Cавол: Намозларни уйда жамоат бўлиб ўқиш билан масжидда жамоат билан ўқишнинг фарқи борми ёки савоби бир хил бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бир хил бўлмайди. Сабаби масжидга боришнинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Киши уйида жамоат бўлиб ўқишда жамоатга бериладиган савобга эришса, масжидга борганда жамоатга бериладиган савоблар билан бирга масжидга бориш ажру савобига ҳам эга бўлади. Зеро, ихлос билан уйидан покланиб, намозни адо қилиш учун йўлга чиққан кишининг бир қадам ташлаши билан хатоси ўчирилса, яна бошқаси билан даражаси кўтарилади (“Саҳиҳи Муслим” ва “Фатовои Қозихон” китоблари). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бугун, 16 май куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Аҳмадхон домла Алимов Тайлоқ туманидаги “Ўрта” масжидга борди. Домла жума намозидан олдин “Камтарга камол, манманга завол” мавзусида маънавий-маърифий маъруза қилди.
Маърузада инсоннинг ички камолотга эришишида камтарликнинг нақадар муҳим экани, манманлик ва кибр каби хулқларнинг инсон ва жамият учун келтириши мумкин бўлган салбий оқибатлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, Ислом ахлоқ-одобининг олий қоидалари, нафсни тарбиялаш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва инсофни қарор топтириш каби мавзулар кенг ёритилди.
Жума намозини ўқиш асносида юрт тинчлиги, эл-юрт фаровонлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати