Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло: «Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин», деган (Наҳл сураси, 98-оят).
Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин, дейилмоқда.
«Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди, кишини Аллоҳнинг Китоби бўлмиш Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди, шайтоннинг васвасасидан сақлайди, бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради.
Худди шу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожибдир. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ t قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ بِاللَّيْلِ كَبَّرَ ثُمَّ يَقُولُ: سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، وَتَبَارَكَ اسْمُكَ، وَتَعَالَى جَدُّكَ، وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ، ثُمَّ يَقُولُ: اللهُ أَكْبَرُ كَبِيرًا، ثُمَّ يَقُولُ: أَعُوذُ بِاللهِ السَّمِيعِ الْعَلِيمِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ مِنْ هَمْزِهِ وَنَفْثِهِ وَنَفْخِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси намозга турсалар, такбир айтар эдилар ва сўнгра:
«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илааҳа ғойрук», дер эдилар.
Кейин эса «Аллоҳу акбару кабийро», ундан кейин «Аъузу биллаҳис-самийъил аълийми минаш шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи ва нафсиҳи ва нафхиҳи», дер эдилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Имом Термизий «Ушбу ҳадис бу бобдаги энг машҳур ҳадисдир», деганлар.
Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари санога ушбу дуони ўқишни ихтиёр қилганлар. Дуонинг маъноси:
«Аллоҳим! Сенинг Ўзингни поклаб ёд этаман ва Сенга ҳамду сано айтаман. Исминг муборак бўлди. Шаънинг олий бўлди. Сендан бошқа маъбуд йўқ».
У зот сўнгра:
«Аъузу биллаҳис самийъил аълийми минаш шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи ва нафсиҳи ва нафхиҳи», деб туриб, намоз қироатини бошлар эканлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи
асосида тайёрланди
Мадина шаҳри Ислом тарихида бир нечта номлар билан аталган. Улардан энг машҳурларидан бири “Тоййиба”дир.
Исломдан олдин шаҳар Ясриб деб аталган. Бу ном “айблаш” ва “ёмонлаш” каби маъноларни англатади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарга ҳижрат қилганларида, унга янги ном бердилар. У зот алайҳиссалом шаҳарни “гўзал” ва “покланган” маъносини англатувчи “Тоййиба” деб атадилар.
Шунингдек, Тоййибага яқин бўлган ва ўхшаш маънони англатувчи “Тоба” номи ҳам ушбу шаҳар учун ишлатилган.
Мадинада топилган VIII асрга оид қоятош ёзувида шаҳар Тоййиба номи билан аталган. Бу эса ушбу ном Исломнинг илк асрлариданоқ қўлланиб келинганини кўрсатади.
Тоййиба билан бир қаторда, шаҳар муайян тарихий жиҳатларини акс эттирувчи яна бир неча номлар билан ҳам танилган:
| Номи | Маъноси |
| Мадина | Шаҳар |
| Мадинату Набий | Пайғамбар шаҳри |
| Мадинаи Мунаввара | Мунаввар шаҳар |
| Дорул Ҳижра | Ҳижрат диёри |
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси