Эр-хотин узоқ вақт бирга ҳаёт кечиришди. Турмушларига 30 йил тўлган куни аёл эрталабки нонушта учун нон пиширди. Аслида у бу ишини ҳар доим қиларди. Аёл одатига кўра эрига ноннинг тепа қисмини бермоқчи бўлди. Бироз ўйланиб турди-да: “Бугун бир марта ноннинг тепа қисмини ўзимга олиб, таг қисмини эримга бераман. 30 йил мобайнида ноннинг тепа қисмини егим келди. Энди бир марта одатга хилоф қилсам бўлар”, деб ўйлади. Эрига ноннинг таг қисмини узатди. Эрининг ноннинг таг қисмини олиши билан қувониб кетди: “Бугун қандай ҳам зўр совға бердинг. Мен ўзи ёшлигимдан ноннинг тагини ейишни яхши кўраман. Лекин менга устини берганинг учун сен ҳам таг қисмини яхши кўрсанг керак, деб доим тепа қисмини ердим”, деди.
Хулоса шуки, биргаликдаги ҳаёт давомида бир-бирини авайлаш, ўзи яхши кўрган нарсани бошқага ҳам илиниш жуда гўзал фазилатдир.
Рамазон ойида саҳарлик ва ифторлик пайтлари ширин таомлар тайёрлаб бераётган оналаримиз, жуфти ҳалолларимизнинг ҳақларига дуо қилайлик. Таровиҳлар, хатмлар сўнгида ўзимизга тилаган тилакларни уларга ҳам илинайлик! Зеро, ўзига раво кўрганини бошқага ҳам раво кўрмагунча иймонимиз комил бўлмаслиги ҳақида ҳадиси шариф бор.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмайди”, дедилар» (Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Акбаршоҳ Расулов
Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.
Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.
Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.
Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.
Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).
Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.
Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.
Илёсхон АҲМЕДОВ