Оммавий ахборот воситаларидаги ахборот оқимида тез-тез кўзга ташланаётган салбий қарашлар, худбин ўй-фикрлар, ижтимоий муҳитда учраётган айрим муаммолар хусусидаги бўрттиришлар урчигандан-урчиб бораётган бир паллада бу савол, ўта кескин туюлар, эҳтимол. Аммо хулоса чиқаришга шошилмай, мавжуд манзарага холис кўз билан қараб, бир қанча саволларга жавоб излаб кўриш лозим. Аминмиз-ки, шу юрт учун бефарқ бўлмаган, ўз халқининг тақдири учун энг аввало ўзини масъул деб билган барча зиёлиларимизнинг ҳам бу борада ўз айтар сўзи бор. Тириклик ташвишидан бир муддат тин олиб, шу мулоҳазаларга ҳам қулоқ тутиш вақти етди. Сабрингизни синаш ниятимиз йўқ аммо гапни узоқроқдан бошлаймиз...
Ахборот тарқатишнинг бугунги манзараси қай ҳолда?
ОАВ нималарни бой беряпти?
Газеталар, журналлар ҳатто телерадиоканаллар ҳам ахборот етказишда биринчи навбатда тезкорликни, аниқликни, ундан сўнгра холисликни бой бериб бўлганига анча бўлди. Таҳлил эса, “тик-ток”чи авлодга эргашиш керак экан”, деган хулосага келиб қолаётганлар ёки дунё ишларига қариган мушукдай бепарво бўлиб, лоқайд қўл силтаб қўяётган “кайвони”лар сабаб ачинарли аҳволга тушиб қолган.
Кимга бой беряпти?
Енгил-елпи ўйлайдиган, эволюциядан кўра, революцияни афзал деб ҳисоблайдиган, “алифни калтак деёлмайдиган”, адабий тилни ўзлаштирмаган, ўзларининг таъбирлари билан айтганда “публикага ўйнайдиган”, моддий манфаат йўлида на халқ, на миллат, на давлатни юз хотир қилмайдиган, китоб ўқиш ҳақида жимжимадор сўзлар айтишни қотирса-да амали бўлмаган, “нуфуз” сўзи билан “нуфус” сўзининг фарқига бормайдиган, бирор-бир ёмон хабарни тарқатиш, масалан ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хабар, айни вақтда унинг тарғибига хизмат қилиши мумкинлигини ҳисобга олмайдиган қўштирноқ ичидаги ҳамкасбларга бой берилмоқда.
Бу борада ижобий ечим борми?
Аввало бир нарсани тан олайлик: ахборот технологияларининг бугунги ривожи бирор-бир воқеа-ҳодисани тезлик билан жамоатчиликка етказишда чиндан беқиёс. Интернет алоқаси, ижтимоий тармоқлар, замонавий смартфонлар оммавий ахборот воситалари учун янада қулай имкониятларни туғдирган. Тезкор ахборот тарқатиш борасида жуда қисқартириб айтганда битта мухбир, битта телеоператор, битта монтажчи, битта муҳаррирнинг ишини қўлида смартфон тутган бир киши бемалол бажараётгани ҳам бор гап.
Бу эса, асли касби масхарабозлик аммо даромади сабаб, бирор-бир ижтимоий тармоқда ўз саҳифасини очиб олган айрим учарларга қўл келмоқда.
Ахборот тарқатишдаги назорат эса, ҳавас қиларли аҳволда эмас. Шу боис, бундай тоифалар маълумотни текшириш, унга аниқлик киритиш, сабабини ўрганиш борасида ўйлаб ҳам ўтирмаяпти. Фалон жойда етти киши томонидан зўрланганини айтган, ўзини томдан ташлаб жонига қасд қилган кимсалар ҳақидаги “дод-вой”ларни ёзиб олиб, бемалол шов-шув кўтариб юришибди. Юзсизлик шу даражада-ки, зўрланганлик ҳақидаги даъволар туҳмат бўлиб чиққанда ҳам шошқалоқлик билан тарқатилган ахборот учун узр сўралмайди. Нотўғри ахборот тарқатганлик учун жазоланганиниям эшитмайсиз. Аввал бегуноҳ етти эркакни элга шарманда қилиб обуначилар сонини орттирган бўлса, кейин туҳмат қилган келинчакни сазойи қилиб яна ахборот тарқатаверади. Ўз аудиторияси сонини ошириш дардида бўлган бошқа норасмий ахборот манбалари ҳам, бундай хабарларни ҳеч пайсалга солмай тарқатишга қўшилгани натижасида эса, ахборот майдонида шундай талотўп юзага келади-ки, ўзини расмий, профессионал, холис ахборот манбаи сифатида тақдим этувчиларнинг ўша мавзуда тайёрлаган чинакам холис ахбороти ҳам бу шовқин-сурон ичида қулоққа етиб бормай жон беради.
Бундай ҳодисаларга ҳар биримиз гувоҳмиз. Ўзимизга яраша хулосамиз ҳам бор: ҳа, расмий ахборот манбаларида тезкорлик етишмаяпти. Мутасаддилар бу борада албатта чора кўриши шарт. Йўқса, “ҳақиқат ковушини кийгунча, ёлғон ялангоёқ дунёнинг ярмини айланиб чиқаверади”.
Баҳона изловчиларга айтилар сўз!
Аввалдан айтиб қўяйлик, бу қисмдаги мулоҳазалар фақат телеканаллар билан радиоканалларга тааллуқли.
Ахборот йўналишида фаолият кўрсатаётган журналистни жуғрофий майдонлар эмас, ахборот ҳудудлари қизиқтириши лозим. “Мавжуд моддий-техника базаси эскирган”. “Мамлакатнинг ҳар бир пучмоғида фаолият юритадиган ходимлар йўқ”. “Бунча сондаги ходимларни сақлашга маблағ етишмайди”, деб ёзғиришни бас қилиб, имкон излаган маъқул. Улар етарли.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда эълон қилинган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қароридан сўнг бутун мамлакатдаги деярли барча ташкилотлар ва муассасаларда ҳатто хусусий тармоқ йўналишида фаолият юритаётган субъектларда ҳам ахборот хизмати ташкил этилиб, Матбуот котиби лавозими жорий этилган.
Турли баҳоналарни рўкач қилиб тезкор ахборот тарқатишни пайсалга солаётган ҳамкасблар учун энг аввало мана шу омил улкан имконият, аслида. Қолаверса, норасмий ахборот манбалари ахборот тарқатишда фойдаланаётган матоҳ – техник жиҳатлари тасвирга олиш ускунаси билан баробар, ҳатто зиёда бўлган смартфонлар ҳамманинг қўлида бор.
Унутмайлик, смартфон айни вақтда тасвирга олиши, овоз ёзиши, монтаж қилиши ҳатто тўғридан-тўғри эфирга узатишни таъминлаши мумкин. “Шунча гапни ёзяпти, буни ўзи синаб кўрган эканми”, деган мулоҳазага бораётган бўлсангиз, айтиб қўяйлик, албатта синаб кўрганмиз.
Газета журналларчи?
Фикри ожизим: технологик тараққиёт туфайли, босма оммавий ахборот воситаларининг тезкор хабар тарқатишдаги самарадорлиги тўлиқ йўққа чиқди. Шунинг учун бугунги газеталарда “Фалон масканда фалончи билан бўлиб ўтган ижодий учрашувдаги фикр-мулоҳазалар ва куй-қўшиқлар жамланганларда улкан таассурот қолдирди”, деган мазмундаги хабарлар вақтни ҳам, пулни ҳам ҳавога совуришдай гап.
Шунинг учун ўқирманлар газетани ҳам, журнални ҳам тезкор хабар манбаи сифатида кўрмайди. Ахир, қўлидаги смартфонга бир нигоҳ ташлаганда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда содир бўлган кўплаб ҳодисалардан жуда кам харажат ҳисобига хабардор бўлиш имкони мавжуд.
Босма ОАВ хабар тарқатмасин...ми?
Шундай бўлгани маъқул. Хабар тарқатишни электрон ОАВ давом эттиргани самаралироқ. Ҳар қанча важ келтирмайлик, буни ҳаёт исботлаб бўлди. Аммо бу босма оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётида ўз ўрнини йўқотди, дегани эмас. Нега-ки, хабар жанридан ташқари таҳлилий хабар жанри ҳам бор. Қолаверса, тафсилотлар ҳам. Босма оммавий ахборот воситалари таҳлилий хабарлар, мақолалар, чизгилар, танқид ва суҳбатлар йўналишида ҳали ҳам пешқадам бўлиши мумкин.
Нимага эътибор қаратган маъқул?
“Жадид”, “Маърифат”, “Ишонч”, “Миллий тикланиш”, “Йигирма биринчи аср”, “Адолат” сингари газеталарида таҳлилий материалларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор. Эҳтимол, биз кузатиб бормайдиган бошқа газеталарда ҳам бу борадаги ишлар сустлашмагандир.
Бугунги газетанинг ҳам, журналнинг ҳам ахборот оқимидаги энг катта вазифаси ўқирманларнинг таҳлилий материалларга бўлган эҳтиёжини бартараф этиш эканлигини даврнинг ўзи кўрсатяпти. Айрим газеталарнинг имкон қадар қисқа, тўмтоқ, мақсад ойдинлашмаган мақолалар беришга ҳаракат қилиши, баъзи газеталар ва журналларнинг интернетдан олинган материаллар ҳисобига тўлдирилиши ҳам кулгили, ҳам аянчли.
Кулгилиги шунда-ки, интернетда чиққан заҳоти минглаб, эҳтимол миллионлаб ўқирманлар ундан аллақачон воқиф бўлиб бўлган улгурган материални газетага қўйиш, жуда юмшоқ қилиб айтганда тентаклик.
Аянчлилиги шунда-ки, демак бу таҳририятда хизмат қилаётган, оғзини тўлдириб журналистман, деб лоф ураётган кимсаларда лоқайдлик пайдо бўлган. Салмоқлигина пул тўлаб газета ё журналига обуна бўлган мухлисга бунинг эвазига қандай ахборот берилаётгани унга қизиқмас. Фожиа ҳам шунда, асли. Раҳматли устозимиз Маҳмуд Саъдий “Лоқайдликни кечириш мумкинмас, айниқса, қўлига қалам тутган кишининг лоқайдлигини” дерди.
Бир сафар устоз Абдулла Аъзам билан илмий-методик, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги журналлар хусусида суҳбатлашиб қолдик. Ўша вақтларда у кишига “Фан ва турмуш” журналининг мазмунини янада яхшилаш борасида кўмаклашиш топширилган экан.
– Интернетда чиққан материаллардан ҳам фойдаланиш керак, – деб маслаҳат берган бўлди ҳамсуҳбатлардан бири.
– Ғалати-ку, – деди бу гапга жавобан устоз. – Агар хорижий интернет сайтларини, телеканалларини ёки радиоканалларни эшитиб, кузатиб борсангиз, “фалон нарса ихтиро қилинди, мана бу илмий ҳодиса сабаби аниқланди, деб хабар бермоқда “Lancet” ё “Nature” журнали”, деб гапиришади. Бу нимани англатишини биласизми?
Газеталар ҳам, журналлар ҳам ўз йўналишида, илмий ёки таҳлилий материалларни “овлаш”да қатъий ҳаракат қилса, ахборот тарқатишда энг тезкор бўлган интернетдан “гап олиб” ўтирмаслигини англатади.
Устоз бу борада ҳақ эди.
Бу гапларнинг ёшларга нима алоқаси бор?
Аниқ жавобларга ўтишдан аввал «Келажак ёшлар қўлида, ёшларчи?..» деб бош сарлавҳада қўйилган саволга жавоб берайлик.
Аслида ёшлар ўз оиласи, ота-онаси, устозлари қўлида бўлиши лозим. Афсуски, минглаб чақирим масофаларни яқинлаштирган техник тараққиёт, устоз билан шогирднинг, ота-она билан фарзанднинг орасидаги масофани кун сайин узоқлаштириб юборяпти. Муболаға билан айтганда, бир дастурхон атрофида смартфон титкилаб ўтирган ота-боланинг бири Ғарбда бўлса, иккинчиси хаёлан Шарқда кезади. Дилдан суҳбат қуриш, боланинг ўқиши, ўзлаштириши, унга тарбиявий ўгит бериш, ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб унга ниманидир ўргатиш отанинг ё онанинг хаёлида йўқ. Чунки, икки кўзи ҳам, бутун хаёли ҳам қўлидаги ахборот қутиси билан банд.
Фарзандда ҳам шу аҳвол…
Бу ҳол ҳатто муҳтарам Президентимизда ҳам хавотир уйғотгани учун, 2021 йили маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасида ўтказилган йиғилишда: “Бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбияламоқда. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда.
Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти. Соат сари эмас, минут сари кириб боряпти. Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур”, деган эди куйиниб.
Бугунги аксар оилаларининг бундан-да аниқроқ манзарасини тасвирлаш мушкул. Муҳтарам Президентимизнинг сўзларини инкор этиш, бу борадаги айни ҳақиқатдан кўз юмиш демакдир.
Ахборот оқимида оқиб кетганлар
Бир иш қилинг, на дарсга, на даврадаги суҳбатга, на кўчадаги ҳаракатга, на атрофида ёрдам сўраб термилиб турган нигоҳларга эмас, қўлида тутган смартфонига тикилган йигит ё қизга диққат билан қаранг.
Биласизми кимни кўрасиз?
Оқ-қоранинг, яхши билан ёмоннинг, гуноҳ билан савобнинг, қонун билан тушунчанинг, маърифий фикр билан мутаассибона қарашнинг фарқига бормаган бир ёшнинг ахборот маконида ўз ҳолига ташлаб қўйилганини…
Ҳа, айнан шундай. Адоқсиз ахборот оқимида оқиб кетаётган, ҳатто ғарқ бўлаётганлар улар. Агар бу гаплар лоф бўлганда виртуал диний воизлар таъсирига тушиб мазҳабни тарк этган, тинч юрт туриб, нажотни нотинч макондан қидирган, виртуал қимор ўйнаб улкан офатга йўлиққан, гиёҳвандлар ё ўғрилар, ёки фаҳш ботқоғига ботганлар тузоғига тушиб қолаётган ёшларни учратиш мумкин эмасди. Бугуннинг ҳақиқатига кўра, ёшларга нисбатан олиб борилаётган ахборот хуружига қарши курашиш борасида ташкиллаштирилаётган ишларни янада жадаллаштириш шарт.
Хўш нима қилмоқ керак?
«Бутун дунё кафтда намоён» деган сўз бугунга келиб смартфон мисолида чиройли ташбеҳга эмас, аниқ воқеликка айланди. Бу омилнинг ижобий жиҳатларини санаб ўтирмаймиз. Салбий жиҳатлариниям номма-ном айтиш шарт эмас. У орқали етиши мумкин бўлган зарарлардан қандай сақланиш борасидаги чоралар ҳақида мулоҳаза юритган маъқулроқ.
Кескин чораларга кўникиб қолган айрим кишилар, барчасини бирдан ўчириб қўя қолишни тавсия этишади. Аммо бу тўғри чора эмас. Ахир ахборотни яширган эмас, бошқарган ютади. Демак, ахборот истеъмолини бошқаришни ўрганиш, ахборот манбаларининг халқ манфаатига зид бўлган қадамларини қатъий назорат қилишни фаоллаштиришимиз шарт. Ана шунда мислсиз ахборот оқими қаршисида ожиз қолаётган ёшларга тўғри маънода кўмак бера олган бўламиз.
Салбий ахборот оқимидан қандай ҳимояланиш мумкин?
Аввалдан айтиб ўтиш лозим. Салбий ахборот деганда соғлом маънодаги танқид тушунилмайди. Ёзилганларни ўқиб, яна цензура қилиш тарғиб этилаётган экан-да, деган фикрга бориш хато. Бугунги оммавий ахборот воситаларида танқидга йўл берилмаяпти, деган қарашларга ҳам қўшилмаймиз.
Бугунги жамиятда етарлича, ҳатто керагидан ортиқ тарзда танқид мавжуд. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керак-ки, аксарият танқидлар ортида манфаатлар тўқнашуви ҳам учрайди. Демак, бу нохолис танқид.
Кузатувлар шуни кўрсатади-ки, нохолис танқидда асосан интернет сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифалар ўта фаол. Журналистика соҳасининг асосий мезони бўлган холислик принсипи ҳатто уларга бегона ҳам.
Бугун танқидга нишон бўлмаган бирор бир мансабдор шахс, корхона ё муассаса қолмади ҳисоб. Хориждан туриб, виртуал олам имкониятларидан фойдаланган ҳолда давлат ва жамият арбобларига, диний уламоларга, элнинг обрўли шахсларига қилинаётган туҳматлар адоқсиз.
Энг ажабланарли жиҳати шунда-ки, бу виртуал воизларнинг мухлислари мамлакат ичида ҳам топилади. Хорижликларга бунинг нима қизиғи бор, аслида. Интернет алгоритми шундай-ки, оддийгина битта маъқуллаш – лайк босиш – ўша ахборот манбасининг янада оммалашишига хизмат қилади.
Ватан ҳақидаги салбий материаллар, халқнинг обрўсини туширувчи, олимлар ва уламоларни қораловчи медиа маҳсулотларга лайк босиш шунчаки хайриҳохлик эмас, ўша ёмонликка қўшилиш, уни кимларгадир улашиш эса, ёмонликка далолат қилиш эканлигини ёшларга тушунтиришни ҳалигача эплаб охирига етказа олмадик.
Бу борада энг аввало зиёлиларда, ўқитувчи мураббийларда, кайвонилар ва ота-оналардаги лоқайдлик ҳисси бартараф этилмагунча (бу омилдан фақат шу йўл билан халос бўлиш мумкин) ижобий сўз айтиш амримаҳол.
Энг муҳим масалалардан бири радикал ахборот хуружидан ҳимояланиш
Ҳа, бу чиндан ҳам кун тартибидаги долзарб масала.
Демократик тузумни ҳаром, деб нотинч мамлакатларга бориб ўзларининг “ҳалол” давлатларини тузишни орзу қилган айрим радикал кайфиятдаги ёшларнинг бугуни кишини ўйга толдиради.
Дунёвий давлат тузумидан “қочган” юзлаб, эҳтимол минглаб ёшларнинг ҳаёт шами талотўпларда сўнаётгани эса, чинакам фожиа. Бунинг олдини олишда оммавий ахборот воситалари жонбозлик кўрсатиши, қаламкашлар эса, бу курашни халқ олдидаги бурчи, деб тушунишлари лозим.
Бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ўзбекнинг буюк алломалари қолдирган нодир қўлёзмалар, илм аҳлини ҳамиша ҳайратга солган илмий обидалар, ҳақни ботилдан, жаҳолатни маърифатдан ажратиб берган таълимотлар исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини англатиш, Имом Мотуридий ва Абу Муъин Насафий каби алломаларнинг ақида борасидаги таълимотининг юзага келиши, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби ҳадис илми билимдонлари ёзган асарларининг битилишидан кўзлаган асл мақсад нима эди?
Теран фикрли олимларнинг бундай илмий меросни яратишдан кўзлаган энг улкан мақсади: таркидунёчилик, динда ғулувга кетиб ҳаддан ошиш, ҳақ йўлдаман, деб ўйлаб, аслида жоҳилга айланиб қолиш, ибодат мезонларини унутиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларида исломнинг инсонпарварлик таълимотини суиистеъмол қилиш, ноҳақ қон тўкиш, динни тижорат воситасига айлантириш, ундан турли халқлар ва миллатларни сарсон-саргардон этадиган омил сифатида фойдаланишга йўл қўймаслик эмасмиди?
Йўқса, бу илмий обидаларнинг битилишига не ҳожат эди?
Ҳа, бу асарлар, инсон ҳаётини барбод этиш учунмас, уни жаҳолатдан тийишга хизмат қилиши учун битилган. Дунё илмни эгаллаб, касб-ҳунарни тараққий қилдириш, бугунги мўминларнинг бурчи, аслида.
Аллоҳ таоло бандаларига ҳидоят ўлароқ нозил қилган Қуръони каримнинг, “Бақара” сурасининг 256-оятида “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди”, деб марҳамат қилинади. Бу калима, ислом номи билан хаспўшланаётган ботил ғоялар ва бузғунчи оқимлар таъсирига берилиб қолаётганларимиз учун огоҳлик қўнгғироғи эмасмикан?!.
Комил мусулмон ўз иймони билан, радикал – мутаассиб мусулмон эса, бировнинг иймони билан овора бўлар экан. Доноларнинг бир гапи бор: Аллоҳ ўз иродасини ҳукмрон қилиш учун ер юзидаги яхши одамлардан, ёмон одамлар эса, ўз қарашларини ҳукмрон қилиш учун тангридан фойдаланади.
Тангридан фойдаланаётган ёмон одамларнинг кимлиги кўпчилигимизга маълум, аслида. Халқимизда бир нақл бор: қозонга яқин юрсанг, қораси, ёмонга яқин юрсанг, балоси уради. Бундай кимсалар нафақат орамизда, балки хорижда бўлса ҳам афсуски, уларнинг касофатига қолаётган ёшлар йўқ эмас.
Радикал даъватчиларнинг матн, видео, аудио шаклидаги материалларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг, 184-моддаси 2-қисмида жавобгарлик кўзда тутилган. Ундан кейинги ҳаракатлар эса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Бу Қонун айтаётган сўз.
Нега зиёлиларимиз, журналистлар, жамоатчилик фаолларининг бу борада ёдда қоларли, ёшларга таъсирли сўзларини кам учратамиз? Таҳлилий фильмлар, кўрсатувлар ва эшиттиришлар, мақолалар ва суҳбатлар салмоғи нега кам?..
Чораси бору ижроси йўқ амаллар сабаб…
Ёшлар ахборот уммонида қаровсиз қолдирилмоқда. Пухта таҳлилларга, аниқ далилларга таянган медиа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми мавжуд талабга жавоб бермаяпти. Ғоявий, мафкуравий бўшлиқ ўрнига кириб келаётган радикализм балосига эшиклар айнан ахборот манбалари орқали очилаётганини тузук-қуруқ ўйлаб кўрмаяпмиз.
Энг ёмони эса, калта ўйлаб, калта ёзувчи «тик-токчи» авлодга эргашиш керак, деган фикрларнинг учраётгани. Айнан шу сабабли, диний, ижтимоий, ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий масалалар борасида умумий вақти бир минутга етмайдиган роликлар яратила бошланди. Айнан шундай фикрловчилар туфайли, газетадан, журналлардан, радио ва телеканаллардан, интернетдаги турли сайтлардан каттароқ ҳажм талаб қилувчи таҳлилий жанрлар суриб чиқарилмоқда. На мазмун, на мантиқ, на изчиллик, на хулоса тўлиқ бўлмаган бундай медиа маҳсулотларнинг эса, фойдасидан кўра зарари ортиқ.
Бу борадаги вазиятни ўнглаш, радикал диний ғоялар, «оммавий маданият» таъсиридан, ёт одатлар, ананалар, қадриятлар, либосларнинг урфга кириб кетиши ва миллийлик омилларини мавҳ этмасликлари учун энг аввало ахборот майдонини тартибга солиш, ахборот манбаларининг аслида кимга ёки нимага хизмат этаётганини аниқлаш, улар тарқатаётган ҳар қандай ахборот замирида Ватан манфаатига зид бўлган қарашларнинг сингдирилишига йўл қўймаслик учун аниқ ҳаракат қиладиган вақт келди.
Унутмайлик, ёшларни радикал воизлар ва бузғунчи тоифаларнинг ахборот хуружидан ҳимоя қилишимиз шарт. Йўқса, келажакни ишониб қўлларига топширишни ният қилган ёшларимиз, бегона қўллардаги ўйинчоққа айланиб қолади.
Абдуҳамид Мухторов,
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси,
«Зиё» медиа маркази директори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномани тақдим этди.
– Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Қанчалик оғир бўлмасин, бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилгани, халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайтирилгани, одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юртимиз янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришилди.
Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Жорий йил экспортимиз 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди. Энг муҳими, олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди.
Иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди. Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини “ББ-”дан “ББ” поғонасига кўтарди.
Энергетика соҳасида туб бурилиш ясалгани ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажми 85 миллиард киловатт-соатга етказилди.
Бу йил 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борди, яна 2 миллион 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Жорий йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.
Камбағал оилаларга мансуб 168 минг нафар бола давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Бу йилдан бошлаб 208 та боғчада биринчи марта инклюзив таълим тизими жорий этилди.
Юртимизда камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.
– Бу ишларни бошлаганимизда аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берганимиз натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди.
Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик, – деди Президентимиз.
Истеъдодли ўғил-қизларимиз таълим, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда эришаётган катта ютуқлари билан ҳам Янги Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Кейинги пайтда юртимиз глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Хусусан, бу йил Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг март ойида Хўжандда бўлиб ўтган учрашувида биринчи марта уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида тарихий шартнома имзоланди ҳамда “Абадий дўстлик тўғрисидаги декларация” қабул қилинди.
Минтақамиз давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви чоғида интеграция жараёнларини янги сифат босқичига кўтариш учун Марказий Осиё ҳамжамияти стратегик форматини ташкил қилиш ғояси илгари сурилди. Озарбайжонни Марказий Осиё форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш тўғрисидаги қарор тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу қадам Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида стратегик боғлиқлик ҳамда барқарорликни кучайтириши шубҳасиз.
Октябрь ойида Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ноябрь ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ саммити кўп томонлама ва узоқ муддатли шерикликни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди. Ўтган ҳафтада Токиода Марказий Осиё ва Япония етакчиларининг учрашувида таълим, тиббиёт, рақамли технологиялар, инфратузилма ва саноат соҳалари бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Шу ҳафтанинг бошида эса Санкт-Петербургда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди.
– Буларнинг барчаси халқаро алоқаларимизни мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқмоқда. Биз дунёдаги узоқ-яқин мамлакатлар билан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини қуришда давом этамиз, – деди Президентимиз.
Маҳалла ва яхши қўшничилик ўзаро уйғун қадриятлардир. Улар жамиятда ижтимоий капитални янада бойитишга беқиёс ҳисса қўшади.
Мамлакатимизда ўтказилган ижтимоий сўровларда иштирок этганларнинг 90 фоизи ўзини маҳалла жамоасининг бир қисми деб ҳисоблаши ҳам шундан далолат беради. Маҳаллага шу асосда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусининг юқорилиги ушбу институт, аввало, ижтимоий бирдамлик манбаи эканини кўрсатади.
– Тарих давомида қандай оғир синовларга дуч келмайлик, биз аввало бирдамликдан куч олдик. Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак.
Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби.
Аммо миллати, тили ва динидан қатъи назар, 38 миллионли эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир.
Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади, – деди Президентимиз.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, Президентимиз 2026 йилни юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф қилди.
Бу ташаббусни йиғилганлар қизғин қўллаб-қувватлади.
Янги йил дастурида юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади.
– Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади.
Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш.
Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб, Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз бугундан бошлаб ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак.
Шунинг учун кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.
Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади.
Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади. Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланади.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат давом эттирилиб, 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилади, тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Иккинчи устувор йўналиш – иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш.
Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқарида бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга, маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.
Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади. 2026 йилда 52 миллиард долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 миллиард долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.
Келгуси йилда иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинмоқда.
Инновация асосида юқори технологик маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар рағбатлантирилади. Корхона мутахассисларининг илмий-тадқиқот ва конструкторлик ишланмаларидан олган даромади солиқдан озод қилинади.
Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказ, 2 та супер компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
– Бугун сизларга яна бир муҳим янгиликни айтмоқчиман. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишларни бошладик, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари учинчи устувор йўналиш – ички бозорда талабни рағбатлантириш масаласига тўхталди.
Тўққиз йилда қулай бизнес муҳити яратилиб, товар ва хизматлар ҳажми ва тури кўпайтирилгани, кам даромадли оилалар учун йилига камида 1 миллиард доллар арзон кредит берилаётгани, инфляция даражаси “бир хонали” рақамга туширилгани натижасида аҳолининг харид қобилияти 2 карра ўсди.
Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратилади. Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия берилади. Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилади.
Хизматларга бўлган талабни рағбатлантириш учун 2026 йилда соҳага 85 триллион сўм кредит, 9 триллион сўм субсидия ажратилади. Хусусан, таълим хизматлари учун бюджетдан 7 триллион сўм берилади.
Кейинги беш йилда хорижий туристлар сонини 2 карра ошириш, туризм хизматлари ҳажмини эса 20 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинмоқда. Шу мақсадда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Туристлар оқими тобора ошаётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини 2 баробар кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис, 2026 йилда авиапаркдаги ҳаво кемаларининг сони 120 тага етказилади.
Ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қурилиши бошланади. Автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади.
Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш келгуси йил учун дастурнинг тўртинчи устувор йўналишидир.
Ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда. Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади.
– Эндиликда мамлакатимиз меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур, – деди Президентимиз.
2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади. Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.
2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси” фаолияти йўлга қўйилади.
Тиббиёт тизимида ҳам касбий таълимни ривожлантириш учун Англиянинг “Пирсон” компанияси билан ҳар бир ҳудуддаги биттадан техникумда халқаро стандарт асосида ҳамширалар тайёрлаш бошланди. Энди ана шу техникумларга Германия, Швейцария, АҚШ, Япония каби давлатларнинг таълим дастурлари ҳам жорий этилади.
Шу асосда халқаро талабларга жавоб берадиган, хорижий тилларни биладиган ҳамширалар таркиби шакллантирилади.
Бешинчи устувор йўналиш – экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш.
Йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар ташланмаларини мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилади.
Шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказаётгани қайд этилди. Шу боис, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилади.
Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади. Бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Эски машинасини алмаштираман деганларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади. Фильтр ўрнатиб, зарарни камайтиришга тайёр бўлган ҳайдовчилар учун харажатларининг бир қисми бўйича субсидия ажратилади.
Пойтахтимиз ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа бўлади.
Экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилади. Бунда маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, ерларни аукциондан 2 карра арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларида автомобилларни зарядлашда 1 киловатт-соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга ҳам бир қатор имтиёзлар берилади.
Чанг-тўзонларнинг олдини олиш учун Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон” ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади. Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо қилинади.
Умуман, экология соҳасига 2026 йилда 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.
Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026 йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистраль каналлар бетон билан қопланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради. Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам катта лойиҳалар бошланади.
160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар барпо қилиниб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.
Олтинчи устувор йўналиш – замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилади.
Аввало, 2026 йилдан бошлаб Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади.
Энди барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 240 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади.
– Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Бундан буён давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланади.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар раислари лавозимлари бир-биридан ажратилган эди. Энди бу тизим 2026 йилдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли муҳим эканини таъкидлади. Шу боис, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат келгусида ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилади.
– Такрор айтаман, юртимиздаги кенг кўламли янгиланишлар даврида очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади, – деди Президентимиз.
Суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли ошириб борилиши таъкидланди. Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “Халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади.
Наркожиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу иллатга муросасиз муҳит яратилади.
Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда барча давлат идоралари ва кенг жамоатчиликни сафарбар қилган ҳолда бундай салбий ҳолатларга барҳам бериш бўйича самарали ишлайдиган тизим яратиш топширилди.
– Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир!
Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Барча идораларда комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилади. Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилади. Давлатнинг ҳар бир сўм маблағи, ресурси бўйича шахсий жавобгарлик кучайтирилади.
Жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бормоқда. Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мутаносиб очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолият давом эттирилади. Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, иқтисодий институтлар билан яқин ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади.
– Эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади, – деди Президентимиз.
Келгуси йилда ижтимоий-маданий ҳаётимиздаги муҳим саналар кенг нишонланиши таъкидланди. Жумладан, Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллиги катта байрам сифатида ўтказилади. Соҳибқирон Амир Темур, Мир Алишер Навоий боболаримизнинг қутлуғ таваллуд айёмларига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди.
– Бугун тарихнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи зиммамизга буюк бир масъулиятни юкламоқда. Жонажон Ватанимиз бугун янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий муносабатлар асосида яшаб, меҳнат қилаётган, мустақил фикрлайдиган, озод ва эркин инсонлар диёрига айланмоқда.
Бир бўлсак, ягона халқ, ягона миллат бўлиб ҳаракат қилсак, кўзлаган улкан мақсадларимизга албатта етамиз! Мен бу йўлда мард ва олижаноб халқимизга ишонаман! Ўзбекистоннинг беқиёс кучи ва имкониятларига, азиз ёшларимизнинг азму шижоатига ишонаман! – деди Президентимиз Мурожаатнома якунида.
https://president.uz/uz/lists/view/8833