Бугун, 27 февраль куни Хива шаҳрида Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда юртимизда расмий фаолият олиб бораётган 16 та диний конфессия вакиллари иштирок этмоқда.
Мазкур Кенгаш 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, охирги йилларда унинг фаолияти янада такомиллашди. Хусусан, 2018 йилга келиб, муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан Кенгаш таркибига барча диний конфессиялар вакиллари киритилиб, Кенгаш аъзоларининг умумий сони 17 нафарга етди. Таъкидлаш керак, сўнгги йилларда Кенгашнинг йиғилишлари Республиканинг турли ҳудудларида сайёр шаклда ўтказилиши яхши анъанага айланди.
Бу галги сайёр йиғилиш янгича формат ва ракурсда ташкил этилгани диққатга сазовор. Бу йилдан эътиборан Кенгаш аъзоларидан ташқари Республика парламенти, турли вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилот вакиллари ҳам кузатувчи сифатида қатнашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Кенгаш республика ҳудудида фаолият олиб бораётган барча диний конфессиялар фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи маслаҳат органидир. Унинг фаолияти динлараро мулоқотнинг ривожланиши, юзага келадиган масала ва муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал этишга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугунги кунда ахборот тарқатиш имконияти ҳар бир инсонда мавжуд. Биргина сўз, алоқа қурилмаларидаги биргина ҳаракат бутун жамиятда шов-шув, ваҳима келтириб чиқариши мумкин. Англамай, ёки ўйинқароқлик билан, ёки мақсадли ёлғон ахборот тарқатиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Хусусан, дин ва эътиқод каби нозик масалаларда тарқатилаётган фейк хабарлар нафақат шахсий хатолик, балки жамиятга салбий таъсир ўтказувчи умумий масъулият ҳамдир.
Ёлғон гапириш оғир гуноҳлардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик гуноҳкорликка, фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади”, дедилар. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).
Шундай экан, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиш қатъий ман қилинган.
Фейк хабар тарқатишнинг кўплаб салбий оқибатлари бор:
Қуръони каримнинг Ҳужурот сураси 6-оятда шундай марҳамат қилинади:
“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.
Фейк, ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини Қуръони карим таъкидламоқда. Демак, ҳар қандай хабарни текшириш ва эҳтиёт билан ёндошиш керак.
Рост хабарни қандай ажратиш мумкин:
Ҳар бир хабар – тарқатувчи учун ҳам, ундан фойдаланувчи учун ҳам масъулият. Алоқа воситалари ва ижтимой тармоқларга жойлаётган пост билан ё тўғриликни тарғиб қилиш, ёки одамларни чалғитиш мумкин.
Шундай экан, фейк ахборот тарқатиш оғир маънавий жиноятдир. Ҳар бир мусулмон бундай хатарли ҳолатдан ўзини ва бошқаларни сақлаши лозим.
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев