Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Май, 2025   |   10 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:40
Қуёш
05:12
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:31
Хуфтон
20:57
Bismillah
08 Май, 2025, 10 Зулқаъда, 1446
Мақолалар

Қуръон тиловати учун тил қандай покланади?

04.04.2025   6505   2 min.
Қуръон тиловати учун тил қандай покланади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин», деган (Наҳл сураси, 98-оят).

Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин, дейилмоқда.

«Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди, кишини Аллоҳнинг Китоби бўлмиш Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди, шайтоннинг васвасасидан сақлайди, бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради.

Худди шу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожибдир. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ t قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ بِاللَّيْلِ كَبَّرَ ثُمَّ يَقُولُ: سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، وَتَبَارَكَ اسْمُكَ، وَتَعَالَى جَدُّكَ، وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ، ثُمَّ يَقُولُ: اللهُ أَكْبَرُ كَبِيرًا، ثُمَّ يَقُولُ: أَعُوذُ بِاللهِ السَّمِيعِ الْعَلِيمِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ مِنْ هَمْزِهِ وَنَفْثِهِ وَنَفْخِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси намозга турсалар, такбир айтар эдилар ва сўнгра:

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илааҳа ғойрук», дер эдилар.

Кейин эса «Аллоҳу акбару кабийро», ундан кейин «Аъузу биллаҳис-самийъил аълийми минаш шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи ва нафсиҳи ва нафхиҳи», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Имом Термизий «Ушбу ҳадис бу бобдаги энг машҳур ҳадисдир», деганлар.

Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари санога ушбу дуони ўқишни ихтиёр қилганлар. Дуонинг маъноси:

«Аллоҳим! Сенинг Ўзингни поклаб ёд этаман ва Сенга ҳамду сано айтаман. Исминг муборак бўлди. Шаънинг олий бўлди. Сендан бошқа маъбуд йўқ».

У зот сўнгра:

«Аъузу биллаҳис самийъил аълийми минаш шайтонир рожийми мин ҳамзиҳи ва нафсиҳи ва нафхиҳи», деб туриб, намоз қироатини бошлар эканлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи
асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ғазаб чиқишининг олдини олувчи калима

07.05.2025   1581   2 min.
Ғазаб чиқишининг олдини олувчи калима

Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожиймдир», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди» (Тўртовлари ривоят қилишган).

Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин, дедилар (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.

Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди, деб қуйидагиларни айтди: Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин, дедилар (Абу Довуд ривояти).

Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур.

Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.

Руҳий тарбия китоби асосида тайёрланди