заиф иснод билан ривоят қилганлар.
Имом Моликнинг «Муватто»ларида эса: «Дуоларнинг афзали арафа кунидаги дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг айтган калималарининг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ» дир», деб келган.
Имом Молик бу ҳадисни мурсал ҳолатда лафзида ноқислик билан ривоят қилганлар.
Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу арафа куни бир тиланчи одамлардан тиланиб юргани кўриб: «Эй ожиз, бу кунда Аллоҳдан бошқадан ҳам сўраладими?» дедилар.