Cавол: Укол олиш билан рўза бузиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Замонамиздаги кўпчилик уламолар томирдан укол олиш рўзани бузади, дейишган. Чунки томирдан юборилган дори қон томир орқали жавфга – одамнинг ички аъзоларига тарқалади. Бу эса шариатимиз бўйича рўзани бузуилишига олиб келади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
"إنما الإفطار مما دخل وليس مما خرج" (رواه أبو يعلى الموصلى)
“Рўзанинг очилиши баданга кирган нарса сабабидандир, бадандан чиққан нарса сабабидан эмас”, деганлар (Абу Яъло ривояти).
Мушак (мускул)га қилинган укол эса ундай эмас. Яъни, игна орқали юборилган дори жавф – одамнинг ички органига етиб бормайди, балки мушак орқали таъсир қилади. шунинг учун мушакдан қилинган укол рўзани бузмайди.
Шундай бўлсада, баъзи уламолар эҳтиёт юзасидан мушак орқали қувват бўлувчи уколлардан тийилиб туриш кераклигини таъкидлайдилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ