Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилояти Избоскан туманидаги бахтсиз ҳодиса рўй берган “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидини мутасаддилар иштирокида кўздан кечирдилар. Воқеа туфайли таъзияли бўлган хонадонларга ҳамдардлик билдирдилар. Қуръони карим оятлари ўқилиб, марҳумлар ҳақига бағишланди.
Сўнгги маълумотларга кўра, 31 март куни (https://t.me/muslimuzportal/40908) масжид таҳоратхонасида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида бир неча фуқаро ҳалок бўлиб, 10 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Ҳодиса натижасида таҳоратхона девор ва том қисмига зарар етган, ёнғин содир бўлмаган.
Муфтий ҳазратлари бошчилигидаги уламолар вафот этганларнинг жаноза намозларида, маърака-маросимларида ҳақларига дуолар қилишди. Марҳумларнинг яқинларига моддий-маънавий тасалли берилди. Тан жароҳати олиб, шифохоналарда муолажа олаётганларга тез фурсатда соғайиб кетишларини тиланди.
Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан моддий ёрдамлар берилди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка асосан моддий ёрдам пуллари ҳам тўлаш назарда тутилган. Масжиднинг талафот кўрган қисмини қайта тиклаш ишлари учун ҳам белгиланган тартибда маблағлар ажратилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Намозга “Aллоҳу акбар”, деб қулоқ қоқишда “Aллоҳу акбар” даги “р” га келганда икки қўлни бош бармоғи қулоқ юмшоғига тегизиладими? Шундай деб, эшитдим.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намозга киришда аввал икки қўлни юқорига кўтариб, бош бармоқларни қулоқнинг юмшоқ жойига тегизилади. Сўнг “Аллоҳу акбар”, деб, намозга киришилади.
Бу ҳақида Фақиҳ Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ бундай зикр қилганлар: “Икки кафтини ички тарафлари билан қиблага юзланади ва панжалари ёзади ҳамда қўлларини юқорига кўтаради. Қачонки, икки бош бармоғи икки қулоқларининг юмшоқ жойларига тегса, “Аллоҳу акбар” деб намозга шуруъ қилади.
Шамсулаимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳга кўра, барча машойихлар шунга иттифоқ қилганлар (“Муҳийт” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.