Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Нававий (ваф. 676/1277-й.) раҳимаҳуллоҳ ўзининг ёзган асарлари билан Ислом илмлари, хусусан ҳадис ва фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшган йирик олим саналади. Ижтиҳод ва фатволари шофеъий мазҳабида мўътабар ва мўътамад ҳисобланганидек, ҳадис илмида ёзган асарлари ҳам соҳа уламолари наздида қадрли ва мавқеи баланд китоб ҳисобланади. Имом Нававийни “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ” асарини уламолар тарожимлар (олимларнинг ҳаёти ёритилган асарлар)да муаллифнинг муҳим таълифлари қаторида зикр қилишади.
Китобнинг тўлиқ номи: “Иршод туллаб ал-ҳақоиқ ила маърифати сунани хойр ал-халоиқ”. Бу китоб ҳадис илми ва мусталаҳига бағишланган асар бўлиб, Имом Нававий бу китобни ёзишда Ибн Салоҳ Шаҳрозурий (ваф. 643/1245-й.) раҳимаҳуллоҳни “Маърифат анваъи илм ал-ҳадис” китобини асос қилиб олганлар.
“Муқаддима” номи билан машҳур бўлган бу китоб ушбу мавзуда ёзилган ўзидан аввалги китобларни тўлдирувчи ва жамловчи ҳамда ўзидан кейинги китобларга асос ва таянч ҳисобланади. Яъни, “Муқаддима”дан олдин ҳам бу илмга бағишланган асарлар бўлган. Муҳаддислар ва ҳадис илми пешволари ўзларининг ҳадис тўпламлари ичида ёки алоҳида тарзда ҳадис турлари ва иллатлари баён қилинган асарлар ёзишган. Хатиб Бағдодий (ваф. 463/1071-й.) ва Имом Ҳоким (ваф. 405/1014-й.) каби уламолар ҳадис илмига аталган китоблар ёзишган бўлса ҳам, ундаги масалалар ва таърифлар бир жойда жамланмаган ёки тартибланмаган эди. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ эса аввалгиларнинг ишини камолига етказди. Имом Ҳокимнинг “Маърифат улум ал-ҳадис” асарида зикр қилинган 52 та навга зиёда қилиб китобларида ҳадис навларини 65 турга бўлиб баён қилди. Имом Нававийнинг “Иршод” асари ушбу “Муқаддима”нинг мухтасари ҳисобланади.
Муаллиф яшаган даврда Ибн Салоҳ раҳимаҳуллоҳнинг “Муқаддима”си жуда машҳур бўлган ва бу илмда асосга айланган эди. Имом Нававий “Иршод” асарини ҳадис илми ва усуллари билан узоқ шуғуллангандан кейин ёзади ва ҳадис илми истилоҳларини баён қилишда бор маҳоратларини ишга солади. Китоб муқаддимасида муаллифнинг ўзи бундай дейди: “Бу китобда “Муқаддима”ни мухтасар қилишни истадим ва бу орқали уни зикрини жонлантириш, бошқа манбалар қатори ундаги манфаатлардан ҳамма фойдалана олишини умид қиламан”.
Имом Нававий мухтасарда қўллаган баён услубини шундай изоҳлайди: “Китобдаги маълумотларни баён қилишда осон, енгил иборалар билан келтираман, ундаги муҳим ва муҳим бўлмаган қайдлардан бирортасини мазмунига халал етказмайман ва аксар ўринларда китоб соҳибининг иборасини келтиришга ҳаракат қиламан, фақат фойдали мақсадлардагина бошқа лафзлар билан алмаштираман, бир қатор далиллар ва мухтасар мисолларни ҳам зикр қиламан ва унга баъзи ўринларда кичик лафзлар, қўшимча ва тўлдирувчилар қўшаман”.
Дарҳақиқат, Имом Нававий китобида Ибн Салоҳни ибораларини сақлашга ҳаракат қилган ва кўпинча “قال الشيخ” (Шайх айтди) деб айтадилар ва бу билан Ибн Салоҳни назарда тутадилар. У киши қўшган зиёдалар бир неча жиҳатдан фойдали ва қийматли масалалар ҳисобланади. Бу жиҳатлар Имом Нававийни илмлари қанчалик юксак даражада эканини кўрсатади.
Замондош муҳаққиқ, ҳадис илмлари устози, асарнинг 2019-йилдаги замонавий-танқидий нашрини амалга оширган олим Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу афзалликлари билан мазкур китоб Имом Нававийнинг шахсан ўзи Иршодга ёзган мухтасаридан афзалроқ ҳисобланади. Сабаби, бу мухтасардан бирор шарҳсиз фойдаланиш ўқувчига қийинчилик туғдиради. Иршод китоби эса “Тақриб”да келтирилмаган фойдалари ва ибораси ҳам енгиллиги билан ажралиб туради”.
“Иршод”га ёзилган мухтасар асарнинг тўлиқ номи: “Ат-тақриб ва ат-тайсир ли маърифати сунан ал-башийр ан-назийр”. Ушбу асарга ҳам бир нечта шарҳлар ёзилган бўлиб, уларнинг ичида энг машҳурлари Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 902/1497-й.)нинг “Шарҳ ат-тақриб ва ат-тайсир” асари ва Жалолиддин Суютий роҳимаҳуллоҳ (ваф. 911/1505-й.)нинг “Тадриб ар-ровий” асаридир. Бу икки асар ҳам ўз бобида ёзилган машҳур ва мўътамад асарлардан саналади.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Нававийнинг асарлари кейинги уламолар учун асос бўлиб хизмат қилиши билан бирга уламолар ҳам бу китоблар устида кўплаб хизматлар қилишган. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин.
Муҳаммаджон ИСРОИЛОВ,
ТИИ магистратура талабаси