Абу Мансур Мотуридий калом илмига оид улкан илмий мерос қолдирган. Мутакаллим ўзи яшаган даврдаёқ замондошлари томонидан “Имомул ҳуда” – “Тўғри йўлга солувчи имом”, “Қудвату аҳлис сунна” – “Аҳлус суннанинг андозаси”, “Қолеъу абобилил фитна вал бидъа” – “Фитна ва бидъат тўдаларини ағдарувчи”, “Имомул мутакаллимин” – “Мутакаллимларнинг пешвоси”, “Рофеъу аъломиш шариъа” – “Шариат байроқдори”, “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидаларини тузатувчи” каби шарафли номларга сазовор бўлган.
Мотуридийнинг калом илмида юксак мартабаларга кўтарилиши, олимлар орасида қадр-қиммат топишида у шаклланган илмий муҳитнинг ўрни катта бўлган. Жумладан, IX-X асрларда Мовароуннаҳр ва мусулмон дунёси мамлакатларида яшаган устозлар олимнинг юксак малакали бўлиб шаклланишига ижобий таъсир кўрсатган. Жумладан, Абу Наср Аҳмад Иёдий ҳамда Абу Бакр Жузжонийнинг хизматлари катта экани таъкидланган.
Олимнинг илмий фаолиятига таъсирини ўтказган ва шаклланишига таъсир кўрсатган устозлари мавзуси ҳали илмий ўрганилиши лозим. Чунки ўрта аср манбаларининг камлиги сабабли улар ҳақидаги маълумотларни жамлаш қийин кечмоқда. Масалан, Нусайр Балхий билан Муҳаммад Розий олимнинг устозлари сифатида зикр этилган маълумотлар мавжуд. Лекин Абу Муин Насафий уларни самарқандлик олимлар қаторига қўшмайди. Мотуридийшунос олим Ульрих Рудольфнинг таъкидлашича, Мотуридий билан боғлиқ бирор асарда уларнинг номи учрамайди.
Манбалар Абу Бакр Жузжонийнинг Абу Мансур Мотуридийнинг биринчи устозларидан эканини таъкидлайди. Олимнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларга эга манбалар жуда кам сақланиб қолган.
Абу Бакр Жузжоний Мовароуннаҳр, хусусан, Самарқанддаги ҳанафий мазҳаби фиқҳий мактаби ривожи ҳамда тараққиётига муҳим ҳисса қўшган. Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” асарида келтирилишича, Абу Бакр Жузжоний машҳур олим Абу Сулаймон Жузжонийдан таълим олди, сўнг Самарқандга келиб, илм ва ғояларини ёйиш билан машғул бўлди. Кейинчалик Самарқандда Абу Муқотил Самарқандий, Абу Бакр Самарқандий каби йирик илоҳиётчи олимлар кенг қамровли фаолият олиб борди. Жумладан, Абу Муқотил Самарқандий бу ерда машҳур “Китобул олим вал мутааллим” – “Олим ва шогирд китоби”ни яратади.
Мавжуд манбаларнинг маълумот беришича, олим усул ҳамда фуруъ борасида ўз замонасининг етук мутахассисларидан саналган. Классик манбаларда, жумладан, Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла”, Ибн Абил Вафонинг “Жавоҳирул мудиъа фи табақотил ҳанафия” – “Ҳанафий олимларнинг табақаси ҳақида нур таратувчи жавоҳир”, Муҳаммад Абдулҳайнинг “Фавоидул баҳия фи тарожимил ҳанафия” – “Ҳанафий олимларнинг биографияси ҳақида ёрқин фойдалар” асарларида Абу Бакр Жузжонийнинг иккита асар ёзгани кўрсатиб ўтилган. Биринчиси “Китобут тавба” – “Тавба китоби” Мовароуннаҳр ва қўшни ҳудудларда кенг шуҳрат топган. Ушбу асар машҳур олим Абул Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин” – “Ғофилларни уйғотиш” асарига ўхшаган насиҳатнома, панднома мавзусидаги асар бўлиб ҳисобланган.
Олмон олими Ульрих Рудольфнинг “Мотуридий ва Самарқанддаги суннийлик илоҳиёти” номли китобида таъкидланишича, Абу Бакр Жузжоний том маънода мутакаллим бўлмасада, лекин Абу Мансур Мотуридий ҳанафий мазҳаби таълимоти ҳамда моҳиятини айнан ундан ўрганган. Шу нуқтаи назардан ҳам у Мотуридий илмий муҳитининг шаклланишига сезиларли ҳисса қўшган деб саналади.
Абу Мансур Мотуридий илмий муҳитининг шаклланишида Абу Наср Иёдий (ваф. 277/890 й.)нинг хизмати ҳам катта. Мовароуннаҳрнинг кўпгина йирик олимлари Абу Наср Иёдий фаолиятини жуда юқори баҳолашади, қомусий илмига алоҳида урғу беришади. Абул Мутеъ Насафий олимни тавсифлаб, Абу Наср Иёдий илм соҳасида тубсиз баҳри уммонга монанд эди, деб ёзади. Шунингдек, у йигирма ёшида тенгдошларидан билим борасида анчагина илгарилаб кетган бўлиб, ақлу заковатининг ўткирлиги, сабр-тоқати, ўта синчковлиги билан мунозарага кирувчи ҳар қандай одамни асосли жавоби, Қуръони каримдан келтирган далиллари билан танг қолдирар эди, деган мазмундаги маълумот келтирилади.
Абу Наср Иёдий буюк аллома сифатида нафақат ўзининг устида мунтазам ишлади, билимларини бойитди, балки илм тарқатиш, шогирдлар тайёрлашга ҳам катта эътибор берди. Абу Мансур Мотуридий билан бир қаторда Ҳаким Самарқандий, Абу Аҳмад Наср Иёдий, Абу Бакр Муҳаммад Иёдий каби олимлар ҳам Абу Насрнинг шогирд, яқин мухлисларидан бўлган. Абу Наср Иёдийнинг илоҳиёт борасидаги фаолиятида бир неча муҳим ўринларни таъкидлаб ўтиш жоиз. Олим ўз даврида пайдо бўлган турли оқимларга нисбатан жуда эҳтиёткор муносабатда бўлди. Абу Наср Иёдий Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобаларига ҳурмат билан қаради ва уларни турли бўҳтонлардан доимо ҳимоя қилди. Ҳожи Халифанинг ёзишича, унинг “Сайфул маслул ала ман сабба асҳобар расул” – “Пайғамбар саҳобаларини ҳақорат қилувчиларга қарши яланғочланган қилич” асари айнан ана шу мақсадни кўзлаб ёзилган. Шунингдек, Абу Наср Иёдий Аллоҳнинг сифатларига бағишланган асар ҳам яратди. Унда турли йўналишлар, жумладан, мўътазилийларнинг фикрини кескин муҳокама қилди. Абу Наср Иёдий Мовароуннаҳрдаги мавжуд ҳанафий мазҳабига хос калом илми бўйича асар яратган илк муаллифлардан бири саналади. Чунки асар илмий рисола тарзида бўлиб, унга қадар кенг халқ оммасига мўлжалланиб ёзилган асарлардан фарқ қилган. Ва айнан Абу Мансур Мотуридий Абу Наср Иёдийдан диний, илоҳий масалалар борасида фақатгина тасаввурларни бериш билангина кифояланмади, балки бундай мунозараларда ақлу заковатга ҳам суяниш лозимлигини таъкидлаб, инсондаги “афъоли ихтиёрийга” ишора қилди.
Мотуридий таълимотининг шаклланиши, илмий жиҳатдан бойитилиши, кейинги авлодлар томонидан энг ҳаётий низом сифатида қабул қилинишида аллома тарбиялаган олим-шогирдларининг хизматлари катта. Абу Мансур Мотуридий илмий муҳитининг ривожи ва унинг бошқа ҳудудларга тарқалишига илмий асарлари билан ижобий таъсир кўрсатишди.
Абу Мансур Мотуридийнинг дастлабки шогирди мутакаллим Абу Наср Иёдийнинг фарзанди Абу Аҳмад Наср ибн Аҳмад Иёдийдир. Абу Аҳмад илоҳиёт илмини дастлаб отаси, сўнг Абу Мансур Мотуридийдан ўрганди. Калом бўйича юқори илмий салоҳияти билан олимлар орасида шуҳратга сазовор бўлди. Абу Ҳафс Бухорийнинг маълумотига кўра, Абу Аҳмад ҳақиқатгўйлиги сабаб ҳанафий мазҳабига ёд фикр ва хулосаларнинг киритилишига йўл қўймади. Шу тариқа мазҳаб софлигини сақлашга чин дилдан хизмат қилди. Ҳаким Самарқандий ҳам олимни таърифлаб, Абу Аҳмад Хуросон ҳамда Мовароуннаҳрдаги энг етук олимлардан эди, деб ёзади. Абу Аҳмад муътазийлар билан кескин баҳслар олиб борди ва унинг бу борадаги фикрлари устози Абу Мансур Мотуридий қарашлари билан ҳамоҳанг эди. Абу Аҳмаднинг ҳаёти, илмий мероси ҳақида Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобида муҳим маълумотлар келтиради.
Ўрта асрларга оид манбаларга кўра, Абу Аҳмад Абу Мансур Мотуридий таълимотининг кейинги асрлардаги ривожига улкан ҳисса қўшган. Устоз-шогирдлик анъанасининг узвийлиги илоҳий таълимотнинг ривожланиши ва кенг тарқалишига катта ҳисса қўшди. Айниқса, Абу Аҳмаднинг шогирди Абу Салом Муҳаммад ибн Муҳаммад Самарқандийнинг мазкур таълимот ривожланиши ва тарқалишида катта улуши бор. Тахминан Х асрда яшаб ижод этган бу олимнинг “Жумал усулид дин” – “Дин асослари мажмуи” номли асари давримизга қадар етиб келди. Мазкур асарнинг қўлёзмаси Истанбулдаги Сулаймония қўлёзмалар хазинасида сақланади. Қўлёзманинг матни 1989 йили Истанбулда нашр этилган. Ульрих Рудольфнинг ёзишича, асар Мотуридийдан сўнг Самарқандда битилган анъанавий илоҳий асарлар услубидан фарқ қилсада, Абу Мансур Мотуридий ғояларига тўлиқ мос келади. Абу Салом замондоши Абул Лайс Самарқандийнинг услуби каби ҳанафий мазҳабининг анъанавий услубини янги поғонага олиб чиқди ҳамда Мотуридий илгари сурган ғояларни ривожлантирди. Ақидавий мактабни устози услубида давом эттиришга хизмат қилди. Шу сабабли, унинг “Жумал усулид дин” асари мотуридийлик анъаналари давом эттирилган, давримизга қадар етиб келган энг дастлабки, илк илмий манбалардан бири ҳисобланади.
Мотуридийлик илмий муҳитининг ривожига Абул Ҳасан Али ибн Саъид Рустуғфоний (ваф. 350/961 й.) ҳам катта ҳисса қўшди. Олим Мотуридийнинг шогирдларидан бири бўлиб, у Самарқанд яқинидаги машҳур Рустуғфон қишлоғида дунёга келди. У Мотуридийнинг энг кўзга кўринган, илмий баҳсларда мустақил, эркин фикрлари билан фаол иштирок этадиган шогирдларидан ҳисобланди. Олимнинг нисбаси манбаларда Рустуфғоний, Рустуғфоний, Рустуфағний кўринишида учрайди. У ўз устози Абу Мансур Мотуридий билан айниқса, ижтиҳод масаласида кескин баҳслар олиб борди. Ибн Абул Вафонинг “Жавоҳирул мудиъа фи табақотил ҳанафия” асарида кўрсатилишича, Абул Ҳасан фиқҳ бўйича ҳам билимдон олимлардан бири эди. Манбалар фиқҳ, илоҳиёт илмларини мукаммал эгаллаган Абул Ҳасан Рустуғфонийнинг тўрт асар ёзгани ҳақида хабар беради. Биринчиси, олимнинг фатволари йиғиндиси “Фатава Рустуғфоний” – “Рустуғфоний фатволари”. Олимнинг турли энциклопедик луғатларда номи келтирилган иккинчи асари “Китобул хилоф” – “Мунозаралар китоби” эса ҳозирга қадар топилмаган.
Калом илмига бағишланган энг асосий ҳамда муҳим асари “Китоб иршодул муҳтадий” – “Тўғри йўлдан юрувчига қўлланма” деб номланади. Ибн Қутлубуғанинг “Тожут тарожим” – “Биографиялар тожи”, Муҳаммад Абдул Ҳайнинг “Фавойидул баҳия фи тарожимил ҳанафия” асарларида “Иршодул муҳтадий”га катта эътибор берилди ва юқори баҳоланди. Абул Ҳасан ўрта аср олимларига эргашган ҳолда уларнинг ижодига хос қомусий асар ёзиш йўлидан бориб, илмлар таснифигабағишланган “Китобуз завойид вал фавойид” – “Қўшимчалар ва фойдалар китоби” асарини яратган. Ушбу силсилага Абу Зайд Балхийнинг “Ақсомул улум” – “Илмларнинг қисмлари”, Ибн Фаруғнинг “Жавомиул улум” – “Илмларнинг жамловчилари”, Хоразмийнинг “Мафотиҳул улум” – “Илмларнинг калитлари” асарларини киритиш мумкин. Бундай асарнинг ҳанафий мазҳабидаги олим, Мотуридийнинг шогирди томонидан яратилиши унинг ҳар томонлама етуклигидан далолат беради. Бу эса Х асрда Мотуридий таълимоти ва ғояларининг ёйилиши, шунингдек, ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрдаги ривожига улкан ҳисса қўшди.
Абдул Карим Паздавий (ваф. 390/999) ҳам Абу Мансур Мотуридий илмий муҳитининг шаклланишига сезиларли таъсир кўрсатди. Мотуридийнинг шогирди сифатида Мотуридийлик таълимоти ҳамда асарларининг ёйилишида катта аҳамият касб этди. Абдул Карим Паздавийнинг ҳаёти ва асарлари ҳақида жуда кам маълумотлар етиб келган. Унинг номи “Китобул олим вал мутааллим” асарида учрайди. Бу асар матнини Паздавий Муҳаммад Насафийга етказди. Ибн Абул Вафо ҳамда Лакнавийларнинг таъкидлашича, Абдул Карим Паздавий Абу Мансур Мотуридийнинг яқин шогирдларидан ҳисобланади. Абдул Карим Паздавий ўзидан кейин илм майдонига чиққан илоҳиётчи олимлар сулоласи – Паздавийларга тамал тошини қўйди. Абу Мансур Мотуридийнинг издошлари номини олган машҳур Абул Юср Паздавий (ваф. 493/1100 й.), Фахрул ислом Абул Ҳасан Паздавий (ваф. 482/1089 й.) шулар жумласидан ҳисобланади. Улар мотурудия таълимотининг давомчилари сифатида ақида илми ривожида муҳим ўрин эгаллашган. Абул Юср “Усулуд дин” – “Дин асослари” номли асарида бобоси Абдул Карим Паздавийнинг номини фахр билан тилга олади ва Абу Мансур Мотуридий ҳақидаги маълумотлар ўз оиласида авлоддан авлодга ўтиб келаётганини таъкидлайди. Шубҳасиз, Абдул Карим Паздавий Мовароуннаҳрдаги калом соҳасида мавжуд устоз ва шогирдлик илмий муҳити анъанасининг ривожига катта хизмат қилди.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти, илмий мероси, мотуридийлик илмий муҳитининг шаклланишига хизмат қилган устоз ҳамда шогирдлари ҳақидаги манбаларни излаб топиш, уларни таржима килиб илмий муомалага киритиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Маданий мерос агентлиги зиммасига хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг ҳаёти, илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этиш вазифаси юкланган.
Зоҳиджон Исломов,
филология фанлари доктори,
профессор, Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ЎзА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».
Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.
Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.
Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.
Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.
Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:
«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.
Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан