ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рамазон – Қуръони карим нозил бўлган ой бўлгани учун, айнан Қуръони каримни бошқа ойларга нисбатан кўпроқ ўқиш тавсия қилинади. Зеро, Қуръони карим энг улуғ, энг афзал зикрдир. Бундан ташқари тасбиҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), истиғфор (Астағфируллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳам энг афзал зикрлар саналади. "Аллоҳ, Аллоҳ", деб юриш ҳам зикрнинг энг тилга осон кўринишидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бугун, 30 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманганга сафарлари давомида вилоят вакиллигининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этдилар.
Муфтий ҳазратлари вакиллик ходимлари ва ҳудуддаги диний соҳа вакилларини янги бино билан муборакбод этиб, бундай замонавий шароитлар ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар Президентимизнинг соҳага қаратаётган алоҳида эътибори натижаси эканини таъкидладилар.
Шунингдек, Шайх ҳазратлари бугун имом-хатиблар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, вакилликларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, 100 нафар Президент ҳожиси муборак сафарга юборилганини алоҳида эътироф этдилар. Сўнг ушбу эътибор ва имкониятларнинг қадрига етиб, янада фидокорлик билан меҳнат қилиш зарурлигини уқтирдилар.
Тадбирда сўзга чиққан сенатор, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов вакиллик аҳлини янги бино билан қутлаб, яратилган бундай муҳташам шароитлар Юртбошимиз томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган эзгу ислоҳотларнинг узвий давоми эканини алоҳида таъкидлади.
Йиғилиш давомида Диний идоранинг Наманган вилоят вакиллиги янги биносини барпо этишда алоҳида жонбозлик ва фидокорлик кўрсатган мутасаддилар ташаккурнома билан тақдирланди. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари томонидан вилоят вакиллигига автомашина совға қилинди. Ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган мутасаддилар ҳамда ҳомийлар ҳақига дуо қилинди.
Сафар асносида Муфтий ҳазратлари ва меҳмонлар вакиллик ходимларининг муносиб фаолият юритиши учун яратилган замонавий шарт-шароитлар ва қулайликларни кўздан кечириб, амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан мамнун бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати