Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ислом цивилизацияси маркази Қуръони карим зали экспозициясини ташкил этишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда, шунингдек, Қуръон қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали ўрин олади. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ота-онам мени мажбурлаб эрга бермоқчи, бола билан кўришдим ва кўнглим ғаш бўлиб қолди. Кейин истихора ўқишни бошладим ва барибир кўнглим юмшамади. Уйдагиларга тушунтирдим, лекин мени эшитишмаяпти. Мен қандай йўл тутсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда хотин-қизларни мажбурлаб эрга беришдан ман қилинган. Зеро, никоҳ икки томоннинг розилиги билан тузилади. Жувон бўлса, у билан очиқча гаплашилади, бокира бўлса, ундан изн сўралади. Бокира (розилик аломатлари билан) сукут қилса, бу унинг никоҳга изн бергани бўлади.
Барча фиқҳий манбаларимизда келин ва куёв ўз розилигини билдириши (ийжоб ва қабул) никоҳнинг асосий рукни экани баён қилинган. Келин-куёвдан бири никоҳга рози бўлмаса, никоҳ дуруст бўлмайди.
Ота-онанинг вазифаси эса фарзандини бойлик, мансаб ёки бошқа ғаразлар сабабли кўр-кўрона уйланиш ёки эрга тегишга мажбурлаш эмас. Балки фарзандига жуфт бўлаётган йигит ё қизнинг диёнати, хулқ-одобига ва касб-ҳунарига эътибор қилишдир.
Ўз ўрнида турмуш қураётган фарзанд ҳам ота-онасининг тавсиялари ўринли бўлса, қабул қилиши, қайсарлик қилмай уларнинг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланиши керак.
Хотин-қизларни мажбурлаб эрга бериш ҳолатларида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёлга никоҳ ё ажралишни танлаш ихтиёрини берганлари маълум. Ҳатто бир ҳолатда қиз камбағал йигитни, ота-она эса бой йигитни танлаганида, у зот қизнинг ихтиёрини устун қўйиб:
لم ير للمتحابين مثل النكاح
«Бир-бирини яхши кўрганлар учун никоҳдан яхшиси йўқдир", дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Валлоҳу аълам"
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.